25.05.2023
141

БУЗҒУНЧИЛИК ТИНЧЛИКНИНГ АСОСИЙ КУШАНДАСИДИР

Аллоҳ таоло инсоният оламини яратиш билан бирга унга турли неъматларни ҳам бериб қўйган. Минг афсуслар бўлсинки, инсон зоти мана шу неъматларнинг қадрига, неъмат қўлидан кетганидан кейин етади. Халқимизда бир мақол бор, “Сўнги пушаймон ўзинга душман”. Дарҳақиқат, неъмат қўлдан кетгандан кейин қилинган пушаймондан не наф?

Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган неъматлар ичида энг афзалларидан бири бу шубҳасиз тинчликдир. Ҳақиқатдан ҳам бугун бутун инсоният олами бу беназир ҳақиқатни тан олишдан бошқа чора тополмаяпти. Зеро тинчлик бўлмаса, инсонга бошқа бирон бир неъмат татимайди. Шунингдек тинчлик бўлмаса бошқа неъматларга эришиш ҳам жуда мушкул ишлар қаторига киради. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мунофиқларни сифатлаб шундай дейди.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ لَا تُفۡسِدُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ قَالُوٓاْ إِنَّمَا نَحۡنُ مُصۡلِحُونَ۝ أَلَآ إِنَّهُمۡ هُمُ ٱلۡمُفۡسِدُونَ وَلَٰكِن لَّا يَشۡعُرُونَ ۝

“Агар улар(мунофиқлар)га ер юзида фасод қилманглар дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз дерлар. Огоҳ бўлинг! Улар, фақат улар фасодчилардир” (Бақара сураси, 11-12-оятлар). 

Шунингдек, Моида сурасида эса: 

وَٱللَّهُ لَا يُحِبُّ ٱلۡمُفۡسِدِينَ ۝

“Албатта Аллоҳ фасодчиларни севмас” деб хитоб қилади.

(Моида сураси, 64-оят).

Биз нега айнан фасод ва фасодчилар борасидаги оятларни келтирдик, чунки тинчлик деган неъматга хавф туғдирувчи асосий таҳдид бу фитна фасодни инсонлар орасига ёйиш ва ёйилишидир. 

Моида сурасида зикр қилинган “муфсид” сўзининг луғавий маъноси “бузувчи”, “уриштириб қўювчи”, “ўзаро орани бузувчи” бўлиб, мана шундай ишларни амалга ошириб, ўзлари эса тинчлик неъматини кўролмайдиган фасодчи инсонлар қаторида томоша қилиб турадиганлар муфсидчилардир.

Ҳозирги кунда инсонлар орасида фасод ишлар тез урчишининг сабабларидан бири, инсон эшитган нарсасига ишониб, эргашиб кетаверишидир. Бу хабар ростми?, ёки фитнами?. Бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Ахир Аллоҳ таоло бундай ҳолатларда мўмин киши қандай йўл тутишини Ҳужурот сураси, 6-оятида баён қилганку:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن جَآءَكُمۡ فَاسِقُۢ بِنَبَإٖ فَتَبَيَّنُوٓاْ أَن تُصِيبُواْ قَوۡمَۢا بِجَهَٰلَةٖ فَتُصۡبِحُواْ عَلَىٰ مَا فَعَلۡتُمۡ نَٰدِمِينَ۝

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” дейилган бўлиб, ушбу ояти каримага амал қилишимиз ҳамда бирон хабар эшитсак бу хабар қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини биз мусулмонлар текшириб, сўнгра фикр мулоҳаза қилишимиз, агар ўша хабар ёлғон бўлса ва буни текширмасдан фикр билдирсак юқоридаги муфсид инсонлар қаторида бўлиб қолишимизни ўзимиз яхши биламиз. Демак мусулмон киши бу ҳолатда тарқалган хабарларни синчиклаб текшириши ва фасод хабарлардан ўзини ҳамда оила аъзоларини тўхтатиши лозимдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам шундай деганлар.

مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي سِرْبِهِ مُعَافًى فِي جَسَدِهِ عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا

Яъни, “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. (Бухорий, ал-Адаб ал-муфрад) Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларига эътибор берсак, биз учун жуда муҳим бўлган аммо биз кўпинча ўшанга эътибор қилмайдиган уч нарсани айтиб ўтганлар. Ўша уч нарса тинчлик, саломатлик ва моддий таъминотдир. Барчамизга аёнки мана шу уч нарсанинг барчасига биз эришиб турибмиз ва бу неъматлар учун албатта Аллоҳга ҳамдлар айтиб шукр келтирмоғимиз керак. 

Юртимиз тинчлигини сақлашимиз учун ҳар хил фитналарга, иғволарга ҳамда дин номидан нотўғри иш қилувчиларга ишонмаслигимиз, бу борада барча инсониятни огоҳлантириб тинчлик неъматини қадрига етадиган қилиб тарбия қилмоғимиз лозим. 

Аллоҳ таоло бутун олам осойишталигини, хоссатан юртимиз тинчлиги ва барқарор ривожини бардавом айласин. 

 

Жобир Элов

Мир Араб олий мадрасаси ректори

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry