20.05.2023
182

Радикализм ва экстремизмга қарши курашда Ўзбекистон тажрибаси

Ҳозирги кундаги глобаллашув шароитида ҳамда халқаро ёки минтақавий миқёсда юзага келаётган низоли вазият ва можароларнинг мавжудлиги ҳолатида экстремизм, радикализм ва терроризм сингари бузғунчи мафкураларга қарши курашиш масаласи кун тартибидаги долзарб мавзулар сирасига кирмоқда. Бунга экстремистик ва радикал ғоялар таъсирига тушиб қолаётган инсонларнинг аксарини ёшлар ташкил қилаётгани ва уларнинг сон жиҳатдан ортиб бораётганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. 

Бугун экстремизм ва терроризм каби вайронкор ғояларни ёқлайдиган жамоа ва ташкилотларнинг аъзолари томонидан замонавий ахборот воситаларидан фойдаланиб, дин ниқоби остида ёшларимизни зўравонликка, миллий ўзлик ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш ҳаракатлари билан жамиятда муросасизлик, бузғунчилик ва радикал қарашларнинг тарқалиши ҳаракатлари давом этаётганлигини кузатиш мумкин. Бундай ҳаракатлар замирида эса террорчи ташкилотларнинг ўз сафини янада кенгайтириш мақсадлари борлиги намоён бўлмоқда.     

Шу сабабли, муқаддас динимизда қораланган, қадриятларимизга зид бўлган ва анъаналаримиз қабул қилмайдиган радикализм, экстремизм ва терроризм каби иллатлардан ёшларимизни асраш, уларнинг тарқалишига хизмат қилаётган ҳар қандай фаолиятга чек қўйиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш, бу борада миллий ва халқаро тажрибалардан фойдаланиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.  

Таъкидлаш лозимки, дунё мамлакатларида таҳидларни олдини олиш бўйича турли йўналишлар ва тадбирлар жараёни амалга оширилади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳукуматимиз томонидан тегишли ишлар ташкил қилинган. Бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар орасида радикализм ва экстремизм ғояларининг тарқалишини олдини олишга қаратилган олий даражадаги ҳужжатларни қабул қилиш орқали белгиланиб берилганини кузатиш мумкин. Жумладан, 2023 йил                      28 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастурининг 82-мақсади “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш” деб номланди. Мазкур йўналиш доирасида ёш авлодда экстремизмга қарши курашишда қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш юзасидан тадбирларни ташкил этиш вазифаси манфаатдор идоралар зиммасига юклатилди. Бунинг амалий ифодаси сифатида «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, юртимиздаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг малакали ходимларини жалб қилган ҳолда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлар ўтказилмоқда. Тарғибот тадбирлари республиканинг давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фуқаролари йиғини ҳамда давлат ва нодавлат тусидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаси вакиллари учун ташкил этилмоқда. 

Мазкур тадбирлар доирасида 100 дан ортиқ олий таълим муассасаларининг талабалари орасида исломга ёт бўлган ғоялар, бузғунчилик қарашлари ва умуминсоний қадриятларни инкор қиладиган турли мафкураларнинг тарқалиши олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Шу билан бирга, талабаларда ватанга муҳаббат, ота-онаси ва мураббийларга ҳурмат сингари эзгулик тамойилларининг аҳамияти ҳақида тушунчалар бериб бориш жараёнлари ўзининг ижобий ҳолатини намойиш қилди. 

Бундан ташқари, юртимизда радикализм ва экстремизмга қарши курашишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун ҳужжатларни амалиётга жорий қилиш ушбу йўналишда мавжуд механизмларининг янада самарали ишлашига турки бўлди. Жумладан, 2018 йил 30 июль санасида Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги                    489-сонли Қонуни қабул қилиниши ўлароқ мамлакатимизда экстремизмни олдини олиш чора-тадбиларининг янги талаблари жорий қилинди. Мазкур қонунда экстремизм фаолияти, экстремизм билан шуғулланувчи гуруҳ ва ташкилот ҳамда ушбу фаолиятни молиялаштиришнинг оқибатлари юзасидан тушунчалар очиб берилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6255-сонли Фармони асосида қабул қилинган  2021−2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси тасдиқланди. Милллий стратегиянинг қабул қилиниши тарихий воқеа сифатида талқин қилиш мумкин. Сабаби, ушбу ҳужжат Янги Ўзбекистон шароитида бузғунчи иллатларга қарши курашишнинг ўзига хос йўналишларини белгилаб берди. Стратегияда экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги мавжуд тажриба, шунингдек, минтақа давлатларидаги мазкур таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳолатнинг қиёсий таҳлиллари тадқиқ қилинган ҳолда Марказий Осиёда экстремистик ва террорчилик фаолиятининг ўзига хос жиҳати, миллий, ижтимоий, диний ҳолатлари ўрганилди. Миллий стратегиянинг устувор йўналишлари қуйидагилар этиб белгиланди:

  • экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ватанпарварлик, анъанавий қадриятлар ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш;
  • вояга етмаганлар ва ёшлар орасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш;
  • хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги ролини кучайтириш;
  • узоқ муддат хорижда бўлган фуқароларни экстремизм ва терроризм ғоялари таъсиридан ҳимоя қилиш;
  • экстремистик ва террорчилик мақсадларида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишга қарши курашиш;
  • фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги иштирокини таъминлаш;
  • экстремистик ва террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, уларни молиялаштирганлик учун ҳуқуқий таъқиб ва жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш;
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  • халқаро ва минтақавий ҳамкорлик.

Стратегияда белгиланган ҳар бир вазифа ва йўналишлар таркибида юртимиз аҳолиси, хусусан, келажак авлодимизни радикал қарашлардан ҳар томонлама асраш мақсадлари кўзланганлиги намоён бўлади.

Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан 500 дан ортиқ аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши орқали жамиятда инсон қадри ва унинг эркини олий қадрият сифатида талқин қилинаётганлигини яна бир бор намоён қилди. Бу эса жамиятдаги айрим шахсларнинг ўз мамлакатига нисбатан ишончининг ортиши ва давлат сиёсатига нисбатан ҳайриҳоҳлик кайфиятини пайдо қилишга хизмат қилди дейиш мумкин.   

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги экстремизм ва радикализм ғояларини олдини олиш бўйича амалиёт ва чора-тадбирлар замирида юрт-тинчлигини асраш, ёшларни бузғунчи қарашлардан сақлаш, диний қадриятларни ҳимоя қилиш сингари мақсадлар ётади. Бундай ҳаракатлар эса диний-маърифий тарғиботлар ва ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ишларини ташкил қилиш йўли билан амалга оширилиши самарадорликни янада оширмоқда. Мазкур жараёнлар Ўзбекистонда радикализм ва экстремизмни олдини олишда ўзига хос тажриба шаклланишига хизмат қилмоқда. 

 

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

илмий ходими Улуғбек Жўраев

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry