17.11.2022
185

Мамлакат барқарорлиги кафолати

Марказий Осиёда, хусусан, мамлакатимиз ҳудудида азалдан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилган халқлар яшаб келган. 

Ўзбекистоннинг жуғрофий-сиёсий жиҳатдан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқаларни йўлга қўйгани диний ва маданий ҳаётга катта таъсир кўрсатган. Ўз навбатида, бу ерда яшаган туб аҳолининг маданияти ҳам уларга таъсир ўтказган ва ўзига хос турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. 

“Толерантлик” ибораси ўзбек тилида “бағрикенглик”, “чидамоқ”, “сабр қилмоқ” деган маъноларни англатиб, инсоннинг шахсий тушунчаларидан қатъи назар, муайян фикр ёки қарашларни имкон қадар тоқатлилик билан қабул қилишини англатади. Бу тушунча деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи маъно касб этади, яъни муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларда ҳам қўлланади.

Халқаро ташкилотлар орасида энг нуфузлиси ҳисобланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1945 йил қабул қилинган Уставида давлатларнинг ўзаро бағрикенглик руҳида, яхши қўшничилик кайфиятида яшаши, халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши асосий мақсадлардан бири экани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Бугунги глобаллашув жараёнида жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб вазифалардан бирига айланган. Ушбу вазифани амалга ошириш юзасидан БМТнинг Фан, таълим ва маданият ишлари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО томонидан 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, жумладан, 1995 йил 16 ноябрда Бағрикенглик тамойиллари Декларациясининг қабул қилингани ҳам ушбу масаланинг нақадар долзарб эканини кўрсатади. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллатлар ва элатлар, 16 та диний конфессия, 150 га яқин миллий-маданий марказ мавжуд бўлиб, улар ўртасида бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга эътиқод қилиш ҳамда ибодатларни эмин-эркин адо этиш учун зарур шароитлар яратиб бериш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш, янада сайқаллаштириш устувор масала сифатида белгиланган.

Маълумки, ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бирдамликка, ўзаро яхшилик қилишга ундайди. Ислом динидаги “жамоатдан ажралмаслик”, “одамлар тенг ҳуқуқлилиги” ғоялари бунинг ёрқин мисолидир. Барча инсонлар жинси, ирқи, ранги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, баробар ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисларда: “Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос”, дейилган.

Қуръонда “Рум” сурасининг 22-оятида одамларнинг тили ва рангидаги фарқлар Яратганнинг мўъжизаси экани таъкидланган. Миллий ва диний ранг-баранглик ҳамда эътиқод эркинлигини қарор топтириш масалаларида Қуръон бутунлай бағрикенглик руҳи билан суғорилган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ дастлаб одамзодни бир уммат қилиб яратганди, сўнгра уларни турли қабила, халқ ва динларга ажратди. Бундай ранг-барангликдан мақсад — инсонларни умумий фаровонлик йўлида ўзаро мусобақалашишга тарғиб қилишдан иборатдир. 

“Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус сураси, 99-оят) оятидан динларнинг турли-туманлиги Яратган томонидан ўрнатилгани, уни бекор қилиш ёки ҳаммани бир дин байроғи остида зўрлаб бирлаштириш мумкин эмаслиги маълум бўлади.

Бағрикенглик масаласида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. Нажрондан Мадинага ташриф буюрган насронийлар жамоаси ўз ибодатларини бажариб олишлари учун Расулуллоҳ алайҳиссалом Масжиди набавийни ажратиб берганлари тарихдан маълум. Шунингдек, у зот аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилардилар. Қўшничилик одоблари, уларга яхшилик қилиш борасида Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”. Уламолар мазкур ҳадисларни ўрганиб чиқиб, яхшилик фақат мусулмон қўшнига эмас, балки бошқа дин вакилига ҳам бирдек қилинади, дейдилар. Бу борада қуйидаги ривоят нақл қилинади: Бир куни саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу хизматкорига бир қўй сўйишни буюради. Хизматкор ишга киришгач, унга: “Қўйни сўйиб бўлгандан кейин, уни тарқатишни яҳудий қўшнимиздан бошлагин”, деб такрор-такрор таъкидлаб, сўнг “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Жаброил менга қўшничилик ҳаққи борасида шу даражада кўп кўрсатма бердики, мен қўшни ҳам мерос олса керак, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман, дедилар.

Қуръонда олам барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган заминдир, деб эълон қилинган. Умуман олганда, Қуръони каримнинг элликдан ортиқ сураларидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган. Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган.

Таассуфки, бугунги кунда диндан ўзаро адоват уйғотиш ҳамда айирмачилик мақсадида фойдаланишга уринаётган кучлар мавжуд. Бунда улар асрлар оша бир ўлкада яшаб келган турли халқлар ҳамда дин вакиллари ўртасида низо уруғини сочиш орқали жамиятда ижтимоий вазиятни издан чиқариш, шу йўл орқали давлат ҳокимиятини қўлга киритишдек манфур мақсадни кўзлаб иш олиб бормоқда. 

Ислом олами лигасининг “Исломда тинч-тотув яшаш” мавзуидаги конференциясининг якунловчи баёнотида келтирилади: “Ислом дини барча миллат, халқ ва давлатлар ўртасида тинч-тотув яшашга буюради ва қуйидагиларни муҳим деб ҳисоблайди:

– исломнинг энг юксак ғояси бўлган тинчликни тарғиб қилиш ва инсонлар хавфсизлигини таъминлаш;

– инсон шаънини улуғлаш ва унинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;

– ўзгаларни динга мажбурламаслик ва уларга нисбатан адолатсиз бўлмаслик. 

Асрлар мобайнида ўлкамизнинг шаҳару қишлоқларида масжид, черков ва синагогалар эмин-эркин фаолият кўрсатиб, турли миллат ҳамда динга мансуб қавмлар ҳамжиҳатликда ўз диний маросимларини адо этиб келишган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний можаролар кузатилмаган. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. Бу эса миллати ва динидан қатъи назар, инсонни ардоқлаш, ўзгаларни қадрлаш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш каби туйғулар ўлка аҳолисининг қон-қонига сингиб кетганидан далолат беради. Айнан шу сифатлар халқимизга хос бўлган бағрикенгликнинг маънавий асосини ташкил қилади. 

Бой тарихий тажрибанинг давоми сифатида бугунги кунда ҳам юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ҳамда ўндан ортиқ диний конфессияга эътиқод қилувчи шахслар бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Уларнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг ривожланиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамият ҳаётининг барча жабҳасида фаолият кўрсатишида мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, айниқса, тинчликсевар халқимизнинг бағрикенглиги муҳим омил бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, ер юзида мавжуд икки юзга яқин давлатда 7000 тил ва лаҳжада сўзлашувчи 7,7 миллиард аҳоли истиқомат қилади. Жаҳоннинг этник харитасига назар ташласак, бугунги кунда дунёда бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионгача издошларга эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи 2000 га яқин миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш дунёда барқарорлик ҳамда осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.

 

Жамолиддин КАРИМОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry