21.06.2023
159

АҚИДАВИЙ АДАШУВДАН САҚЛАНИШ

(Мотуридийлик таълимотида Аллоҳ таолонинг сифатлари талқини)

Ислом дини таълимотида Аллоҳнинг сифатлари мавзуси муҳим аҳамиятга эга. Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларда зикр этилган. Уларнинг барчаси қадимий, азалий сифатлардан. У мукаммал сифатлар билан сифатланган ва улардан бирортаси махлуқотларнинг сифатига ўхшамайди. Салафи солиҳлар “Асмоул ҳусна” (гўзал исмлар) мавзусини катта эътибор билан ўрганганлар. Айни бу йўлни халаф уламолари ҳам давом эттирганлар. Салаф ва халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатларини “Уни Ўзига муносиб бўлмаган нарсалардан поклаш” деган мақсадда ўрганганлар.

Салаф уламолари деб биринчи уч асрда яшаб ўтган мусулмонлар тушунилади. Улар замонасида ҳали фалсафий қарашлар динга аралашмаган, ақидавий ихтилофлар, оқимлар урчимаган давр бўлган. Шу боис улар бошқа илмлар қатори “Ақоид” илмини фалсафий қарашлар билан қориштирмай, содда ва ихчам тарзда ўрганишиб, шогирдалрига баён қилиб берганлар. Жумладан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Фиқҳу ал-Акбар” асарида: “У махлуқотларидан ҳеч бирига ўхшамайди. Унга махлуқотларидан ҳеч бири ўхшамайди. Унинг барча сафатлари махлуқларнинг сифатларига зиддир. У илмимизга ўхшамайдиган илм билан билади. У қудратимизга ўхшамайдиган қудрат ила қодир бўлади. У кўришимизга ўхшамайдиган кўриш билан кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жонни зикр қилган бўлиб, улар У зотнинг кайфиятсиз сифатлардир”.

Имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм ибн Ҳаммод сифатлар борасида шундай деган: “Ким Аллоҳни Унинг махлуқотларига ўхшатса, кофир бўлибди. Ким Аллоҳ Ўзини-ўзи васф қилган нарсани инкор қилса, кофир бўлибди. Аллоҳ ва Унинг расули васфлаган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда исбот қилса ва Ундан нуқсонларни рад этса, ҳидоят узра бўлади”.

Салафи солиҳлар сифат масаласида тафвиз (топшириш), яъни аслам (тинч) йўлни тутганлар. Чунки, у даврда сифатларни таъвилсиз қандай бўлса, шундайлигича тушуниш салафларни йўли бўлган. Уларда сифатларни таъвил қилишга эҳтиёж ҳам, зарурат ҳам бўлмаган. Худди бу аксарият ҳадис ва оятларни изоҳсиз, шарҳсиз тушунишларига ўхшайди. Салафи солиҳлар даври соддаликка асослангани билан ўзига хос аҳамиятга моликдир. Жумладан, бунинг мисолини “истава ала-л-арш” масаласида кўришимиз мумкин. Ўтган авлодлар бу оятнинг маъносини Аллоҳга ҳавола қилишиб, бу ҳақда сўз очишмаган. Чунки у вақтда ҳамма яхши тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечиришган ва турли фитналарга дучор бўлишмаган. Шу билан бирга ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни фитначи, деб номлаб ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўймаган.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг тутган мавқифлари ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Моликнинг ҳузурига кириб истиво ҳақида сўраган экан. Шунда Имом Молик: “Истиво маълум. Унинг қандоқлиги номаълум. Унга имон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар, буни, менинг олдимдан!” деган эканлар. Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб туришган. Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлашди. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирдан ва тўла узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига путур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик билан ўртага ташлашар эдилар. Ана шундоқ масалаларнинг энг катталаридан бири, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини олишиб, мусулмонларнинг ақидасига зарар етказишга уриниш бўлган. 

Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки бошқа У пок зотга нисбат берилган сифатлар таърифида фитна қўзғаб кишиларни залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар.Энди салафи солиҳларга ва имом Моликка ўхшаб, бу масалада савол бериш бидъатдир, деб фатво чиқариш иш бермайдиган ҳолга келди. Балки, шунга ўхшаш масалада савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади. Ана шундоқ нозик бир пайтда Абу Мансур Мотурудий каби буюк алломалар ақийданинг софлигини сақлаб қолиш учун катта хизмат қилдилар. 

Бузғунчилар, Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши, унга баробарлашишидир, деган бўлсалар, халафлар, яъни-кейинги уламоларимиз, йўқ, унда Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун истивони Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак дедилар.Шу тариқа истиво-қуввати ва султонлиги ила эга бўлмоқдир, деган таъвил қилинди. Бунда ҳам худди салафи солиҳларга ўхшаб Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир. Ҳам салаф, ҳам халаф уламоларимизнинг мақсадлари бир бўлган. Фақат мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос ечимни йўл тутганлар.

Халаф уламолари турли талқинни кўтарадиган Аллоҳнинг сифатларини Унинг шаънига мос таъвил қилишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг тутган ушбу йўллари уламолар орасида “аҳкам” (пухта) йўл деб эътироф этилган. Улар “мушаббиҳа”, “муъаттила” ва “мужассима” каби оқимларнинг фитналаридан жамиятни асраб қолиш учун ҳам сифатларни Аллоҳнинг шаънига муносиб тарзда баён қилишга мажбур бўлганлар.

“Мушаббиҳа” тоифаси Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатиш ғоясини ўртага ташлаган бўлса, “муъаттила” тарафдорлари Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилишни кўтариб чиқишган. “Мужассима”лар эса, Аллоҳ таолога жисм нисбатини беришади. Халафлар яшаган аср ўта даражада таҳликали бўлганки, ҳатто оддий халқ ҳам Аллоҳ таолонинг “юз, яд” каби сифатларининг кайфиятини билишга урунишган. Улар Аллоҳ таолонинг “яди”, “юзи” борасида салафлар каби содда қарашга эга бўлмаганлар. Уларнинг қарашларига фалсафий мушоҳада дахл қилиши натижасида, Аллоҳнинг зоти, сифати ва исми борасида фалсафий мушоҳада юритишга ўтганлар. Шу боис ҳам Абу Мансур Мотуридий “Ақида” илмининг усули ва фаръини янада такомиллаштиришга ҳаракат қилдилар. Шу ерда халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни таъвил қилишда ҳавойи нафсга қараб эмас, араб тили қоидаларига ва энг муҳими, диний таълимотлар асосига қараб иш олиб борганлар. Яна бир бор таъкидлаймизки, салафнинг мазҳаби ўз вақтида тўғри ва афзал бўлган. Халафларни сиффат мавзусида “аҳкам” йўлни тутишларига шароит мажбур қилган. Аслида, мазкур икки йўналишнинг мақсади ҳам Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаш бўлган.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry