27.12.2022
186

ЭЛУ ЮРТГА ҲАМДАМ БЎЛИБ ЯШАШ САОДАТИ

Жорий йилнинг 20 декабрь санаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига мурожаатномаси бўлиб ўтган кун сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. 2017 йилдан анъана тусига кирган мурожаатномада мамлакат раҳбари томонидан давлат бошқарув тизими, ижро ҳокимияти, ижтимоий соҳадаги энг долзарб йўналишларни қамраб олган масалалар, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда давлат органларининг масъулиятини янада ошириш бўйича вазифалар, фуқаролар фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган истиқболли режалар ҳақида нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамиятига ҳам эълон қилинади. Шунингдек, мурожаатномада мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида йилга махсус ном ҳам берилади. Шу нуқтаи назардан, мазкур мурожаатнома юртимиз тараққиёти йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат десак, муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу дастуриламал ҳужжат давлат бошқарувининг олий органи бўлган Олий Мажлис билан бир қаторда, Ўзбекистон халқига ҳам қаратилгани унинг аҳамияти нақадар юқори эканини кўрсатади. Бу мамлакатда демократик фуқаролик жамиятини қуриш жараёни янги босқичга кўтарилаётгани, шунингдек, давлат раҳбарининг халққа бўлган ишончи, жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги туб ислоҳотларни халқ билан бирга амалга оширишга интилишини намоён этувчи муҳим омилдир.

Мурожаатноманинг аввалида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, жамият тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар атрофлича таҳлил қилиниб, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини ислоҳ қилиш ташаббуси билдирилди.

Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши кераклиги алоҳида урғуланди. Президентимиз Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, ёшларнинг таълим-тарбиясига оид масалалар давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан экани таълим муассасаларига эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Жумладан, давлат раҳбари 2023 йилда 70 та янги мактаб қуриш, 460 та мавжуд мактабни кенгайтириш, хусусий инвестиция маблағлари ҳисобидан 100 та мактаб барпо этиш ҳамда кейинги беш йил ичида бундай мактаблар сонини мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади. Айниқса, ўрта махсус таълим тизимига Европа касбий таълим стандартларининг татбиқ этилиши юртимизда таълим сифатини ҳар томонлама оширишга хизмат қилади. Бинобарин, мазкур тизимда амалга оширилиши режалаштирилаётган кенг кўламли ишлар жамият тараққиётида таълимнинг ўрни ва аҳамиятига қанчалик улкан эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинлашиб келаётган 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш ҳақидаги таклифи бутун ўзбек халқи томонидан илиқ кутиб олинди. Бу эса, ўз навбатида, барча давлат органларининг асосий иш фаолияти инсон қадрини янада юксалтириш ҳамда юртимизда таълим сифатини тубдан ўзгартиришга йўналтирилишини англатади. 

2023 йилда мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтар экан, Президент Шавкат Мирзиёев олдимизда турган бир қатор долзарб вазифаларга доимий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини халққа етказиш, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий каби ислом цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини чуқур ўрганиш, тўғри йўлдан адашиб, турли бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолган шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга қайтариш юзасидан билдирилган таклифлар мамлакатда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳамда мутлақо янги босқичга кўтариш учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши муқаррар. Хусусан, мамлакат раҳбарининг “Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин, такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?! Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, деган гаплари ҳар биримизни чуқур мушоҳадага чорлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўп асрлик бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга, шу билан бир қаторда, узоқ йиллар ислом динига эътиқодда яшаётган халқимизнинг диний маърифатини юксалтиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳозирги кунда дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий вазият таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини янада ошириш ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо қилмоқда. Етакчи хорижий эксперт ва илмий жамоатчилик томонидан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ижобий ўзгаришларга билдирилаётган ижобий муносабатлар, шубҳасиз, юртимизда бу борада олиб борилаётган ишлар халқаро майдонда юксак эътироф этилаётганининг амалий ифодасидир. Шу нуқтаи назардан, малакатимизда яратилаётган имкониятлар билан ёшларимиз давлат раҳбари раҳнамолигида учинчи ренессансга асос солишларига, шу асосда Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган мамлакатлари сафига олиб киришларига қатъий ишонамиз.

Умуман мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши лозимлиги аниқ белгилаб берилди. Улар барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиб, юртимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига мурожаатномаси нафақат юртимизда, балки халқаро ҳамжамият томонидан янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқелик сифатида катта қизиқиш билан кутиб олинди. 

 

Жамолиддин КАРИМОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 24 декабрь, 275-сон

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry