24.09.2021
318

АЛОУДДИН САМАРҚАНДИЙ

Ислом дини Мовароуннаҳрга кириб кела бошлаган даврдан бошлаб турли диний таълимотлар, калом мактаблари ўлкамизда тарқала бошлади. Улар орасида Абу Ҳанифа (ваф. 767 й.) асос солган мактаб анъаналари нисбатан халқчиллиги, маҳаллий халқлар маданияти ва урф-одатларига яқин жиҳатлари сабабли кучлироқ мавқега эга бўлди. Бу мазҳаб Мовароуннаҳрда маҳаллий бой диний-маънавий анъаналар асосида такомиллаштирилди, бойитилди ва тартибга солинди. Мазкур жараёнга ватанимиздан етишиб чиққан мутакаллим олимларнинг бир неча авлоди ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшдилар. Улар орасида, Шамсулислом Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад Самарқандий (ваф. 1145 й.) муҳим ўрин тутади. Самарқандда таваллуд топган ушбу олим кейинчалик Бухорога кўчиб борган ва ҳаётининг кўп қисми шу жойда ўтган. Бир мунча вақт Балҳда яшаб, яна Бухорога қайтган. У ўша даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги ва мотуридий таълимоти тараққиётига муҳим ҳисса қўшган. 

Алломанинг фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмларига оид кўплаб асарлари, жумладан, ислом оламида машҳур “Туҳфату-л-фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асари бўлган. Китоб ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилган. 

Алоуддин Самарқандий фиқҳ илмидан ташқари калом илми бўйича ҳам ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарқатувчиси бўлган. Натижада Абу Мансур Мотурийдийнинг «Таъвилот аҳли сунна» номли тафсирига «Шарҳ таъвилот аҳли сунна» номи билан шарҳ ёзган. Алломанинг ушбу шарҳни ёзишида Абул Муъин Насафийнинг хизмати ниҳоятда катта бўлган. Чунки Алоуддин Самарқандийнинг ўзи Насафий билан Мотуридийнинг «Таъвилот» асарини бирга мутолаа қилганини ва Насафий жоиз, деб топган жойларга шарҳ ёзиб илова қилиб борганлиги ва кейинчалик ушбу шарҳларни алоҳида китоб ҳолига келтирганлигини таъкидлайди. 

Аллоуддин Самарқандий ўз даврида мавжуд зарурий илмларни имкон қадар эгаллаган эди. Унинг ўзига хос мактаби мавжуд бўлган. Манбаларда олимнинг оила аъзолари ҳам илмда пешво бўлганлиги таъкидланади. Жумладан, қизи Фотима (ваф. 587/1191 йилдан олдин) отаси Алоуддин Самарқандийдан фиқҳ соҳасида таълим олган ва унинг “Туҳфат фуқаҳо” асарини ёдлаган ҳамда отасига фатво беришшда ёрдам берган.

Фоти­ма ҳақида манбаларда қуйидаги маълумот берилган: “У, мазҳабни янгича нақл қилар экан, фатво биринчи бўлиб унинг ижозати билан чиқар, кейин отаси томонидан тасдиқланар эди”. Хусусан, Рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни биринчи марта Фотима жорий қилган. 

Шундай қилиб, ўзбек қизи Фотима ислом дунёсида ўз буюк истеъдоди ва фиқҳ илми бўйича юксак салоҳияти билан етук фақиҳ аёл сифатида донг таратган. Натижада шундай буюк олима Абу Бакр Маъсуд ибн Аҳмад Косонийдек тенгсиз олимга турмушга чиқади.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry