06.04.2023
117

Илмли ва тарбияли ёшлар – жамият равнақи асоси!

Ҳар бир юрт тараққиёти жамиятда ёшларнинг илмий салоҳияти, ахлоқи ва тарбиясига боғлиқлиги шубҳасиз. Дунё яралганидан то бугунги кунимизга қадар илм ва тарбиянинг аҳамияти ҳеч қачон йўқолган эмас. Зеро, башарият ҳаёти фақатгина моддий унсурлар билан чекланмаган. Инсон хилқати моддий эҳтиёжлар билан бир қаторда руҳоний унсурларга ҳам муҳтож қилиб яратилган. Балки руҳоний эҳтиёжлар, яъни ақл ва қалб учун зарур бўлган илм, одоб-ахлоқ кабилар инсоннинг бахт-саодати учун муҳимроқ рол ўйнайди.

Баъзи кишилар “Хоббингиз, яъни севимли машғулотингиз нима?” деган саволга “Хоббим китоб ўқиш” деб жавоб берадилар. Бу, албатта, умуман китоб ўқимагандан кўра ижобий ҳолат. Шу билан бирга, илмнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти нуқтаи назаридан кулгили жавоб ҳисобланади. Тасаввур қилинг, шу саволга кимдир “Хоббим овқатланиш”, “Севимли машғулотим ухлаш” ёки “Мен кийим кийиб юришга қизиқаман” деб жавоб берса, қандай ҳам кулгили жавоб бўлар эди. Худди шунингдек, китоб ўқиш, яъни илм эгаллаш ва одоб-ахлоқ ўрганиш ҳам инсон руҳиятининг энг зарурий эҳтиёжлари саналади. Озиқ-овқат, уйқу, либоснинг инсон ҳаётда қолиши учун аҳамияти нечоғлик юксак бўлса, илм ва тарбиянинг аҳамияти ундан заррача кам эмас. Ана шу заруратни нафақат ёшлар, балки уларнинг тарбиячилари – ота-оналар ва устозлар ҳам теран англасалар, жамиятдаги турли хил кўнгилсиз ҳолатлар, жиноят ва тараққиёт кушандаси бўлган иллатлар йўли қисқаришига осон эришиш мумкин бўлади.

Динимиз манбаларида илм ва тарбияга нақадар кучли эътибор қаратилганини Қуръон оятлари ва ҳадис шарифларда келган тарғиблар тасдиқлайди. Қуръони каримнинг Тоҳа сураси 114-оятида Пайғамбар алайҳиссаломга “Роббим, илмимни зиёда қилгин” деб дуо қилиш ўргатилади. Бошқа бир оятда эса илмли кишиларнинг юксак даражаларга кўтарилиши таъкидланади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради” дейилади. Ҳадисларнинг эса барчасини илм ва тарбия ташкил этади дейиш муболаға бўлмайди. Зеро, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мусулмонларга насиҳат қила туриб, “Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, “Яхшилик ҳусни хулқдир”, “Қиёмат кунида мўминнинг тарозисида ҳусни хулқдан ҳам оғирроқ нарса бўлмайди” мазмунидаги сўзлари тарбиянинг асоси бўлмиш гўзал ахлоқнинг икки дунёда ҳам инсон саодати омили бўлишидан дарак беради.

Дарҳақиқат, ёшларнинг тарбияли бўлиб, илм-фанга қизиқишларида ота-оналарнинг ўрни ғоят муҳим. Зеро, ота-она фарзандни гўё нав-ниҳолни парваришлаб, ўстиргани каби вояга етказади. Ушбу жараёнда нафақат шахсий намуна, қолаверса, яхши-ёмонни таълим бериш қушнинг икки қаноти каби зарур воситалардан ҳисобланади.

Дунёга довруғи достон бўлган олиму фузалоларнинг муваффақияти негизида ҳам ота-оналарнинг меҳнати, гўзал тарбияси ётади. Буюк муҳаддис, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ишончли ҳадисларини башариятга тақдим этган Муҳаммад ибн Исмоилнинг дунёга Имом Бухорий бўлиб танилишида муштипар бир онанинг гўзал тарбияси ётади. Имом Моликдек мазҳаб асосчисининг камолотга етишиши асосида “Илмдан олдин одоб-ахлоқни ўргангин” дея тарбия берган фаросатли онанинг меҳнатлари туради. Фотима Самарқандиянинг дунёга фиқҳ олимаси сифатида танилиши Алоуддин Самарқандийдек илм ва тарбияни бирдек тутган оталарнинг ҳиммати самарасидир. Тарихимиздан сўзловчи манбалар бу каби гўзал ўрнаклар билан тўлиб тошган.

Бугунги ёшлар ҳам ота-она ва устозлар насиҳати ҳамда маърифат хазинаси ҳисобланган китоблардан аввало тарбия намуналарини яхши ўзлаштириб, сўнг юрт равнақига ҳисса қўшувчи илм-фан соҳаларида ҳақиқий мутахассис бўлишга интилишлари нафақат уларнинг шахсий ҳаётлари, балки бутун жамиятнинг фаровонлиги йўлида энг муҳим омилдир. Шундай экан, илм ва тарбияни ҳаётимизнинг бирламчи ва ҳал қилувчи воситаси сифатида англашимиз ва бошқаларга буни англатишимиз жамиятимиз зиммасидаги долзарб вазифалардан саналади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 
Нашрлар бўлими етакчи илмий ходими Достон Мустафаев

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry