03.04.2023
142

Ислом тинчлик динидир

Ислом, ўз моҳиятига кўра, тинчлик динидир. У инсонларни барқарорликни таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафрлашга, турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Аммо динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб бораётган экстремист ва террорчи оқимларнинг чиркин фаолияти Ислом дини ва мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Хўш, уларнинг жиҳод борасидаги қарашлари қай даражада асосли? Аслида, жиҳоднинг моҳияти нима?

Дастлаб “жиҳод” мазмунида исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун қилинган саъй-ҳаракат, ғайрат қилиш маъноси тушунилган. Шу боис Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад,) Раб­бингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл сураси, 125-оят), деган кўрсатмаси асосида иш юритган.

Кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг Ислом дини ва мусулмонлар жамиятини ҳимоя қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, Ҳаж сурасининг 39-оятида: «(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир», дейилади. Бундан кўринадики, жангу жадал маъносидаги жиҳодга фақат мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш учунгина рухсат берилмоқда.

Минг афсус, айримлар “жиҳод” дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига, террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам “Аллоҳ йўлидаги жиҳод” деб эълон қи­лишмоқда. Айниқса, экстремист ва террорчи оқимларнинг босқинчилик урушини “жиҳод” деб эълон қилиши ва бу йўлда ўзини портлат­ган, бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган кимсаларни “шаҳид” деб атаётганлари динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, Ислом динида жон Аллоҳнинг энг буюк ва қадрли неъматларидан бири деб қаралади.

Манфур кимсалар ўз қилмишларини муқаддас Ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки халифалик қуришга қаратилган амаллар дея ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ бундай йўл тутмадилар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда:

“Мусулмонларнинг афзали, қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқлироғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалар­дан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир”, дейилади.

Бундан ташқари, сохта салафийларнинг жиҳодни “Исломнинг олтинчи аркони” деб аташлари диндаги катта бузғунчиликдир. Агар улар назарда тутгандек, жиҳод Ис­ломнинг олтинчи аркони бўлганида эди, ўн тўрт аср илгари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларни беш рукнга эмас, балки олти рукнга амал қилишга буюрган бўлардилар.

Қуръони каримнинг: «...Ана, энди бугун динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим...» (Моида сураси, 3-оят) деган ояти нозил бўлган вақтда Ислом дини беш аркондан иборатлиги ва бундан кейин улар ҳеч қачон ўзгармаслиги таъкидланган.

Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар алай­ҳиссалом: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса, тез орада кўп ихтилофларни кўра­ди. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннати сизларга шарт бўлади. Уларни қаттиқ тутингиз ва озиқ тишлар би­лан тишлангиз. Шариатда янги пайдо қилинган нарсалардан сақланингиз. Зеро, (шариатда) ҳар бир янги пайдо қи­линган нарса – бидъат ва ҳар бир бидъат за­лолатдир”, деганлар.

Сохта салафийлар эса Исломнинг беш арконига қаноат қилмай, жиҳод борасида ғулувга кетиб, уни шариатнинг “Олтинчи аркони” деб аташлари жуда таажжубланарлидир. Бу эса мазкур ҳадисда таъкидланган диндаги бидъат бўлиб, албатта, у ўз эргашувчиларини залолат сари етаклайди. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсонни сергакликка чорлаши, жиҳод масаласида ғулувга кетишдан сақланиши учун кифоя қилади. Зеро, жиҳод борасида ғулувга кетиш бошқа диндагиларга нисбатан босқинчилик бўлишидан ташқари, Ислом аҳкомларига қарши чиқиш ва уларни оёқости қилиш билан баробардир.

Қисқаси, Ислом жангу жадал дини эмас, балки тинчлик, ҳамжиҳатлик динидир.

Шукрулло ЖЎРАЕВ,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази  илмий ходими

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry