13.02.2023
198

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг хокими Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келган. Унинг отаси Умаршайх Мирзо соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли султон Мироншоҳнинг невараси бўлган. Покистонлик тарихчи олим Наршахи Ориф томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Умаршайх Мирзонинг устози машҳур мутассаввуф олим Ҳожа Аҳрор Валий бўлган. Шу сабабли, Умаршайх Мирзо биринчи ўғил фарзандига исм танлаб беришни айнан устозидан илтимос қилган. Дунёга келган чақалоққа Ҳожа Аҳрор Валий ҳазратлари томонидан Заҳириддин Муҳаммад исми берилган. “Заҳириддин” исми араб тилида “диннинг ҳимоячиси”, деган маънони англатган. Кейинчалак Заҳириддин Муҳаммаднинг довюраклиги учун уни “Бобур”, яъни “шер” лақаби билан исмга қўшимча нисба билан чақирадиган бўлишади. 

Ёш темурийзода сифатида Бобур ўша даврда Марказий Осиё ва Хуросон ҳудудларида унинг қариндошлари ўртасида ҳокимият учун кураш гувоҳи бўлган. Мамлакат миқёсида ҳукм сурган можароларга қарамай, Бобур ёшлигидан адабиёт, санъат, табиат гўзаллигига меҳр қўйган эди. У барча темурий шахзодалар каби бу илмларни отасининг саройида, ўз замонасининг етук уламолари раҳбарлигида эгаллаган. Уларнинг қаторида Мавлоно Муҳаммад Қози сингари улуғ аллома ҳам бўлган. Ушбу олим Нақшбандия тариқати шайхлари силсиласида ўша замондаги кўзга кўринган ва энг ҳурматли вакили Хожа Аҳрор Валийнинг (1404—1490) энг яқин муридларидан бири ва ўз навбатида Махдуми Аъзам Даҳбедий номи билан машҳур бўлган шайх Аҳмад Ҳожагий ибн Жалолиддин Косонийнинг (1464—1542) устози бўлган. 

Таъкидлаш лозимки, Бобурнинг беташвиш болалик даври узоққа чўзилмади. 12 ёшида отасидан айрилади ва шахзода сифатида тахт масаласидаги курашларга қўшилишга мажбур бўлади. Бобур курашларда зафар қучиб бир муддат Андижон ва Самарқандда ҳукмронлик қилди. Аммо, 1504 йилда Муҳаммад Шайбоний томонидан Андижон ва Самарқанд тўлиқ қўлга олинганидан сўнг жанубга ҳозирги Афғонистон ҳудудларига кетишга мажбур бўлади. 1504 йилда Қобулни эгаллайди. 1527 йилда эса Бобур Ҳиндистонни эгаллаб, кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Хиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солади. Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, Ҳиндистон ерларини бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқ масалаларини тўғри йўлга қўйиш, боғ-роғлар яратиш ишларига ҳомийлик қилди. Ҳиндистонни ободонлаштириш, унда ҳозиргача машҳур бўлган меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар, карвонсаройлар қурдириш, айниқса, унинг ўғиллари ва авлодлари даврида кенг миқиёсга ёйилди. Ҳиндистон санъати ва меъморчилигига Марказий Осиё услубининг кириб келиши сезила бошлади. Бобур ва унинг ҳукмдор авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий-руҳий муҳит вужудга келди.

Бобур Ҳиндистон тарихида илмли давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, “Бобурнома” асари орқали жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг томонидан битилган рубоийлар эса туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари сифатида қабул қилинди. 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан 1521 йилда “Мубаййин” номли диний-маърифий асар ёзилган бўлиб, унда ислом шариатининг 5 устуни баён этилган. Асарнинг тўлиқ номи “Мубаййину-л-ислом” яъни “Ислом динини баён қилувчи”дир. Шунингдек, закот солиғига бағишланган “Мубаййину-з-закот” (Закот ҳукмларини баён қилувчи) китоби ҳам маълум. Унинг қаламига мансуб “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” каби илмий асарлари эса ҳануз топилмаган.

Бундан ташқари, Бобур туркий фонетикага доир “Хатти Бобурий”ни тузган. “Хатти Бобурий” Заҳириддин Муҳаммад Бобур рисоласи ва шу рисолада илгари сурилган хат тури бўлиб, араб алифбоси асосида тузилган эди. Бу алифбодан баъзи жиҳатлари билан ажралиб туради. Аммо, у ҳам араб алифбоси сингари 29 ҳарфдан иборат. Рисолада Бобур араб алифбосини таҳрир қилиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш йўлидан борди ва шу мақсадда уни туркий тилнинг талаффуз меъёрларига мослаштиришга ҳаракат қилди. “Хатти Бобурий” билан муқаддас Қуръони карим ҳам кўчирилган ва у “Мусҳафи Бобурий”, деб аталган.

Шунингдек, Бобур бадиий таржималар билан ҳам шуғулланган. У Ҳожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” (Ота-оналар рисоласи) диний-фалсафий асарини шеърий кўринишда таржима қилган эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг динга бўлган муносабатини ҳиндистонлик тарихчи олим Лахман Сатъя қуйидагича таърифлаган: “Ҳиндистондаги ҳукмронлиги даврида Бобурнинг динга бўлган ҳурмати ниҳоятда катта эди. У доим ибодатда, Рамазон ойларида эса рўзадор ҳолатда юрган. Бобур кўплаб масжидлар қурди. Бева ва мискинларга закотлар ажратишни назорат қилди ҳамда Ҳиндистондаги диний ҳилма-хилликни эътиборга олиб, барча ишда бағрикенглик сиёсатини тутган камдан-кам ҳукмдорлардан биридир”. Инглиз олими Уильям Эрскин эса унинг шахсияти ҳақида: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур саҳовати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди”, деган таърифни айтган.

Таъкидлаш лозимки, Бобур ҳам шеъриятда, ҳам давлат ишларида инсон ва унинг қадрини юқориларга кўтариб, унга улкан ҳурмат ила муносабатда бўлган. У инсонпарварлик ғояларига зид бўлган барча нарсага қарши чиққан истеъдодли давлат раҳбари ва атоқли шоир сифатида тарихда муҳрланиб қолди. Шу сабабли, унинг ижодини асраб авайлаш, келажак авлодга етказиш миллатидан қатъий назар барча ёш авлоднинг зиммасидаги улкан вазифалардан бири бўлиб қолади.  

Улуғбек Жўраев,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази илмий ходими

 

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry