07.07.2023
60

РАСУЛУЛЛОҲ (с.а.в.) НИНГ ҲАДИСЛАРИНИНГ ҲУРМАТИ

Оламларга раҳмат бўлмиш зот – Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир жамоаси, тоифаси, фирқалари ва мазҳаблари томонидан ҳурмат билан қабул қилинган. Уламолар, мужтаҳидлар уларни тушунишга, амалиётга жорий қилишга бор имкониятларини солиб, ҳаракат қилиб келганлар. Ҳар бир макон ва замоннинг мусулмонлари ўз уламоларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирган сўзларини қабул қилишга одатланганлар. Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари айтилганида, бирданига уни заиф ёки мавзуъ (сохта, тўқима) дейишга ботина олмаган, очиқчасига инкор қилишга журъат қилмаган. Ҳадиси шарифнинг саҳиҳ, заиф ёки мавзуълиги чуқур илм талаб қиладиган, изчил изланишлардан сўнг маълум бўладиган нарса бўлгани боис, оддий шароитда, ҳадис дейилган иборага ҳурмат кўрсатилаверган. Амалда мазкур айтилган ҳадисдаги ҳукмдан бошқаси қилинаётган бўлса-да, ушбу амални пеш қилинмаган. Балки, ундан бошқа шу хилдаги ҳадиси шариф борлиги изҳор қилинган. Ҳадиси шарифни ёки ундаги ҳукмни инкор қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким бўлишидан қатъий назар, унинг фикрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисига қарши айтиш айб ҳисобланган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига ҳақиқий маънода қарши чиқиш куфрдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига юзаки, оғзаки тарзда, суратан қарши чиқилса, бу қабоҳатдир. Ҳадис айтилганда, бирданига қўпол равишда қарши чиқиш асло мумкин эмас. Гарчи муайян ҳадис саҳиҳ мақсад ва тўғри қараш ила тарк қилинаётган бўлса ҳам, ҳурмати юқори қўйилиши шарт.

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур "Мирқот ал-мафотиҳ" асарида келтиришича, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бир даврада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовоқни яхши кўрганлиги айтилганида, бир кимса: "Мен қовоқни ёмон кўраман!" дейди. Шунда Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ унга қиличини ёлонғочлаб, "Имонингни янгила ёки сени ўлдираман" деганлар. Шунда ўша кимса дарҳол тавба қилган экан.

Юқоридаги ривоятга ўхшаган воқеалар салафи солиҳинлардан кўплаб ривоят қилинган. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бўлган ҳурматлари жуда ибратлидир:

Муҳаддис Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Имрон ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир. Ҳаё фақат яхшилик келтиради", деган ҳадисларини айтганлар. Шунда яна бир саҳоба Башир ибн Каъб разийаллоҳу анҳу: "Мен баъзи китобларда ва айрим ҳикматларда ҳаёда Аллоҳ учун аниқ виқор ва сакина бор эканлигини кўрганман. Сизнинг у ҳадисингиз эса заиф бўлса керак" дейдилар. Унинг бу гапидан саҳоба Имрон ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланиб кетадилар, икки кўзи қизариб, жаҳли чиқади ва "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисини айтсам, сен унга муораза қилиб, қарши чиқасанми?" дейдилар. Саҳоба Имрон ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу ҳадисни яна қайтарадилар. Башир ибн Каъб разийаллоҳу анҳу ҳам гапдан қолмай, ўз гапини такрор айтадилар. Имрон ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу баттар ғазабланадилар. Шунда Башир ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Имрон ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳунинг нима учун ғазабланаётганининг асл сабабини билиб қоладилар ва "Биз бунақа-да тортишаверамиз, эй, Абу Нужайд (Имрон), мен сиз тарафдаман, ҳечқиси йўқ!" деб уни тинчлантирадилар.        

Таниқли саҳоба Ибн Умар разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Кечаси масжидларга боришга аёлларга изн беринглар!" деган ҳадисини айтадилар. Шунда ўғли Билол (ёки Воқид): "Аллоҳга қасамки, мен уларга изн бермайман!" деб дағаллик билан қасамини такрорлайди. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга изн беринглар, деган десам, сен изн бермайман, дейсанми?!" деб ғазабини сочиб, сўккан эканлар. Бу ривоятни муҳаддислардан Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган бўлиб, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида: "Ибн Умар раҳимаҳуллоҳ шундан сўнг бу ўғли билан умуман гаплашгани йўқ", дейилган. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса ровийнинг: "Ибн Умар раҳимаҳуллоҳнинг бу тариқада қаттиқ ғазабланиб, сўкканини кўрган эмасман!" дейилгани келтирилган.

Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Ибн Умар разийаллоҳу анҳу: "Ухлаб турганингизда қўлларингизни уч марта ювинг, чунки, ҳеч ким қўли қаерда ётганини билмайди", деган маънодаги ҳадисни айтганида бир кимса: "Ҳовуз бўлса, нима қилади?" деган кинояли савол беради. Шунда Ибн Умар разийаллоҳу анҳу: "Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар десам, ҳовуз бўлса, нима қилади, дейсанми?" деб ғазабланган эканлар.      

Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал разийаллоҳу анҳу жияни билан бирга ўтирганида, у тирик жонзотни нишон қилиб ота бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал разийаллоҳу анҳу унга бундай қилмасликни, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганларини айтадилар. Шунда жиян бу қайтариққа эътибор бермасдан ўз ишини давом қилдира бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал разийаллоҳу анҳу яна гапини такрорлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтадилар. Жиян яна ота бошлайди. Шунда Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал разийаллоҳу анҳу унга: "Сен билан абадий гаплашмайман!" деб қасам ичадилар ва бу қасамига умрбод содиқ қоладилар. Ушбу ривоятни Ибн Можжа разийаллоҳу анҳу ўз ҳадис тўпламида келтирган.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, тобеъинлардан Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: "Ҳажга олиб борилаётган қурбонлик жониворларига белги осиш суннатдир" дейдилар. Шунда бир кимса: "Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ бу белгини жониворнинг бирор жойини кесиб қўйиш билан бўлади, деганлар", деб қўшимча қилади. Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: "Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар, десам, сен Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ бундай деган деб турибсан?!" дея қаттиқ ғазабланадилар. Сўнг: "Сен ушбу гапинг учун то бу гапингни қайтиб олмагунингча ҳибсга солиб қўйсам, бўларкан" дейдилар.

Юқоридаги ривоятлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари айтилган вақтда, бирор нарса суннат деб тилга олинганида, унга ҳурмат бажо келтириш, суннатлигини тан олиш керак бўлади. Агар ҳадислар ҳукми эшитувчининг фиқҳий мазҳабига тўғри келмаса, унда бу айтилган ҳадисни бошқа мазҳаб қабул қилган, дейиш керак бўлади. Ҳадиси шарифлар ўта заиф дейилган бўлса-да, унга қандайдир шартлар ила амал қилиш мумкин. Ҳаттоки мавзуъ (сохта, тўқима) дейилган ҳадисларни қайсидир олим ундай эмаслигини айтган бўлишининг эҳтимоли катта. Банобарин, ҳадис дейилган ҳикмат ва ҳукмларга ҳурмат бажо келтирилиши шарт. Умуман олганда, Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини қандай бўлишидан қатъий назар ҳурмат қилишимиз лозим.

 

Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry