03.06.2023
123

ИСЛОМДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ

Ватан, Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар он фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай асраб-авайланадиган бебаҳо неъматдир.

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари Она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бор. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган Она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.

Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратаётган оналарнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим-тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб, Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаёттан ҳар бир инсон ўзига “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тилини, ўзлигини, ҳақлигини исбот этмоққа-да ожиз кўнгиллар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради. Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таъкидлаб, шундай дейди: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).

Яратган ато этган улуғ неъмати бўлмиш, истиқлол заминимизни ёмон кўзлардан, хавф-у хатарлардан, Ўз паноҳида асрасин. Барчамизга бу буюк неъматнинг қадрини тўғри англамоқлик, шукронасини тўкис адо этмоқликка мушарраф қилсин!


Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
матбуот котиби Ф.Абдуллаев

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry