16.04.2023
426

САЛАФ ВА ХАЛАФ ОЛИМЛАРИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ

“Салафийлик” тушунчаси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган. “Салаф” сўзи эса “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маъноларни англатади.

“Салаф” сўзи Қуръонда ҳам “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган (Зухруф, 56).

“Салаф” сўзи Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ўзларига ҳамда саҳобийларига нисбатан айнан луғатдаги маънода қўлланилганини қатор ҳадисларда кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қизлари Фотима (р.а.)га шундай деганлар: “Мен сен учун яхши салафман (аждодман)”. Саҳиҳи Муслим, 4614-ҳадис.

 Пайғамбар (алайҳиссалом) бу билан қизларидан аввал дунёни тарк этишларига ишора қилганлар.

“Салаф” сўзи диний истилоҳда муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Пайғамбар (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Энг яхши давр мен яшаган давр, сўнг ундан кейинги ва ундан кейинги даврлардир” (Саҳиҳи Бухорий, 2537-ҳадис) деб, исломнинг илк уч даврини мадҳ этганлар. (Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Ас-Салафийя марҳала заманийя лаа мазҳаб исламий. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 2005. 9-бет).

Юқоридаги ҳадисга асосланиб, ислом уламолари Муҳаммад (алайҳиссалом) замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу номлар асарларда қўлланилмайди. (Қаранг: Мелиқўзиев Ж. Ҳалокат тузоғи. – Тошкент: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010, 5-бет).

Аҳли сунна ва жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар халафлар, яъни “кейингилар” деб аталади.

Шу ўринда салаф ва халаф даврларининг хусусиятларига тўхталиб ўтсак. Салаф уламолари даврида ҳар бир масалага ёндашишда асосан Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсга асосланиб иш кўрилган. Вақт ўтиши билан ислом дини тарқалган ҳудудларнинг жадал кенгайиши, мусулмонларнинг бошқа дин ва маданиятлар билан юзлашиши натижасида янги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг шаклланиши вазиятни ўзгартириб юборди. Янги шароитларда юзага келган масалалар ечими учун Қуръон ва ҳадисдаги далиллар билан бир қаторда ақлий далилларга олдингидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезила бошлади.

Мусулмон олимлари томонидан салафи солиҳларга ҳурмат билан қаралади. Шу билан бирга барча олимларга юксак эҳтиром кўрсатиш кераклиги ҳадисларда зикр этилган. Мисол тарзида “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Сунани Термизий, 2730-ҳадис) ҳадисини зикр этиш мумкин. Салафи солиҳлар қарашларининг тадрижий давоми Халаф, яъни кейинги олимларнинг ёндашувларида намоён бўлади. Халаф олимлари дарахт ўз илдизидан озиқлангани каби – салафи солиҳларнинг қарашлари асосида шаклландилар.

Ислом уламолари салафи солиҳлар билан улардан кейин келган уламоларни бир-бирларига қарши қўйиш, дарахтдан илдизни ёки аксинча илдиздан дарахтни ажратиб олган билан баробар эканини таъкидлайдилар. Кейинги даврда яшаб ўтган Халаф олимларининг ислом илмлари ривожидаги ўрни ҳам камайтирилмаган. Зеро, ҳадисларда халафлар даври ҳам мақталганлиги ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ (алайҳис-салом) мақбара олдига келиб: «Эй, мўминлар диёри қавми! Сизларга салом бўлсин. Худо хоҳласа, бизлар ҳам сизларга йўлиқурмиз, қани биз биродарларимизни кўрсак эди», деганларида, саҳобийлар: «Эй, Аллоҳнинг расули! Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?», дедилар. Расулуллоҳ (алайҳис-салом): «Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим эса, мени кўрмасдан менга имон келтирганлардир», – дедилар. Муснади Имом Аҳмад, 12382-ҳадис.

Кўриб турганимиздек, Пайғамбар (алайҳиссалом) ўзларидан кейин келадиган мусулмонларни “биродарларим”, деб эътироф этиб, энг хайрли даврда яшаётган саҳобийлар ҳавас қиладиган даражада ўзларига яқин билганлар. Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўзларини кўрмай туриб имон келтирадиган умматларини яхшилик ила дуо қилдилар: “Мени кўрган, менга имон келтирганларга тубо бўлсин ҳамда мени кўрмай туриб менга ишонганларга тубо бўлсин, тубо бўлсин, тубо бўлсин!” дедилар. “Тубо нима, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. Пайғамбар (алайҳиссалом): “У жаннатдаги дарахтдир, баландлиги юз йиллик масофа, унинг гулкосасидан жаннат аҳлининг кийими чиқади”, деб жавоб бердилар. Муснади Имом Аҳмад, 11500-ҳадис.

Бу каби ҳадислардан халаф (кейин келадиган) мусулмонларнинг ҳам даражалари юқори эканлиги келиб чиқади.

Манба: "Илмдан бошқа нажот йўқ" китоби
 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry