20.04.2023
126

Ёшларни ижтимоий иллатлардан асраш – бугунги кун талаби!

Мафкуравий зиддиятлар авж олган бугунги глобаллашув даврида интернет ва ижтимоий тармоқларда ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган таҳдидлар тобора кўпроқ намоён бўлиб бормоқда. Афсусланарлиси, бунинг натижасида айрим ёшлар орасида оммавий маданиятга эргашиш, ахлоқсизлик, жиноятчилик йўлига кириш, кашандалик, гиёҳвандлик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, ўз жонига қасд қилиш, миллий ва диний қадриятларга ҳурматсизлик, экстремизм ва радикализм каби ижтимоий иллатларга берилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бугунги кунда ижтимоий иллатлар ижтимоий-маънавий муҳитни издан чиқаришга, инсон наслининг бузилишига, унинг инсонийлик чегарасидан чиқиб, ҳайвоний қиёфа касб этишига қаратилгани билан ўта хатарли таҳдидлар сирасидан ҳисобланади. Бундай иллатларга қарши курашиш, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни ташқи таҳдидлар таъсиридан асраб-авайлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат руҳида, миллий ва диний қадриятларимизга ҳамоҳанг тарбия топишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлган ўтган анжуманда сўзлаган нутқида ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оила, маҳалла ва бутун жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаёт ва ислом динининг поклигини асраб-авайлаш долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Ушбу ўринда муқаддас динимизнинг манбаларига назар ташлайдиган бўлсак, қатор оят ва ҳадисларда инсон учун хос бўлмаган ҳар қандай салбий иллат, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўриниши қатъий қораланганини кўришимиз мумкин. Жумладан, “Бақара” сурасининг 60-оятида “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” дейилган. Ҳадиси шарифларда эса қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермайдиган кишигина ҳақиқий мусулмон ҳисобланиши таъкидланади. Ислом таълимотига биноан, жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишидан холи бўлиши, диний мансублиги, ижтимоий келиб чиқиши ҳамда ирқидан қатъи назар, жамият ичидаги инсонларнинг жипслиги, ўзаро ҳамкорлик ва бағрикенгликка асосланган ҳаёти устига қурилган бўлиши лозим. 

Ҳозирги вақтда ёшларни турли ижтимоий иллатлар, хусусан, экстремизм ва терроризм таъсиридан асраб-авайлашнинг энг муҳим омилларидан бири билим ҳисобланади. Ёшлар қанчалик билимли бўлса, уларнинг адашиб ёт йўлларга кириб қолишлари ҳам шунчалик кам кузатилади. “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғоясининг асосий моҳияти ҳам шундан иборат. Шу билан бирга, бугунги кунда ёшлар бўш вақтларини унумли ўтказишлари мақсадида жамоат ишларига, фан ва касб-ҳунар тўгаракларига, маънавий-маърифий ҳамда санъат тадбирларига, спорт мусобақаларига жалб этиш орқали уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан, ҳам руҳан етук ва соғлом шахс бўлиб камол топишларига эришиш мумкин.

Аллоҳ инсонни яратиб, соғлом ақл орқали уни бошқа махлуқотлардан фарқлантириб, азиз ва мукаррам қилиб қўйди. Ақл эса инсонга оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратиш учун берилган инъом ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон, айниқса юрт келажаги учун масъул бўлган ёшлар ақл кучини Ватан тараққиёти, жамият равнақи, умуминсоний манфаатларга йўналтириши лозим. Аллоҳ таоло томонидан берилган ақлни бузғунчилик ишларига сарфлаш, ундан нотўғри фойдаланиш эса ислом таълимотига буткул зид иш ҳисобланади. 

Шуни таъкидлаш лозимки, ёшлар учун, энг аввало, уларнинг ота-оналари масъул ҳисобланадилар. Зеро, фарзандга гўзал тарбия бериб, уни билимли инсон, жамият учун фойдали мутахассис қилиб етиштириш ислом кўрсатмаларида ўз аксини топган. Шу боис, ота-оналар доимо фарзандларининг нима ишлар билан машғуллигини назорат қилиб, унинг мактабдаги ўқиши, атрофдагилар билан муносабатлари, қизиқишлари ҳақида суҳбатлаши туришлари тавсия қилинади. Буюк жадид бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир. Бугунги пўртанали дунёда тарбия, айниқса муҳим ва долзарб масалага айланган. 

 

Азиз Таджиев,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry