24.09.2021
400

ЯЪҚУБ ЧАРХИЙ

Яъқуб ибн Усмон ибн Муҳаммад Чархий тасаввуфнинг атоқли шайхларидан, Баҳоуддин Нақшбанднинг тўртинчи халифаси, Хожа Аҳрор Валийнинг устози бўлган. Милодий 1363 йилда Афғонистоннинг Ғазна шаҳрига қарашли Чарх қишлоғида туғилган. Бухоро, Ҳирот, Мисрда таълим олган. 

Яъқуб Чархий тасаввуф илмларини эгаллаш мақсадида Бухорага келиб, Баҳоуддин Нақшбанд билан учрашади ва унинг тасаввуфий фаолиятидан баҳраманд бўлади. Хожа Баҳоуддиннинг кўрсатмасига биноан Хожа Алоуддин Атторга шогир тушади. Шу тарзда у нафақат Бухоро, балки Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳам ном таратади. 

Чархий 1447 йилда вафот этган ва ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Денов туманида дафн этилган. Умрининг асосий қисмини Мовароуннаҳрда ўтказгани ва шу ерда вафот этгани сабабли мазкур бандда ушбу олим зикр қилинди.

Олимнинг асарлари

Яъқуб Чархийнинг фиқҳ, ақоид, ҳадис ва тариқатга доир ўндан зиёд асарлари, жумладан, «Рисола-и унсия», «Рисола-и абдолия», «Рисола дар сийрати Муҳаммадия», «Рисола дар илми фароиз», «Рисола дар ақоид» каби ўндан зиёд китоблари мавжуд.

Олим «Тафсир-и Чархий» номли тафсир китобини ёзган. Унинг бир неча қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Мазкур тафсир форс тилида ёзилган бўлиб, у тасаввуфий тафсирлардан саналади. Чунки муфассир бир томондан Нақшбандий тариқатининг пешволаридан бўлса, яна бир томондан ўша пайтда форс тилида асарлар ёзиш анъана тусини олган эди. Шу сабаб ҳам муаллиф ушбу анъанага мувофиқ, форсий тафсир битади. 

“Тафсири Чархий” асари Ўрта Осиёда форс тилида ёзилган илк тафсирлардан бири ҳисобланади. Лекин, ушбу тафсир Қуръони каримнинг тўлиқ тафсири бўлмай, балки Фотиҳа сураси ҳамда охирги икки жуз (пора)ни ўз ичига олади. Тафсирининг бу каби қисқа бўлиши ҳақида муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Мендан бир гуруҳ дўстлар, биродарлар “Фотиҳа”га ҳамда “Мулк” сурасидан то китобнинг охиригача катта-кичик фойдалана олишлари учун форс тилида тафсир ёзиб беришимни илтимос қилдилар” . Шу тариқа тафсир ёзишга киришган Мавлоно Чархий ўз асарида жами 49 та сурани тафсир қилди. 

Чархий энг кўп фойдаланган ва 30 дан ортиқ ўринда номи келган тафсир Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсиридир. “Кашшоф” мусулмон оламида машҳур тафсирлардан бўлиб, Қуръони каримни луғат (тил) жиҳатидан шарҳлаганига кўра тенгсиз экани барча замон олимлари томонидан бирдек эътироф этилади. Чархий зарур ўринларда мўътазила эътиқодига раддиялар бериб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён этиб ўтади. Чархий “Кашшоф”га Саййид Яманий томонидан ёзилган “Шарҳи Кашшоф”дан ҳам фойдаланган. Кўп фойдаланилган тафсирлардан яна бири Мавфиқуддин Кавоший (1194-1291)нинг “Тафсири Кавоший”идир. Яна бир тафсир Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Тафсири Тайсир” асаридир. Ач-Чархий унинг муаллифини “Соҳиби Манзума” (“Манзума фил фиқҳ” асарига нисбат бериб) деб келтиради. 

Тадқиқотчи Г.Саидованинг таъкидлашича, “Тафсири Чархий”да яна бухоролик ҳанафий фақиҳ Абу Наср Аттобийнинг “Тафсири Аттобий” асаридан ҳам намуналар келтирилган. Яна бир машҳур тафсир “Тафсири Байзовий” номи билан машҳур Қози Байзовийнинг “Анварут танзил ва асрорут таъвил” тафсиридир . Мавлоно Чархий бу тафсирни Бухорога келган вақтида мутола қилишга киришганини қайд этиб ўтган. Шунингдек, Чархий ўз тафсирини ёзишда Абу Абдураҳмон Суламийнинг “Ҳақойиқ тафсир”, Абулҳасан Найсобурийнинг “Тафсири Васит” Фаҳриддин Розийнинг “Маолимут танзил”, “Тафсири Самарқандий”, “Тафсири Қушайрий”, Имом Мотуридийнинг тафсирга оид қарашлари, Муҳаммад Порсонинг «Рисола», Абул Муин ан-Насафийнинг «Табсиратул адилла» (у «соҳибут Табсира» деб эслатилади), Нажмиддин Абур Ражо Мухтор ибн Маҳмуд Хоразмий Ҳанафий аз-Зоҳидий (ваф. 658/1260)нинг «Қунятул фатово», ҳадис манбаларидан «Сиҳоҳ ситта» , «Саҳиҳи Муслим» (76а), Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Табризийнинг (ваф.1342) «Мишкот масобиҳ» (40б, 54б, 63б, 64а, 88б), Абу-л-Лайс Самарқандийнинг (ваф.1003) «Танбеҳ ғофилин» (55б, 121б, 177б), Муҳаммад ибн Умар Фахруддин ар-Розийнинг «Ма’олим» (148а, 148б), Хожа Муҳаммад Али Ҳаким Термизийнинг (820-932) «Наводир усул фи маʻрифа ахбор ар-расул»(105б) асарларидан истифода этилган. ва бошқа тафсирлардан,  ҳам истифода этган.

«Тафсири Чархий»да сура ва оятлар ажратилиб ёзилган, сўнгра оят таржимаси берилган. Таржималар анча эркин, изоҳлар билан амалга оширилган, мазмунга мос равишда ҳадисларнинг арабча матни, кейин таржимаси, тафсир, фиқҳ ёки ақида китобларидан иқтибослар берилади. Баъзи жойларда зукира ёки қийла тарзида айрим китоблар ва фикрларга ишора қилиб кетилади . Китобларнинг номлари ҳам ўша пайтда аҳли илм орасида машҳур номлар ила ёритилади. Масалан, «Қуня фатово отлиғ» каби. Айрим оятлар икки ёки уч қаторда, яна айримлари бир нечта саҳифалардан иборат тарзда шарҳланади. Аксарият изоҳларда тасаввуфий ёндошув сезилиб туради. Айрим жойларда мўътазила каби оқимларга раддиялар берилади, оятлар грамматик жиҳатдан шарҳланади , шеърлар  келтирилади. 

Яъқуб Чархий Ҳумаза сурасининг тафсирида, ғийбатнинг ёмон иллатлиги, бировнинг орқасидан гапирмаслик, олдида ҳам хафа қиладиган сўзларни гапирмаслик кераклигини таъкдлайди: “Сениг насибанг шуки, тилингни мусулмон биродарларинг ҳақида ёмон сўзларни айтишдан сақла, Худони ўз қаршингда ҳамиша ҳозиру нозир деб бил ва ҳеч кимни бехуда ҳажв қилма”.

 

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry