14.02.2022
289

Бобурийлар давлатида ҳанафий-мотуридий таълимоти ривожи

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистон ерларида ўз давлатини қургач, бу заминда ислом тамаддунининг ўзига хос тараққиёти кузатилди. Олимларнинг фикрича, Бобур ва унинг авлодлари темурийлар сулоласининг муносиб давомчилари сифатида илм-фан ривожи йўлида улкан ишларни амалга оширдилар. Хусусан, бу даврда ислом илмлари янги босқичда ривожлана бошлади. Ҳанафийлик баробарида мотуридийлик таълимоти ҳам ҳинд мусулмонлари томонидан кенг қабул қилинди. Ҳиндистон диёри йирик ҳанафий-мотуридий олимларни ўз бағрида камолга етказди.

Ҳинд мусулмонлари илк даврларданоқ ҳанафий мазҳабига амал қилиб келганлар. Улар ислом динини мазкур мазҳаб асосида таниганлар. Манбаларда қайд этилишича, аббосий халифа Восиқ Ҳиндистон мусулмонлари ҳақида маълумот олиб келиш учун ўз одамларини юборганда, унга бу ердаги мусулмонларнинг барчаси ҳанафий экани ҳақида хабар берилган. Бобурийлар ҳам фиқҳда ҳанафий бўлганлари учун уларнинг даврида ҳанафийлик ҳинд мусулмонлари орасида расмий мазҳаб даражасига кўтарилди. Бобурийлар томонидан қозилик ва муфтийлик лавозимларига ҳанафий фақиҳларнинг тайинланиши ҳинд диёрида ҳанафийликнинг янада чуқур илдиз отишини таьминлади.

Бу даврда ҳанафий таълимотига оид бебаҳо илмий мерос яратилди. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи назмий шаклда ҳанафий фиқҳига оид “Мубаййин дар фиқҳ” асарини ёзди. Унинг ворисларидан Аврангзеб Оламгир даврида эса Шайх Низомуддин бошчилигидаги олимлар гуруҳи ҳанафий фиқҳининг нодир намуналаридан саналган “ал-Фатово ал-ҳиндия” номли фатволар тўпламидан иборат китоб ёзди. Мазкур асар ҳукмдор шарафига “Фатовои Оламгирий”, номи билан машҳур бўлди ва мусулмон оламида кенг тарқалди.

Бобурийлар давлатидаги мадрасаларда ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китоблар ўқитилган. Булар қаторида энг машҳурлари Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Абул Баракот Насафийнинг “Манор”, Абул Уср Паздавийнинг “Усул”, Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Шарҳул виқоя” китобларини санаб ўтиш мумкин. Мазкур асарларнинг бари Мовароуннаҳр фақиҳлари қаламига мансуб. Бу эса юртимизда асос солинган илмий мактабларнинг Ҳиндистонда ислом илмлари ривожига таъсири қай даражада юқори бўлганига ёрқин далилдир.

Мотуридийлик ақидавий мазҳабининг Ҳиндистонда кенг тарқалиши ҳам айнан бобурийлар даврига тўғри келади. Эътиборли жиҳати шундаки, бу даврда яшаб ижод қилган деярли барча ҳанафий фақиҳлар ўзларини мотуридий, деб ҳисоблаганлар. Улар мотуридий калом мактаби олимларининг асарлари асосида дарс ўтганлар, уларнинг китобларига шарҳлар ёзганлар. Бобурийлар даврида ақоид илмида энг кўп ўқитилган китоблардан бири Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳи Ақоиди Насафия” асари бўлган.

Бобурийлар даврида ҳанафий-мотуридий таълимоти ривожига ҳисса қўшган кўплаб йирик олимлар етишиб чиқдилар. Булар қаторида Имом Раббоний номи билан танилган Аҳмад Сирҳиндий, Абдулҳаким Сиялкутий, Қосим Нанутвий, Абдулҳай Лакнавий ва бошқа бир қатор олимлар фаолияти мазкур таълимот ривожига беқиёс ҳисса қўшди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳанафий-мотуридий мазҳаби тарихида бобурийлар даврининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Ушбу жиҳатлар юртимиздаги илмий, маърифий марказлар томонидан кенг ўрганилмоқда.

 Ойбек Сотволдиев,  

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими

 

Қўшимча малумот

БЕҲБУДИЙ СИЙМОСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси,...
Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари
Қурбонлик – Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.Аллоҳ...
Тасодиф эмас – мўъжиза
XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry