17.07.2023
76

ОЛИМЛАР – АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТДОРЛАРИДИР

Инсонларни бир-биридан ажратиб турувчи ва фарқловчи моддий ва маънавий хусусиятлар, сифатлар ва даражалар мавжуд. Жамиятда одамларга ана шу хусусиятларига қараб муомала қилинади. Ана шундай даражаларнинг энг юқорисида шубҳасизки олимлар туради. Зеро Аллоҳ таолонинг ўзи ояти каримада уларнинг даражасини нақадар улуғлигини кўрсатиб қўйган: 

هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси 9-оят).

Қуйида ислом оламида энг самарали ва баракали илми билан нур таратган олимлардан бири бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг ноёб асарларидан бири «Китабул ҳуқуқ» (Ҳақлар китоби) асарида келтирилган олимларга эҳтиром ва уларнинг биздаги ҳақлари борасидаги гўзал ўгитларини сиз азиз ўқувчимиз билан баҳам кўришни лозим топдик.

Аллоҳ таоло илмдан ҳикматни, ҳикматдан адолат ва ҳақни намоён қилиб қўйди. Осмонлару ер ва уларнинг ўртасидаги нарсаларни ҳақ ила яратди. Адолат ила осмонлару ер ва улардаги нарсалар қоим бўлди ва яна адолат билан махлуқотнинг ҳаёти тартибли бўлди ҳамда адолат ила ҳақ ботилдан ажралди. Ҳақ таоло ҳикмат ва адолатни уламоларнинг қалбига жо қилди.  Улар эса Ҳақ таолонинг нури билан ҳақиқат ва ҳикматни сўзладилар, шу тариқа уларнинг дунёдаги вазифаси маълум бўлди. Улар туфайли дунё ўз аҳлига барака ва кенгчиликда давом этади, одамлар уларнинг қанотлари остида яшайдилар. Улар ўз бағирларида болаларни тарбия қиладиган оналар даражасидадирлар. Уламолар – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари ва ҳидоят имомларидирлар.

Олимни исми билан чақирмаслигингиз, уни қаттиқ ҳурмат қилишингиз, кўзингизни тик қаратмасдан, унга ибодат назари ила қарашингиз, ўзингизга алоқаси бўлмаган нарсани ундан сўрамаслигингиз, бирор масала юзасида унга қўполлик қилмаслигингиз, ундан шубҳаланмаслигингиз, ёмон кўрмаслигингиз, сўзини қайтариб, гапини бўлмаслигингиз унинг сиздаги ҳаққидир. Унинг ҳузурида овозингизни пастлатинг, олдида ортиқча гапларингиздан тийилинг, савол-жавоб қиладиган вақтини танлаб, йўлда ундан савол сўраманг, ўзи билан машғул вақтларида эшигини тақиллатманг. Чунки унинг машғуллиги бошқалар мисоли тушлик, кечки овқат, дам олиш, таҳорат ва хонадон аҳли ҳақлари билан машғуллиги кабидир. Мана шу вақтларда ҳузурига келсангиз, уни безовта қилишдан четланинг, юриб кетаётганида савол сўраманг. Акс ҳолда уни йўл ҳаққидан машғул қилиб, чалғитиб қўясиз. Бу эса илм ва олимни паст санашга киради. 

Бошқанинг сўзи билан унга қарши чиқманг, хоҳламаган вақтида ундан қатъий талаб қилиб олманг. Қўлингиздан келганча кўп савол берманг, вазминлик, лутф-марҳамат ва сокинликни тутиб, уни баҳраманд қилинг. Агар унинг шошаётгани ва хато қилиб қўйганини кўрсангиз, уни беркитиб, хатоси ва айбига қараманг, акс ҳолда ундан узоқлашиб, ҳалок бўласиз. Чунки уни айблаб, паст санасангиз, Аллоҳнинг омонатдорларини паст санаган бўласиз, тағин унинг руҳи сизни ёмон кўриб қолмасин! 

Бизга Суфён Саврийдан, у Қайс ибн Асламдан Ибн Шиҳоб йўли орқали Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг шундай дегани етиб келган: “Сиддиқларнинг руҳи сизларни ёмон кўриб қолмасин, акс ҳолда Аллоҳ Арши устидан сизларга ғазаб қилади”. 

Агар унинг хатолари билан овора бўлиб қолсангиз, руҳи сизни ёмон кўриб қолади ва инкор қилади. Агар руҳи сизни ёмон кўрса, Аллоҳ сизга ғазаб қилади. Ишларини кўрсангиз, унга ёмон кўз билан қараманг, у туфайли ўзингизни машаққатга қўясиз. Унинг сўзларини олинг, барча амаллари Аллоҳ таолога ҳавола. Балки, унинг ботинида узри бордир ёки тўғри қилаётгандир. Унинг зоҳирига қараб, ичингизда уни айблаётгандирсиз. Қўлингиздан келганича унинг ишини улуғланг. Чунки унинг сиздаги бир кунлик ҳаққи осмонлару ердан оғирдир ва ота-онангиз ҳаққидан улуғдир. Чунки ота-онангиз сизни егулик, кийим ва бадан озуқаси билан тарбия қилади. Олим эса сизни ҳақ, адолат ва ҳидоят билан тарбия қилади. У сизни жоҳилликдан Ҳақ томонга, сўқирликдан ойдинлик томонга етаклайди. Олимлар зулматлардан иборат йўлда сиз учун нурдир, дин ва дунё ишларингиз улар билан дуруст бўлади. 

Унинг обрўсини ҳимоя қилишингиз, у учун динини муҳофаза қилиб, тирикчилигида ёрдам беришингиз, бошига тушган ишлар ва вазифаларида унга кифоя қилишингиз, ўзингиз учун яхши кўрган нарсани унга раво кўришингиз, кўп ишларда уни ўзингиздан устун кўришингиз, сизга айтмасидан олдин буйруғини бажариб, Аллоҳ рози бўладиган ишларда унга дарҳол итоат қилишингиз ҳам унинг сиздаги ҳаққидандир. Аллоҳ таоло шундай деган: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).

Отам роҳимаҳуллоҳ бизга Фазл ибн Дукайндан, у Ҳасан ибн Солиҳдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақилдан ривоят қилишича,  Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “...ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга...” ояти ҳақида шундай деган: “Унинг маъноси яхшилик эгаларидир”. Шунингдек, ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ва бошқалардан ҳам ушбу маънодаги гаплар ривоят қилинган.

Жоруддан, у Вакийъдан, у Али ибн Солиҳдан, у Абдуллоҳдан, у Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Унинг маъноси фиқҳ эгаларидир”. Чунки, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан илмни мерос олганлар ва у зотнинг ўринбосарлари ҳисобланадилар. Демак, у зот алайҳиссаломга Аллоҳга итоат бўладиган ишларда итоат қилиш вожиб экан, уламоларга итоат қилиш ҳам шундайдир. Улар “أولو الأمر” бошлиқдирлар. Яъни, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аллоҳ амрига бўйсунадилар. Демак, одамларга ҳам уларнинг буйруғига бўйсуниш лозим бўлади. Уларни Аллоҳ далил ва пешволар қилган. Улар ҳақида Аллоҳ Ўз Каломида шундай марҳамат қилган: 

وَمِمَّنْ خَلَقْنَا أُمَّةٌ يَهْدُونَ بِالْحَقِّ وَبِهِ يَعْدِلُونَ

Яратган (банда)ларимиз ичида ҳақ (йўл)га ҳидоят қиладиган ва у (ҳақ) билан адолат қиладиган уммат (жамоат) ҳам бордир” (Аъроф сураси, 181-оят).

Мусо алайҳиссалом Тавротни очганда ушбу умматнинг сифатини Аллоҳ улар билан фазилатли қилган ушбу насибалар билан топган. Шунда: “Эй Роббим, уларни менинг умматим қилгин”, деганида у зотга “Улар Аҳмаднинг умматидир”, дейилган. Сўнг айтилган ушбу сўз у зотга нисбат берилди: 

وَمِنْ قَوْمِ مُوسَى أُمَّةٌ يَهْدُونَ بِالْحَقِّ وَبِهِ يَعْدِلُونَ

Мусо қавми ичида шундай уммат (гуруҳ) ҳам борки, (улар одамларни) ҳақ (сўз) билан ҳидоятга бошлайдилар ва у (ҳақ) билан (ҳукмларда) одиллик қиладилар” (Аъроф сураси, 159-оят). Шу тариқа Аллоҳнинг Пайғамбари бу орқали ўз қавмидан ҳам ушбу сифатга эга уммат бўлишидан рози бўлди. 

Ушбу уммат келган вақтда ўша умматларга берилмаган нарсалар ато этилди. Улар одамларни ўзларига итоат этишга буюрадиган раҳбардирлар. Аллоҳ уларда сиддиқлик, адолат, ҳақ, ҳикмат ва илмни жамлаган. Улар Аллоҳни билувчи, Аллоҳнинг тадбири ва амрини ҳамда У Зотга бандалик қилиш йўлини билувчи фақатгина уламолардир. Сўнг улардан кейин бир табақа бор, улар Аллоҳнинг амрини билмасдан Аллоҳнинг Ўзини таниганлардир. Улардан сўнг яна бир табақа бор, улар Аллоҳни ҳақиқий маънода танимай, У Зотнинг амрига итоат қилганлардир. Уларнинг ҳар бирини ҳурмат, улуғлаш ва буйруқни адо этишдан иборат ҳаққини адо этинг.

Унинг биз зикр қилган нарсаларни жамловчи илмидан иборат насибасига кўра унга итоат лозим бўлади. Ҳар бири ўз даражасида бўлиб, ўзининг ҳаққини адо этиш этиш лозимдир. Олим сифатининг мукаммал бўлишига қараб унинг ҳаққи мукаммал тарзда лозим бўлади ва унга итоат қилиш вожибдир. Улар ҳақида Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу шундай деганлар: “Раббоний олим ҳужжат қоим қилишидан замин холи қолмаган. Улар сон жиҳатдан оз бўлсалар-да, Аллоҳнинг наздида даражалари улуғдир. Улар дунёга баданлар ила ҳамроҳ бўлсалар-да, руҳлари олий маконга боғлангандир. Улар жоҳиллар улфат бўлган нарсадан бегонадирлар”.


Жониев Музаффархон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б., 
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry