29.03.2023
143

ОДАМЛАРНИ ИЛМ-МАЪРИФАТДАН ҚАЙТАРМАНГ!

Шу йил Аллоҳнинг фазли билан муборак ҳаж сафарига борганимда, Маккадаги “Уммул қуро” жомеаси ёнидаги китоб дўконларининг биридан Абулфараж ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайд ал-хотир” асарини сотиб олган эдим. Муаллиф бу асарда ўз ҳаётида гувоҳи бўлган воқеа-ҳодисаларга муносабатларини мақола тарзида ёзиб қолдирган. Асарнинг 456-саҳифасида муаллиф бир фасл қўйиб унда “Аллоҳдан илмга давомли муҳаббат ва узлуксиз илм билан банд қилишини сўрайман” – деб номланган мақола келтиради ва замонасида довруғи чиққан баъзи илмсиз зоҳид-суфийлар ҳолидан шикоятларини битади.

Мақолани ўқиб бихтиёр замонамизда ибодат ва зоҳидлиги билан танилган айрим илм-маърифат ўрнига ибодат билан шуғулланишга тарғиб қилувчи “зоҳид”лар, китоб ёзиш, мақола чоп этиш каби ижодий ишлар ўрнига пул топиш билан шуғулланишга даъват этувчи воъизлар ҳаёлимдан ўта бошлади. Ибн Жавзийнинг давридаги ўша муаммо бизнинг бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаганини яна бир бор англадим.

Мақолани халққа етказиш менга ҳам, муаллиф – Ибн Жавзийга ҳам, халқимизга ҳам ва давримиздаги ўша айрим илм-маърифат кушандаларига ҳам фойдаси бўлар деган умидда, кўпчиликка тушунарли бўлиши учун эркин услубда таржима қилишга киришдим. Хуллас, Абулфараж Ибн Жавзий ёзади:

Мен Аллоҳдан бизга илмга бўлган муҳаббатни ва илм билан машғул бўлишни давомий қилишини сўрайман. Чунки илм зулматда нур, залолатда эса ҳидоят бўлиб хизмат қилади.

Номлари тиллардан тушмайдиган қанча-қанча зоҳидларни, шуҳрати оламга ёйилган қанча-қанча солиҳларни эшитганманки, улар китоб ёзишни, ҳадисларни қоғозга туширишни хушлашмас, аксинча одамларни ибодат қилишга зўр бериб тарғиб қилишар эди. Ҳатто уларнинг орасида баъзилари айтардики “ҳадис талабида умр сарфлаш қабрда асқотадиган амал эмас”, яна баъзилари эса: “илм фақатгина амал учун изланади, бошқа мақсадларда эмас” дерди.

Уларни шахсан танисамда лекин номма-ном тилга олишни истамадим. Чунки улар дийни бақувват ва серибодатликлари ортидан одамларнинг кўнглидан жой олган, авомнинг муҳаббатини қозонишган бўлиб, номларини айнан келтириш фитнага сабаб бўлиши ҳам мумкин эди. Аслида улар ўзлари яхши одам бўлсада, илмга қарши айтган сўзлари илми озлигидан, савиялари пастлигидан айтилган эди. Ахир дин бу – илм эмасми?! Аллоҳ фақатгина илм билангина танилмайдими?!

Улар айтиши мумкин:

“ҳаётда вожибларни билсанг бўлди. Илм деганда шу тушунилади!” – деб.

Мен айтаманки:

“илм сўзи мандуб, мустаҳаб, макруҳ, ҳаром, одоб-ахлоқ ва Аллоҳга яқинлаштирувчи ҳар бир амал ва ибодат турларини ҳам қамрамайдими?!”.

Биласизми, одамлар илм-маърифатни қўйиб ибодатга берилиб кетишса, илм билан ҳал қилинадиган ишлар кимга қолади? Масалан кимдир талоқ билан қасам ичиб қўйса, ёки бир инсон ва унинг меросхўрлари ўлиб, мерос молини тақсимлаш зарурати туғилса ва ёки бошқа нозик фиқҳий муаммоларни ким ечади?! Бундай вазиятларда Аллоҳнинг шариатини ким қоим қилади?! Ёки бирор кофир келиб: “менга Аллоҳнинг битталигини далил билан тушунтириб беринглар” – деса, ё бирорта насронийми, яҳудийми, даҳрий-атеситми келиб ислом ҳақида шубҳаларини билдирса уларга ким жавоб беради?!

Ўйлаб кўринг, Бишр Ҳофий, Вуҳайб Маккий кабиларнинг ибодати бизга нима қилиб берди? Бу иккисидан баландроқ мартабага кўтарилган зотларни олинг, масалан Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Ато, Мужоҳид, Саврий, Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Шофеъийлар илм билан кўтарилдими ё зоҳидлик биланми?! Ҳайҳот, бу зотлар эришган даражаларига фақат илм билан эришди!

Аллоҳга қасамки одамлар амал қилиб юрган имом Шофеъийнинг биргина масаласи, ёки, Имом Аҳмад далили билан берган биттагина фатво, ёки Яҳё ибн Маъин саҳиҳ деб ё иллатли деб баҳолаган биргина ҳадис бир обиднинг эллик йиллик нафл ибодатидан афзалдир.

Илмнинг фойдаси атрофга тарқалади, ибодатники эмас! Пайғамбарлар фақатгина илм билан юборилган! Бошқаларини қўя туринг, мана бу оятга қаранг:

شَهِدَ اللّهُ أَنَّهُ لاَ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ وَالْمَلاَئِكَةُ وَأُوْلُواْ الْعِلْمِ

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илм берилганлар гувоҳлик беришди” (Оли Имрон 18). Оятда Аллоҳ дастлаб ўзини, кейин фаришталарни ва учинчи ўринда илм эгаларини зикр қилди. Шунинг ўзи илмнинг фазлига етиб ортадиган ҳужжатку?!

Ўзларини зоҳидликка бағишлаган обидлар илми озликлари сабабидан китобларини кўмиб юборишмадими?! Агар бу иш ҳалолмаслигини билишса бундай қилишмасмиди…

Тўғри, китобларини кўмиб ташлаган уламолар ҳам бўлган. Масалан Суфён. Булар китоблари чига каззоб ва ёлғончилардан келган ривоятлар қўшилиб қолгани учун кўмишган. Аммо китобда ёлғон, уйдирма каби илм офатлари ёзилиб қолмаган бўлса, бундай китоблар фойдали – илми нофенинг ўзгинасидир. Ундай китобларни йўқ қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ.

Аллоҳ сақласин! Аллоҳ сақласин! Инсон ўзи билмаган ҳолда фатво бериб қўйишидан, фатво бериш мартабасида бўлмаган одамдан фатво сўраб қўйишдан ёки рўза, намоз, ҳаж каби ибодатлар илм билан шуғулланишдан устун деб билишдан Аллоҳ сақласин! Ахир ҳақ фақатгина илм билангина аниқланадику?! Аллоҳга фақатгина илм билангина қурбат ҳосил қилинадику?!

Аллоҳ Ўз пайғамбарига:

وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْما

“Раббим, илмимни зиёда қилгин”, деб айтинг” – деган. (Тоҳа 114) “Ибодатимни зиёда қилгин” деб айтишни буюрмаган. Негаки ибодат инсоннинг ташқи аъзолари орқали амалга ошириладиган иш, илм эса қалб маҳсули. Қалб эса ташқи аъзолардан олий ва шарафлироқдир. Аллоҳ Қуръонда ушбу оятни илм олишга буйруқ беришдан бошлаган:

فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّه

“Билиб олинг, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” (Муҳаммад сураси 19-оят). Абулфараж ибн Жавзийнинг сўзи тамом.

Ботиржон Тожибоев

Саййид Муҳйиддин Махдум Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry