24.09.2021
465

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

Тафсир илмига оид «Кашшоф ан ҳақоиқ ғавомиз танзил ва уюн ақовил фи вужуҳ таъвил» («Қуръондаги берк ҳақиқатлар очкичи ва таъвил йўллари ҳақидаги ривоятлар кўрсаткичи») номли машҳур асар муаллифи ҳижрий Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Хоразмийдир. Олим 467 йил Ражаб ойининг 27-куни, милодий 1075 йил 18 март куни Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган.

Аллома ҳақидаги маълумотлардан маълумки, унинг бир оёғи ёғочдан бўлиб, тарихчилар бу ҳақда: «Бир оёғи ёғочдан эди ва узун яктагини тушириб кийгани учун кўрган одам уни чўлоқ деб ўйларди» – деб ёзганлар. Оғир иллат туфайли у ёшлигидан бир оёқ бўлиб қолган ва шундан сўнг отаси уни энди оғир меҳнатга ярамайди, деб кийим тикувчи устага шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ ёшлигидан илмга ҳавасманд ўсган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юборишни сўрайди. Ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезган отаси уни мадрасага беради.

Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бирқадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси ва биографи ибн Халликоннинг ёзишича, талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади.

Имом Замахшарий тафсир, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, география каби илмларда катта шуҳрат қозонган. Ушбу соҳаларга оид унинг 70 та асари борлиги ва 40 дан ортиқ асарининг жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётгани айтилади. 

Маҳмуд Замахшарий Бухоро, Марв, Нишопур, Исфаҳон, Дамашқ, Бағдод, Ҳижозга саёҳат қилади. Маккада Замахшарий “Кашшоф” асарини ниҳоялайди. У бу тафсирни ёзишдан аввал Қуръони каримга бағишлаб яратилган кўплаб тафсирларни ўрганган.

1118 йили Замахшарий оғир дардга чалинади, бу касалликдан тузалгач эса ҳукмдорлар хизматию мансаб ва мол-дунё таъмасидан мутлақо воз кечади, қолган умрини фақат илм-фанга бағишлашга, асарлар таълиф этишга астойдил қарор қилади. Олим 1143 йилда вафот этган.

Адиб кўп асарларини Маккалигида яратади. Ўз ҳаётида чуқур из қоддирган Маккада Замахшарий беш йилча яшайди. Шу боисдан у Жоруллоҳ («Оллоҳнинг қўшниси») деган шарафли лақабга муяссар бўлади.
Ўз даврининг йирик олими даражасига кўтарилган Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа кўпгина шаҳарларида ҳам кўпдан-кўп шогирдлари бўлган, аллома кўп вақтини ўшаларга бағишларди. У қариндош-уруғларининг қийин-қистовларига қарамасдан, ҳаётида бирор марта ҳам уйланмаган. Илмий асарлар яратиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашни фарзанд ўстиришдан аъло деб ҳисоблаган.

“Кашшоф” тафсири

Алломанинг мазкур тафсири жуда қимматли асар саналади. Унда Қуръоннинг балоғат, фасоҳат томонларини жуда нозик услубда наҳв, сарф, луғат, шеър илмларига таяниб, сўзларнинг бир нечта маъноларини келтириб ўтган. Аллома шу тариқа оят мазмунини зўр маҳорат билан очиб берган. Асар ўзидан кейинги кўплаб тафсир китобларига манба вазифасини ўтаган. 

«Кашшоф» Замахшарий Маккада турган пайтида, уч йил давомида (1332–1334) ёзилган.

Замахшарий оятларни аввал грамматик жиҳатдан таҳлил этиб, сўнг етти турдаги қироатлардан фойдаланган ҳолда заиф қироатларни аниқлаган, ўқилишига кўра сўз маъносининг ўзгаришини кўрсатган. Тафсирда олимнинг ҳам ўз ижтиҳодини ишлатишини кўриш мумкин. 

У кўпроқ Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Анас ибн Молик, саҳобалар сўзлари ва уларнинг қироатларидан, Мужоҳид, Абул Олиялар каби тобиинлар ривоятларидан истифода этган. 

Замахшарий фиқҳий масалаларни Абу Ҳанифа мазҳабига кўра ечиши билан бирга кўпинча бошқа фақиҳ мужтаҳидларнинг сўзлари, ижтиҳодларидан келтириб ўтади. 

У Иброҳим ан-Нахаъий, Омир Шаъбий каби саҳобийлардан кейин яшаган фақиҳлардан шунингдек, улардан кейинги давр фақиҳ, мужтаҳидларидан Абу Ҳанифа Абу Юсуф, Шофеъий, Молик, Авзоъийларнинг сўзларини келтиради. 

Баъзан фақиҳларнинг бирор бир фиқҳий масала бўйича турлича қарашларини кетма-кет келтириб ўтади. Оятларни шарҳлаш асносида мавҳумликни кетказиш учун кўплаб саволлар бериб, кейин уларга ўзи жавоб берган. Шу тариқа унда савол-жавоб услуби бошқа тафсирларга нисбатан кўп қўлланилган.

Демак, «Кашшоф» Қуръон тафсирлари ичида араб тили имкониятларидан келиб чиқиб, энг пухта шарҳланган, балоғат ва фасоҳат қоидалари маромига етказиб берилган, мукаммал асар ҳисобланади. Унда очиқ услубдаги савол-жавоблар қўлланилган. Ҳатто ушбу тафсир ҳақида уламолар: «Кашшоф» бўлмаганида Қуръони каримнинг маънолари кашф бўлмай қоларди, дейдилар.

«Кашшоф»дан кўплаб муфассирлар ўз тафсирларини ёзишда фойдаланганлар, жумладан Насафий, Байзовий кабиларни, шунингдек Хожа Муҳаммад Порсони ҳам айтиб ўтиш мумкин. 

Немис шарқшуноси қарл Броккелман дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида «Кашшоф»нинг юзга яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган йигирмадан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар борлиги ҳақида ёзиши Замахшарий асарининг катта шуҳратидан далолат беради.
Қоҳирадаги бутун дунёга машҳур Азҳар диний дорулфунунининг талабалари ҳам Замахшарийнинг «Кашшоф» асари асосида Қуръонни ўрганадилар.

Қўшимча малумот

НАЖМИДДИН КУБРО
Қуръон шарҳлари орасида сўфий олимларнинг китобларини ҳам учратиш мумкин. Бу ўз навбатида мутасаввифларнинг ҳам Қуръон шарҳлари борасида кучли билимга эга...
АБУЛ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
Самарқандлик муфассир Имом Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 375/985). Олимнинг «Тафсир Самарқандий» номи билан машҳур бўлган...
ҚАФФОЛ ШОШИЙ
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим Имом Абу Бакр Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший 904 йилда туғилган...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry