23.03.2023
153

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАШ

Маълумки, бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринган кўринишларда содир бўлмоқда. Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ. 

Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.

Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.

Миллий кадриятларимиз ёшларни барча ёмонликлардан сақланадиган, яхши амалларни қилишга рағбат қиладиган, виждонли, ўта сезгир, иродаси мустаҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, жамиятга наф келтирувчи, оиласи, маҳалласи, ватанини ҳимоя қилиб, юртни обод этадиган бунёдкор, ўзига юклатилган маъсулиятни мукаммал адо этувчи шахс бўлиб камол топишга даъват этади. Аммо ижтимоий ҳаётда қатор иллатлар мавжудки, улар инсонни оиласи, жамият ва давлат олдидаги бурчи ва масъулиятидан узоқлаштириб қўяди. 

Ижтимоий иллатлар:

  • Оммавий маданиятга эргашиш, билимсизлик, ахлоқсизлик, маданиятсизлик ва тартибсизликни тарғиб қилиш;
  • жиноятчилик йўлига кириш;;
  • катталарга ҳурматсизлик, ахлоқсизлик, жамоат жойида кийиниш маданиятини бузган ҳолда юриш, миллий ва диний қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик;
  • спиртли ичимликларга ружу қўйиш, кашандалик гиёҳвандлик;
  • ўз жонига қасд қилиш;

Оммавий маданият – ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар назарда тутилади.

Оммавий маданият – ахлоқсизликни маданият, деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қарашни тарғиб қилади.

Гиёҳвандлик – вақтинча эйфорик кайфият (вақтичоғлик) пайдо этиб ўз домига ботқоққа тортгандай тортиб кетгувчи салбий иллат бўлиб, у инсонда табиий ва синтетик моддаларга паталогик мойил бўлиб қолишни англатади. У гиёҳванд воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган хасталикдир.

Кашандалик – чекувчи ёнида туриш натижасида 200 мингдан 1 миллионгача бўлган болаларда астма касаллиги оғир шаклда кечади. Кашандалар дастидан бир йилда салкам 700 тонна синил кислота, 400 минг тонна аммиак, 600 минг тонна қорамой ва 100 минг тонна чекилган сигаретадан атмосферага никотин тарқалар экан.

Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб айтганлар: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Инсон ҳаёти айниқса, ёшларимизнинг келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланиши лозим. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд бўлган зарарли иллатни йўқ қилиш ва уни олдини олиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир

Хатарли ижтимоий иллатлардан яна бири бу ўз жонига қасд қилишлик.

Исломда ўзини ўлдириш қатъиян ман этилган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят). Уламолар “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласини мусулмонлар учун бир-бирларини, шунингдек ўз-ўзини ўлдиришни таъқиқ сифатида тафсир қиладилар.

Кўплаб ҳадисларда ҳам инсон ўзини-ўзи ўлдириши ман этилгани таъкидланади, масалан: “Собит ибн аз-Заҳҳок ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “… Кимки бирор қурол билан ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ўша қурол билан унга азоб берилади. Мўъминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир”.

Яна бир иллат борки, унинг натижасида жамият пароканда бўлиб, тарбия буткул издан чиқиши мумкин. Бу лоқайдликдир. Лоқайдлик – жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Агар бир мевага чирик тушса тез орада чирик тушган жойини кесиб олиб ташламаса мевани ҳамма жойини эгаллайди. Шуни яхши билишимиз керакки бугун биз лоқайд бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир оқибат биз ҳам мева сингари чириндига айланиб қоламиз. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизни вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир. Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини асраш йўллари:

  • мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш;
  • ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болаликдан шакллантириш;
  • мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;
  • шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш;
  • таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан, зарарли илларлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан қуроллантириб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хусусида улар хавф туғдирмасидан аввал маълумотга эга бўлиб боришларига шароит яратиш ҳамда доимо огоҳлик, дахлдорлик туйғуларини қалбларимизда мужассам этиб боришимиз лозим.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry