06.06.2023
101
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтадилар:
- Хоҳлаганча илм ўрганаверинглар. Лекин унга амал қилмагунингизча Аллоҳ сизлар учун ажр бермайди. Нодонлар ҳиммати ривоят қилиш, уламолар ҳиммати риоя этишдир.
- Олимларга бериладиган жазо – уларнинг қалбларининг ўлганидир. Қалбнинг ўлиши эса илми ва ухровий амаллари бўлатуриб, дунёвий ниятлар кетида юрганидир.
- Илм талаб қилинглар, фақат илмни ҳилм (мулойимлик) ва виқор билан яширинглар.
- Олимларнинг илмини, файласуфлар назариясини тўплаб, амалда нодонлар даражасида иш кўрувчилардан бўлма!
- Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.
- Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолсалар, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади.
- Яхши гап – амри маъруф, наҳий мункар, илму авф, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир.
- Сўз амал билан дуруст бўлади. Амал ва сўз ният билан дуруст бўлади. Сўз, амал ва ният суннат билан дуруст бўлади.
- Агар мунофиқларнинг гуноҳлари ер юзидаги ўсимликлар сингари бўлсайди, оёқ босишга жой тополмасдик.
- Гуноҳ қилмаслик тавба қилишдан осонроқ.
- Мўмин ўз нафсининг ҳокими бўлмоғи керак.
- Фикр – яхшилик ва ёмонликларни кўрсатадиган оина.
- Кимнинг каломи ҳикмат бўлмаса, у лағвдир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, у саҳвдир, кимнинг назари ибрат бўлмаса, у лаҳвдир (ўйиндир).
- Бир соатлик тафаккур кечаси билан қоим туришдан яхшироқ.
- Оқиллар зикрдан тафаккурга, тафаккурдан зикрга ўтадилар. Қалбларининг гапиришини талаб қиладилар. Ва ниҳоят қалблари ҳикматли сўзларни айта бошлайди.
- Дунёни қидириб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик.
- Аллоҳ бандаси учун бирон яхшиликни ният қилганда, унга бойлик беради, у тугагач, яна беради. Агар бандасининг назарида бу дунёлик ҳақир кўринса, унга аҳамият бермаса, Аллоҳ янада мўлроқ беради.
- Одамзод уч нарсага афсусланиб бу дунёдан ўтади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират ҳаёти учун ҳозирлигини қилолмайди.
- Пулни ўйлаб сарф қилмоқ ярим фойдадир.
- Зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади.
- Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшаётган қўшнидир.
- Тўртта нарса кишининг мурувватидан: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши.
- Ҳаммомга икки изор билан кириш дуруст. Биринчи изор аврат учун, иккинчиси – кўз учун, яъни кўзини одамларнинг авратидан тўсиш учун.
- Биродарларимиз биз учун аҳли оиламиздан ҳам қимматлироқдир. Чунки аҳлимиз бизга нуқул дунёни эслатади, биродарларимиз эса – охиратни!
- Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди.
- Киши аҳли аёлига ишлатиш учун қарз сўраб, кейин уни узишга ҳаракат қилса-ю шу қарз билан вафот этиб қолса, Аллоҳ таоло унинг даъвогарларини рози қилади.
Манба: hidoyat.uz
Қўшимча малумот
Агар фарзанд шижоатлантирувчи муҳитда яшаса, ўзига ишончни таълим олади.– Агар фарзанд мақтов муҳитида яшаса, розилик ва муҳаббатни таълим олади.– Агар...
Таваккул – ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ботиний ҳолатлари, хулқларидир. Ҳалол касб, меҳнат орқали кун кўриш у зоти шарифнинг...
«Инсонлар икки тоифага бўлинадилар, улар муҳаддис ва фақиҳлар бўлиб, улар биридан айри ҳолда бўла олмайдилар. Улар бир-бирларига муҳтождирлар». Имом Хаттобий
Изоҳлар