13.03.2023
277

ЎТГАН ИНСОНЛАРГА ҚУРЪОН САВОБИНИ БАҒИШЛАШ

Ислом динидаги инсон вафот топгандан сўнг уни хотирлаш, ортидан хайрли дуолар қилиш, қилинган яхшиликларнинг савобини бағишлаш каби гўзал кўрсатмалар унинг инсонийлиги, яхшилик ва эзгулик дини эканлигидан нишонадир. Қуръони каримда мусулмонлар ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифланган. Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ҳамда аксар шофиий мазҳаби фақиҳлари Қуръон тиловат қилиб, унинг савобини ўтганларга бағишлаш жоиз эканлигини айтишган. Баъзи олимлар эса ҳатто бу ишни мустаҳаб ҳам дейишган. 

Лекин ҳозирги кундаги баъзи тоифа инсонлар Қуръон ўқилгандан сўнг савобини ўтганларга бағишлаш бидъат, деб даъво қилмоқдалар. Улар, Аллоҳ таолонинг:

وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَى

Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур[1], деган оятини далил қилиб, инсонга бошқалар қилган амалдан фойда бўлмайди, деб, оятни нотўғри талқин қилмоқдалар. 

Ушбу оятни муфассирлар қуйидагича тафсир қилишган:

Имом Бағавий ҳамда Имом Қуртубий каби муфассирлар ўзларининг тафсир китобларида юқорида зикр қилинган Нажм сурасида келган маъно Тур сурасининг иймон келтирганларнинг зурриётлари ота оналарига қўшилиб нажот топишлари борасида келтирилган 21-ояти[2] билан мансух бўганлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят келтирадилар. Имом Қуртубий ўзининг тафсирида ушбу оят мансух бўлмаган тақдирда ҳам, у  фақат ёмонликларга хос экани эҳтимоли борлигини айтиб, қуйидаги  ҳадиси қудсийни далил қилиб келтиради: “Агар бандам бирор яхшилик қилишни қасд қилса ва уни бажара олмаса ҳам унга ўша яхшилик савоби ёзилади. Агар уни амалга оширса ўн баробардан еттиюз баробаргача савоб зиёда қилинади. агар у бир ёмонлик қилишни қасд қилса ва уни қилмаса унга гуноҳ ёзилмайди. Мободо қилиб қўйса ҳам унга бир ёмонлик ёзилади”. Оятнинг мазмуни ҳам ушбу ҳадисда келтирилганидек, инсон бир ёмонликни модомики қилмас экан унга гуноҳи ёзилмаслигини таъкидлайди.

Абу Бакр Варроқ мазкур оятни: “Инсонга фақат ўзи ният қилган нарсаси бўлур”, деб тафсир қилган. Робиъ ибн Анас эса: “Бу кофирларга хосдир. Мўминларга эса бошқалар қилган яхши амалларнинг савоби ҳам етиб боради”, деган[3]

Ислом асослари ва манбаларини синчиклаб ўрганилса Қуръон тиловати савобини ўтганларга бағишлаш шариат кўрсатмаси экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин”[4].

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар” дейилганда Ислом умматининг илк авлоди – саҳобалардан кейинги мусулмонлар, умуман олганда, мусулмонларнинг кейинги авлодлари назарда тутилган. Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, уларнинг кейинги келганлари олдин ўтганларини яхшиликда ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуоларда бўладилар. Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тавсиялари билан шариатимизда жорий қилинган. 

Шунингдек улар қуйидаги ҳадисни савобнинг марҳумларга етиб бормаслигига далил қилиб келтирадилар

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): 

“Одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амаллари тўхтайди: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!"-деганлар. (Муслим ривоят қилган). 

 Бу ҳадисда ўлган инсонларга савоб бағишлаш мумкин эмас, деган хулоса чиқмайди. Балки, инсон ўз хоҳиши билан амал қилиб савоб орттириш ёки гуноҳ қилиш қобилиятидан узилади. Хоҳласа ҳам амал қила олмайди. Лекин бу ҳадисда бошқаларнинг савоби маййитга етмайди, деган маъно йўқ, аксинча кишига бошқанинг амали туфайли, яъни, дуо қиладиган солиҳ фарзандлари сабаб савоб етиб туриши таъкидланмоқда. 

Кўпчилик аҳли сунна олимлари ҳам марҳумларга савобнинг етиши мумкинлигини айтадилар. Жумладан “Таҳовий ақидаси” китобида қуйидагилар айтилади:

“Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир”. Яъни, бандага у тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари, ўлгандан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади. Бунга мисол “Киши ўлса унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан бошқа ...” маъносидаги ҳадис.

Бурҳониддин Марғилоний ўзининг “Ҳидоя” асарида инсон қилган хайрли ишлари савобини ўтганларга бағишлаш жоиз эканлигига далил сифатида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг икки ола қўчқорни қурбонлик қилиб, бирини ўзларидан, иккинчисини Аллоҳнинг ягоналигига иқрор бўлиб, у зотнинг рисолатни етказганликларига гувоҳлик берадиган бутун уммат номидан қилганлари ҳақидаги ҳадисни келтиради (Ибн Можа, Оиша ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо)лардан ривоят қилган)[5]. Бу ерда қурбонликларнинг бирини уммат номидан қилганлари савобни бошқалар ҳақига бағишлаш жоиз эканини кўрсатади. 

Ундан ташқари 

فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ

...Бас, тавба қилган ва йўлингга эргашган кишиларни мағфират эт ва уларни дўзах азобидан сақла![6]

ҳамда

وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ 

“...Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг![7]оятларидаги мағфират сўраш ҳам ўтганлар ҳақига қилинган дуои хайр бўлиб, бу ишнинг жоизлигини яна бир бор исботлайди.

Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламолар Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳаққига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар. Қуйидаги ҳадислар ҳам айнан Қуръон тиловат қилиб ўтганларга бағишлаш жоиз, балки мустаҳаб эканлигини кўрсатади.

عن علي بن أبي طالب قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من مر على المقابر وقرأ قل هو الله أحد إحدى عشرة مرة، ثم وهب أجره للأموات أعطي من الأجر بعدد الأموات

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Ким қабристондан ўта туриб, Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини вафот этганларга бағишласа, вафот этганлар сонича унга савоб берилади[8].

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، ثُمَّ قَرَأَ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَقُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ وَأَلْهَاكُمْ التَّكَاثُرُ، ثُمَّ قَالَ إنِّي جَعَلْت ثَوَابَ مَا قَرَأْت مِنْ كَلَامِك لِأَهْلِ الْمَقَابِرِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ كَانُوا شُفَعَاءَ لَهُ إلَى اللَّهِ تَعَالَى

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким қабристонга кириб, сўнг Фотиҳа, Ихлос ва Такасур сураларини ўқиб, сўнг: “Каломингдан тиловат қилган сураларимни савобини қабрда ётган мўмин ва мўминаларга бағишладим” деса, улар Аллоҳ таоло ҳузурида унга шафоатчи бўладилар”, дедилар. (Табароний ривояти).

Умуман олганда, ҳанафий мазҳабининг деярли барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, бу ҳақда “Ҳидоя”, “Баҳр ар-роиқ”, “Бадоеъ” ва бошқа асарларда сўз боради. “Радд ал-муҳтор”да бу мавзуда яна қуйидагиларни ўқиймиз:

“Ибн Ҳажар Маккийдан: “Биров қабристон аҳлига Фотиҳа сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?” деб сўралганда, у: “Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво беришган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ”, деб жавоб берган.

Марҳумга савобнинг етиб боришига ижмоъдан далил: 

Ислом умматининг кўпчилиги марҳумга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган киши тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар. 

Маййитга рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат беради, бунга қуйидагилар далил бўлади:

Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: “Эй Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам у кишига манфаат берадими?"-деб сўраганида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): "Ҳа"-деб жавоб бердилар. Шунда Саъд (розияллоҳу анҳу): "Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа", деди. Бухорий ривояти. 

“Жуҳайна қабийласидан бир аёл Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: "Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан Ҳаж қилсам бўладими?", - деди. У зот (саллаллоҳу алайҳи васаллам): "Унинг номидан ҳаж қил. Айтчи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир"-дедилар. 

Шунингдек, мусулмонлар, ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам, тўлаб қўйса унинг зиммасиданги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган. 

Бунинг далили Абу Қатоданинг ҳадисидир. Абу Қатода (розияллоҳу анҳу) бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): "Энди (ўлганнинг) териси совуди"-деганлар. (Ҳоким ривоят қилган). 

Имом Абу Довуднинг "Сунан" китобида Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: "Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлик дафн қилиб бўлгандан кейин устида туриб: "Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки, у ҳозир сўроқ қилинади"-дер эдилар". 

Ҳанафий олимлардан Бадриддин Айний шу каби айрим ривоятларни келтиргач, “Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради, дейди. Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Лубоб”да: “Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бу ижмоъ бўлган”, дейди. 

عن معقل بن يسار رضي الله عنه أنه قال: قال رسول الله -صلى الله عليه وسلم-: اقرءوا يس على موتاكم. رواه النسائي وابن ماجه وابن حبان

Маъқал ибн Ясор (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар” (Насоий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти), дедилар.

Ибн Обидин ўзининг машҳур асари “Радд ал-муҳтар”да юқорида зикр қилинган ҳадисларни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматлари номидан қурбонлик қилганлари, Қуръони Каримда ота онага мағфират сўраб дуо қилишга тарғиб қилингани ва яна бошқа далилларни санаб ўтгач: “Буларнинг ва бунга ўхшаш биз чўзилиб кетишидан қўрқиб келтирмаган далилларнинг барчаси амалда бошқанинг шерик бўлишини, яъни бошқанинг амалидан манфаат олиш борлигини тавотур даражасига олиб чиқади”, дея хулоса ясайди.

Ибн Таймия Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қироат савобини бағишлашни ман қилиб: “У зотнинг юксак қадрларига салавот айтиш, васила сўраш каби ўзлари изн берган нарсалардагина журъат қилинади”, деб айтган. Субкий ва бошқалар у кишига қаттиқ раддия бериб: “Бунақа ишларда махсус изнга эҳтиёж йўқ. Кўрмайсанми, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан сўнг ҳеч қандай васиятсиз у зотнинг номларидан умралар қилар эди. Жунайд табақасидаги Ибн Муваффақ у зот (алайҳиссалом)нинг номларидан етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Сирож у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг номларидан ўн минг марта хатм ва шунча қурбонлик қилган”, дейишган.

Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий йўриқлар шуни кўрсатадики, ўтган кишига Қуръон тиловат савобини бағишлаш рухсат берилган, тарғиб қилинган ишлардандир. Шунга кўра, Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтган ота она ва бошқа яқинларга бағишлаш улуғ савобли амаллардандир. 

 

 


 

[1] Нажм сураси 39-оят.

[2] وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَاتَّبَعَتْهُمْ ذُرِّيَّتُهُمْ بِإِيمَانٍ أَلْحَقْنَا بِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَمَا أَلَتْنَاهُمْ مِنْ عَمَلِهِمْ مِنْ شَيْءٍ كُلُّ امْرِئٍ بِمَا كَسَبَ رَهِينٌ  Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз*. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир.

[3] Қуртубий. Тафсири Қуртубий. Нажм сураси 39-оят тафсири.

[4] Ҳашр сураси 10-оят.

[5] Зайлаъий. Насб ар-роя. – Ж. – Б. 151.

[6] Ғофир сураси 7-оят.

[7] Муҳаммад сураси 19-оят.

[8] Суютий “Жомеъ ал-аҳодис” асарида, Халлол “Ихлос сураси фазилати”да келтирган.

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry