06.04.2021
316

ЭЪТИҚОДИМИЗ СОФЛИГИГА ЭЪТИБОР ҚИЛАЙЛИК

 

Юртимизда барча соҳалар каби диний соҳа фаолияти ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Бу эса, барчамиздан замон билан ҳамнафаслик, янгича фикр ва дунёқарашларга очиқлик ва албатта, огоҳлик ҳамда ҳушёрликни йўқотмасликни талаб қилади. Сир эмас, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларнинг жамиятдаги таъсири тобора кенгайиб бормоқда. Ўз навбатида, интернет орқали нохолис ахборотларни тарқатиш, одамлар орасида турли низо ва келишмовчиликларнинг авж олишига сабаб бўлувчи маълумотлар кўпайишини ижобий баҳолаб бўлмайди. Айниқса, бу маълумотлар диний мазмунга эга бўлса, жамиятда диний низо келтириб чиқариши эҳтимоли бўлса, икки карра ҳушёрроқ бўлишимиз лозим. Чунки, муқаддас динимизга таассуб ва тор дунёқарашни нисбат берувчилар, исломнинг маърифатпарвар моҳияти, мўътадилиггини инкор қилувчи интернет воизлари содда одамларнинг онгини булғашда давом этмоқда. 

Минтақамизда тарихан қарор топган ҳанафий мазҳаби, ҳамда мотуридия ақидаси мутаассибликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Ўз даврида Имом Мотуридий кўплаб адашган оқим ва тоифаларга кескин ва инкор этиб бўлмас даражада аниқ раддиялар берганлар. Хусусан, “Баён ваҳми-л-муътазила” (Муътазилийлар адашувининг баёни), “ар-Родд ала-л-қаромита” (Қарматийларга раддия), “Родду “Усули-л-хамсати” (Боҳилийнинг беш асос деган асарига раддия), “Родду “Таҳзийбил жадал” (Каъбийнинг шу номли асарига раддия) каби ўнлаб раддиялар Имом Мотуридий фаолиятида ботил фирқалар ва шахсларга раддия бериш қай даражада муҳим ўрин тутганини кўрсатиб беради. Ана шу улуғ ва савобли анъанани давом эттириш соҳа вакилларининг олдидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан айни мақсадни амалга ошириш учун “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази” таъсис этилди. Марказ мутахассислари олдида Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Паздавийларнинг меросларини чуқур ўрганиб, замонавий ўзбек тилига ўгириб, халқимизга қулай кўринишда тақдим этиш каби улкан вазифалар   турибди. Шу билан бир қаторда, замонавий муаммоларга ечимлар топиш, турли бузғунчи оқимлар тарқатаётган ақидавий, ғоявий хуружларига илмий асосда раддиялар бериш, исломнинг мўътадиллигини асослаб бериш каби муҳим масалала ҳам борки, уларни ҳал этиш ҳам марказ вазифалари қаторига киради.

Бугунги кунда экстремистик характерга эга оқимлар орасида салафийлик, бемазҳаблик, бузғунчиликка чақирувчи, конституцион тузумга қарши тарғибот олиб бораётганлари фаоллик кўрсатмоқда. Ўтган асрнинг 90-йиллардаги мутаассиблар мусулмонларимиз минг йилдан бери ама қилиб келаётган аҳли сунна вал-жамоа таркибидаги тўртта мазҳабга эргашишни инкор қилиб, мужтаҳид мазҳаббошиларни обрўсизлантиришга ҳаракат қилган эди. Ҳозирги мутаасиблар эса, мазҳаббошиларни гўёки эътироф этгандек бўлиб, аммо буюк имомларни ўзларининг даражасидаги олимлар деб талқин қилмоқчи бўладилар. Энг ачинарлиси, содда ва ғўр ёшларимиз ушбу ёлғонларга лаққа тушиб, қаршисида турган интернет воизини алломаи замон деб билиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатларга қарши курашиш эса ҳар бир онгли фуқаронинг муқаддас бурчидир. 

Ҳозирда айрим ёшлар орасида мутаассиблашув унсурлари кўзга ташланаётгани сир эмас. Муҳтарам мўъмин-мусулмон фуқароларимиз бу масалада қарс икки қўлдан чиқаётганлигини яхши англаб етишлари керак.  Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан ўзларининг тор манфаатлари доирасида фойдаланмоқчи бўлаётган, уларни нотўғри талқин қилаётган бузғунчи оқимларнинг раҳнамолари бир томон бўлса, ғаразгўйлар диний манбаларимизни пеш қилганда кўр-кўрона эргашиб кетувчи жоҳил кимсалар иккинчи тараф бўлади. Агар биз фарзандларимизда мафкуравий, таъбир жоиз бўлса, эътиқодий иммунитетни шакллантира олсаккина мақсадга тўлиқ эриша оламиз. Шаклга эмас, мазмун ва моҳиятга кўпроқ эътибор қаратишни ўргатайлик. Ҳазрат Али бежизга “Ким гапираётганига эмас, нима деятганига қаранглар”, деб айтмаганлар. Интернет тарғиботчилари оят ва ҳадисларни нима мақсадда келтирмоқда, унинг ортида қандай, кимларга хизмат қилувчи ғоялар яширин? деган тафаккурни ривожлантиришимиз керак. Қуръони каримнинг Фурқон сураси, 73-оятида мўъминларнинг сифатлари қаторида, уларнинг кўр-кўрона ёндошувдан холи зотлар экани мақталган:

Улар Парвардигорлари оятлари эслатилганда унинг устига кар ва кўрлик билан ташланмайдилар”

Шундай экан, келажак авлод аждодларимизга муносиб тафаккур аҳли бўлиб етишмоғи учун уларнинг онгини манқуртлаштирувчи омилларга қарши мафкуравий курашни кучайтиришимиз зарур. Шунингдек, шахс мутаассиблашувининг олдини олишда бир қанча дунёвий омилларга ҳам эътибор қаратиб ўтишни унутмаслигимиз керак. Биз фуқароларимизга, айниқса ёшларишизга умуминсоний қадриятлар билан миллий ва диний қадриятларимиз ўртасида тафовут йўқ эканини, шаклий фарқлар мазмунан уйғунликка зид эмаслигини тушунтириб беришимиз шарт ва зарур. Сабаби, республикамизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Ҳар бирининг ўз дунёқараши, ўз эътиқоди, ўзига хос урф-одат ва удумлари бор. Бу эса диний ва миллий бағрикенглик муҳитининг барқарор бўлишини тақозо этади. Қуръони каримда ҳам халқлар ва миллатларнинг турлича кўринишда бўлиши, турфа тилларда сўзлашуви Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири сифатида баён қилинган. Қуръони каримнинг Анкабут сураси 22-оятида шундай дейилади

 Осмонлар ва Ернинг яратилиши, тилларингизнинг ва ранг-рўйларингизнинг турфа хиллиги Унинг оят-мўъжизаларидан биридир. Албатта, бунда оламлар учун оят-белгилар бор”.

Ушбу мўъжизавий мувозанатни асраб-авайлаш, унга путур етказмаслик керак. Бунинг учун ҳар биримиз оилада, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ орасида диний бағрикенглик, маърифатпарварлик, мўътадиллик ғояларини ёйишга ҳаракат қилмоғимиз, мутаассибликка эса муросасиз кураш олиб боришимиз лозим. Шундагина биз Имом Мотуридий каби улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўламиз ва бебаҳо маънавий хазиналаримизни келажак авлодларга тўла-тўкис етказа оламиз.

Зафар Фахриддинов

Замонавий ислом тадқиқотлари бўлими

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry