02.02.2023
425

ҲАДИС ИЛМИНИНГ ОЛТИН АСРИ

 

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим яшаб, илмий фаолият билан шуғулланган давр ҳадис илми тарихида олтин аср, деб тан олинган. Бу даврда ҳадис илми ривожланиб энг юқори чўққисига чиқди. Бунда Имом Бухорий ва Имом Муслим хизмати беназир бўлиб, улар ҳадисларнинг ишончли деб тан олиниши учун олдинги олимлар қўйган шарт ва талабларга қўшимчалар киритиб, мукаммаллаштирдилар. 

“Саҳиҳ” ҳадисларни жамлаб ёзган асарлари уларгача ёзилган барча ҳадис тўпламларидан ўзига хос усул ва услуби билан ажралиб туради. Ушбу икки “саҳиҳ” тўпламни ислом умматининг бутун олимлари Қуръони каримдан кейинги ишончли китоб сифатида тан олдилар. Шунингдек, бу икки тўплам “саҳиҳайн” номини олди. Бирор бир ҳадисни “шайхон” ривоят қилган дейилса, бу Имом Бухорий ва Имом Муслим “саҳиҳ” тўпламларида келтирилганлиги тушунилади. 

“Саҳиҳайн”нинг ўзига хос афзаллиги шундаки, Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим фақатгина “саҳиҳ” ҳадисларни жамлаб ёзишни мақсад қилиб олган эдилар. “Саҳиҳайн”дан олдинги асарлар муаллифлари эса, ҳадисларни “саҳиҳ” бўлишини шарт қилмаганлар. “Саҳиҳ” ҳадисни танлаб жамлаш соҳасида “саҳиҳайн” энг мукаммал ва энг муътабар саналади. Имом Бухорий ва Имом Муслим бу соҳани асосчилари саналадилар. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан кейинги олимлар уларни изларидан бориб, улар қўйган шарт ва талаблар асосида ҳадисларни жамлашга интилганлар. “Саҳиҳайн” асарида қўйилган умумий шарт ва талаблар муҳаддис олимлар тарафидан якдил тан олинган.

Ҳадис бир-биридан фарқли иккита мустақил қисмдан ташкил топади. Булар: 1. Санад. 
2. Матн.

Санад – бир киши бошқа бир кишидан ўрганган бўлиб ва нақл қилиш шарти билан ҳадисни ривоят қилган кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача тартибга келти­рилган қисмдир. Ҳадисни нақл қилган ровийлар исмининг занжиридир. Ҳадис бизларга кимлар воситаси билан етиб келганини билдирувчи белгидир. Санадда жой олган ҳар бир шахс ровий дейилади. Санад деб аталган, ровийлар занжирини зикр қилишга, яъни сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача олиб боришга иснод дейилади. Ровийларнинг ҳадисларни нақл қилишларига ри­воят дейилади.

Санад ҳадисни тўғрилигини текшириш жиҳатидан жуда муҳимдир. Санад ҳадис матнини манбага бўлган нисбатини исботловчи далилдир. Ҳадис илмида санадни зикр қилиш тизимининг ривожланиши жавобгарлик ҳисси натижасида келиб чиққан. Бунинг маъноси ҳадис матнини нақл қилганларни татқиқ ва танқид қилишга йўл очади. Бу илмий тарз бўлиб, ўз-ўзига ишончнинг белгисидир. Бундан шуни тушуниш мумкин, исноднинг аҳамияти икки жиҳатда маълум бўлади. Биринчиси ҳадиснинг тўғри ва ишончли эканлигини аниқлаш ва исботлаш учун замин ҳозирлайди. Иккинчиси ривоят сохтакорлиги олдини олиш, яъни ҳадис ривоятини аҳли бўлмаган ровийлар ривоят қилишини олдини олишдир. Ҳадисни “саҳиҳ”лик даражаси пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган боғлиқликдадир. Бу эса, фақат ва фақат санадни ўрганиш билан аниқланади.

Матн – ҳадис тузилишидаги асосий қисм бўлиб, ҳадиснинг аслини билдиради. Матн санадни якунловчи сўзли қисмдир. Аслида ҳадис матндан иборат бўлади. Санад эса, матнни Расулуллоҳ (с.а.в.)га тегишли ёки тегишли эмаслиги мавзусида изланишлар олиб бориш имконини берувчи ровийлар занжиридир. 

Санад ва матндан кўриниб турибдики, ҳадисни ривоят қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Ривоят луғатда “ташимоқ”, “нақл қилмоқ” маъноларини билдиради. Ҳадис истилоҳида ривоят ҳадисни таҳаммул (ҳадисни олиш, ўрганиш) қилиш ва уни адо (усули бўйича нақл қилиш) қилишдир. Бунга ҳадисни ўрганиш ва ўргатиш ҳам дейилади. Ўрганишга ҳамл-таҳаммул, ўргатишга эса нақл-адо дейилади. Қисқача айтганда, ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисла­рини иснод билан нақл қилишдир.

Ривоят таълим-тарбия фаолияти бўлганлиги учун ўзининг маълум усуллари, одоб ва шаклларига эгадир.

Ҳадис ўқувчисининг одоблари:

Яхши ният ва ихлосли бўлиш. Ҳадис ўқувчисининг ҳадис билан машғул бўлишидан мақ­сади фақат Аллоҳ ризолигини қозониш бўлиши керак.

Ҳадис аҳлидан бўлишга ҳаракат қилиш. Ҳадис ўқувчиси бутун ғайрат ва имконият­ла­рини сафарбар этиб, бу илмни илмига амал қиладиган тақводор устозлардан ўрганишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун керак бўлса, узоқ ва машаққатли сафарларга чиқиш зарур. 

Ўрганганларига амал қилиш. Қуръони каримда билган нарсаларига амал қилмаган­ларни китоб ташиган эшакларга ўхшатилган.

Устозни ҳурмат қилиш. Ҳадис ўқувчиси ҳадисга бўлган ҳурмат ва одобидан келиб чиқиб устозларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиши керак.

Ўртоқларига ёрдамчи бўлиш. Ким билган нарсаларини ўзида сақлаб шу билан бошқалардан устун бўлишни хоҳласа, у билганларидан фойдалана олмайди.

Тадрижий бир услубда ўқиш. Илмда асос бўлган тартиб билан режали шаклда 
ўрганиш керак.

Ҳадис усулига аҳамият қаратиш. Ўқувчи ўрганган ҳадисларидан фақатгина мукаммал усул билимига эга бўлгандагина фойдаланади. Бунинг учун мўътабар ва машҳур усул китобларидан истифода қилиши керак.

Ҳадис устозининг одоблари:

Яхши ният ва мукаммал ахлоқ соҳиби бўлиш. Ҳадис илмидан таълим берувчи устоз исломий ахлоқ ва маданият эгаси бўлиши керак.

Ҳаддини билиш. Илмда ёшга қаралмайди, балки бошга қаралади. 

Ўзидан илмли бўлганларга ҳурмат кўрсатиш. Илмли бўлган одамнинг олдида сукут 
сақлаши лозим.

Чалкаштириш эҳтимоли бўлганда ривоят қилиш ва ўқитишни тарк этиши лозим.

Ҳадис ва ҳадис мажлисларига аҳамият бериш. Жуда диққатли ва эътиборли бўлиши керак.

Китоб ёзиш ва бошқа илмий фаолиятлар билан машғул бўлиш. Устоз ўз даврининг эҳтиёжлари жавоб бўладиган ҳамда муаммоларини ҳал қиладиган илмий фаолият билан 
шуғулланиши лозим.

Ҳадиснинг диндаги ўрни ва аҳамиятини идрок қилган мусулмонлар уни қайси йўл билан ўрганган эканлигини аниқлашга бутун диққат-эътиборни қаратганлар. Улар ўрганиш йўлларини алоҳида-алоҳида терминлар билан ифодалаганлар. 

Ҳадис таҳаммул ва адо йўллари саккизта бўлиб, муҳимлиги жиҳатидан шундай тартибда бўлади: эшитиш, қироат, ижозат, топшириш ва тақдим қилиш, ёздириш ёки ёзиб бериш, билдириш, васият, топиш-олиш. 

Эшитиш – устоз ёддан ёки ёзилган матндан ўқиб беришлик билан ривоят қилиши, ўқувчи эса уни устозидан ўз қулоғи билан эшитиб бу ривоятни олишидир.

Қироат – устоз ҳузурида талаба ёддан ёки қўлидаги китобдан ҳадис ўқиб беради. Устоз уни диққат билан тинглайди, керак бўлганда тўғрилайди. Бу йўл билан ўқувчи ҳадисларни устозидан олган бўлади. Бу усулга қироат дейилади.

Ижозат – устоз талабасига эшитганларини ёки китобларини ривоят қилишда рухсат беришига айтилади. Ижозат сўз ёки ёзув билан бўлади.

Топшириш ва тақдим қилиш – ўзидан нақл ва ривоят қилиши учун устоз ўқувчисига бир китоб ёки ёзилган бир матн беришига айтилади.

Ёздириш ёки ёзиб бериш – устоз ҳадисларидан бир қисмини ёки барчасини ёзиб ёхуд ёздириб ўқувчисига бериши ёки юборишига айтилади.

Билдириш – устоз ўқувчисига ижозатдан сўз очмасдан маълум бир ҳадис ёки ҳадис китоби учун фақатгина “менинг ривоятим будир”, деб изоҳ бериши ёки ривоят қилиш ҳақига 
эгалигини айтиш.

Васият – вафот этиш ёки сафарга чиқмоқчи бўлган устоз ривоят қилишдан сўз очмасдан китобини ўқувчиларидан бирига васият қилишидир. 

Топиш-олиш – бир киши ёзма бир рисола ёки китоб топиб олиши ва қўлга киритишига айтилади.

Бехзоджон Рўзалиев, 

Исломшунослик ва ислом цивилизациясини 

ўрганиш ICESCO кафедраси ўқитувчиси

 

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

03.05.2023 06:40
Хадисономанинг яаратилиши ва хадиснома хакида кенгрок маълумотлар ёоритилса яахширо булар эди аввалом бор узур
Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry