05.05.2023
121

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” НИМА?

Ҳозирги даврнинг ёшлари ўзига хос бўлган “тушунчалар уруши” шароитида, уларнинг кескин тус олган вақтида яшамоқдалар. Ғарбдан кириб келган, ҳақиқий маданиятга умуман алоқаси бўлмаган, “Оммавий маданият” аталмиш, бу ажнабий ҳолат барчани бир тусга, бир қолипга, бир хил кўринишга, бир хил фикрлашга, бир хил турмуш тарзига одатлантиришга, урф-одатларимиздан, менталитетимиздан юз ўгиртиришга чиранмоқда, ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтиришга ҳаракат қилмоқда.

Бу “оммавий маданият” деганларининг луғатига, яъни ушбу “маданият” тарғиб ва талқин қилаётган сўзларнинг мазмун-моҳиятига бир назар ташласак ҳаммаси аён бўлади. Масалан:

Исрофгарчилик – бойлик, тўкин-сочинлик, ҳашамат, дабдаба белгиси;

Ёшлик – тез ўтиб кетадиган, лаззатланиб, роҳатланиб, ўйнаб-кулиб ҳар хил бебошликлар, бемаънигарчиликлар, номақбулчиликлар қилиб қоладиган ва қилиниши керак бўлган вақт;

Вафо, садоқат – феодаллар тузумидан қолган, умуман қизиғи, кераги, фойдаси йўқ эскилик сарқитлари;

Ҳаё, ибо – маданиятсизлик, маънавиятсизлик ва кераги йўқ бир мавҳум тушунчалар;

Инсоф қилиш – имкониятни, фурсатни бой бериш, чув тушиб, ғафлатда қолиш;

Саховат – маблағни кўр-кўрона сарфлаш, сармояни ҳеч қандай мақсадсиз совуриш;

Яхши ота – бола қўлига катта миқдордаги пулни бериб қўйиб, барча хоҳиш истакларини руёбга чиқарадиган, улкан имкониятлар яратиб берган яхши шерик;

Ёмон ота – боласига пул эмас, аксинча, таълим-тарбия, билим, одоб-ахлоқ, малака эгаллашга, кўникма ҳосил қилишга кўмаклашувчи, тергаб турувчи, кези келганда жазоловчи ёмон шерик;

Оила – шахсга хоҳлаган ишини қилишга тўсқинлик қилувчи, бемаъни, кераксиз мажбуриятларни юкловчи, кўнгилхушликларини, кайф-сафосини, эркинлигини бўғувчи, беш кунлик дунёда яйраб, ўйнаб қолиш керак, деган ақидага ғов бўлувчи исканжа, занжир;

Хиёнат – инсон замонавийлигининг ёрқин намояндаси, “занжирбанд” бўлган инсонга етишмоқ, озод севги тантанаси, ғалабаси;

Худбинлик – ўзининг ҳузур ҳаловатини ўйлаб, маза қилиб ўзи учун, яшашдир. “Занжирбанд” қилувчи оила, роҳатни бузувчи фарзанд, кераги бўлмай қолган ота-она учун умуман қайғурмаслик.

Ҳиндистон ўлкасининг озодлигига, равнақига, тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк инсон Маҳатма Гандига “Глобаллашув жараёнига Сизнинг муносабатингиз қандай?” деб, савол билан мурожаат қилишганда, у шундай жавоб қайтарган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки мени уйимни чанг-тўзон босиб кетишини хоҳламайман”.

“Оммавий маданият” ўзи нима?” деган саволга, бу ҳамма учун бир хил кўринишдаги, бир хил қолипдаги, ўзини, ўзлигини йўқотиш эвазига эришилган бир ҳолатдир дейиш мумкин.

“Оммавий маданият”нинг баъзи бир кўринишларига тўхталиб ўтамиз:

Старизм – субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, машҳур инсонлар, телевидение ва радио бошловчиларини илоҳийлаштириш.

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздиришни (татуировка) Ислом дини қаттиқ қоралайди. Бу каби кўринишдаги амаллар миллий ўзлигимиз ва урф-одатларимизга ҳам мутлақо тўғри келмаслигини ёши катталар мунтазам такрорлашади. Тарихий китобларда ёзилишича, татуировка ашаддий жиноятчилар учун жазо воситаси ҳисобланган. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, иймонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бундай манфур амалдан биз ўзимизни ва энг асосийси, фарзандларимизни асрашимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Зўравонлик – бу инсонга етказиладиган ҳар қандай жисмоний, маънавий, руҳий, моддий тазйиқлар сирасига киради. Жумладан, ўзига нисбатан тазйиқ ўтказиш ҳам зўравонлик саналади. Бу каби кўринишдаги ҳолатлар ҳозирги кунда кенг авж олиб бормоқда. Унинг намойишлари ҳам турлича бўлиб, булар:

Хеппининг (ваҳшиёна “кўнгил очиш”лар). Бу каби воқеалар бизнинг мамлакатимизда деярли кузатилмайди. Лекин “оммавий маданият”нинг маҳсули бўлган фильм ва ўйинларнинг сарҳадларимиздан яшириниб, сездирмай кириб келиши ва уларни ёш авлод томонидан қабул қилиниши Ватанимизда ҳам хеппининг пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз даркор.

Нигилизм лотинча “ҳеч нима”, “ҳеч нарса” сўзидан олинган. Нигилизм – жамиятнинг ахлоқий, маънавий норма ва устунлари, умум эътироф этилган тарихий ва маданий қадриятларнинг инкор этилиши, шунингдек, уларга нисбатан мутлақо салбий, ўта танқидий муносабатда бўлиш; муайян ҳодисага бир ёқлама, келишувни рад этган тарзда муносабат билдириш; бузғунчилик ғояларини ўзида ифодалаш ва тарғиб қилиш.

Дунё ҳақидаги ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига олувчи таълимотлардан бири скептицизмдир. У билим, тажрибадан кўра ҳиссий идрокни устун қўйиш ва шу асосда иш тутиш, яъни, ўзларининг ҳис-туйғулари асосида иш кўришни энг мақбул йўл деб билувчилар.

Вандализм – маданий ёдгорликларни, қадриятларни ваҳшийларча вайрон, оёқ ости қилиш, йўқотиш; маданиятсизлик, жаҳолат, нодонликнинг бир кўринишидир.

“Оммавий маданият”нинг манбалари:

Турли виртуал (компьютер) ўйинлар, айрим чет эл ва хусусий студияларда олинган ўзбек фильмлари, тум-тарақай, маъно-мазмунсиз қўшиқлар, чет эл телеканалларининг айрим кўрсатувлари, интернет ва ундаги турли ижтимоий тармоқлар, уяли алоқа воситалари, урбанизация жараёни, исрофгарчиликка йўл қўйилган тантаналар ва тўйлар ҳамда ёлғон ахборот ва маълумотларни тарқатувчи ОАВ.

Бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган европа миллатига мансуб ёшлар орасида кўпроқ тарқалаётган “эмо”, “гот” каби субмаданият йўналишларини тарғиб этувчи 10 дан ортиқ интернет сайтлари ишламоқда.

Шундай экан, инсон ўзида бундай маданиятга қарши иммунитетини қандай тарбиялаши ва бунинг учун нима қилиши зарур? Азалий бўлган, минг йиллик синовлардан ўтган қадриятларимиз, урф-одатларимизни мукаммал билиш ва уларга амал қилиши даркор. Мабодо шундай вазиятга, ҳолатга тушиб қолса, ҳеч бўлмаганда “Бу кўринишдаги “маданиятни ким, қандай мақсадда ва нима учун узатаяпти?”, деган саволларни ўзига ўзи бериши, унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши керак бўлади. Ана шундагина турли ғоялар, шубҳали “маданиятлар” таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади. Шаклланган ахборот истеъмоли маданияти миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотлар ва “маданият”га нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўтайди, шахс дунёқараши ва хулқидаги собитликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Жонибек Жумаев

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот 
маркази илмий ходими

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry