04.03.2023
179

ИМОНГА БЕРИЛГАН ТАЪРИФЛАРДАГИ НОЗИК ЖИҲАТЛАР

Тарихда “имон” тушунчасига берилган таърифлардан келиб чиқиб, кимнинг қайси таълимотга мансуб эканлиги аниқланган. Бироқ бунда айрим инсонлар ўз ҳиссиётига эрк берган ҳамда чуқур  илмий тадқиқ этмаган ҳолда, мазҳаб, таълимот ва фирқалар томонидан ушбу тушунчага берилган таърифнинг ташқи жиҳатдан бир-бирига ўхшашлигидан келиб чиқиб, фалончи мўътазилий, фалончи хорижий ёки фалончи муржиий, деган янглиш қарашларни ўртага ташлаганлар. Бундай саёз қарашлар юзаки ўрганиш натижасида чиқарилган нотўғри хулосалар бўлиб, умматнинг пароканда бўлишига ҳамда уммат орасида фитна уруғининг кенг ёйилишига сабаб бўлган.

Бу мавзуни атрофлича ўрганиш учун, аввало, “имон” тушунчасига қандай таърифлар берилганини ўрганиб чиқиш, шу асосда муайян хулосага келиш талаб этилади. Имоннинг истилоҳий таърифи борасида тарихда турли хил қарашлар илгари сурилган. Жумладан, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Авзоий, муҳаддислардан Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Суфён Саврий, Довуд ибн Али Исфаҳоний, мутакаллимлардан Ҳорис ибн Асъад Муҳосибий, Абул Аббос Қалонисий, Ибн Али Сақафий, Ибн Ҳазм Андалусий каби олимлар (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин): “Имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва аъзолар билан амал қилиш”, деганлар.

Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан илк оқимлардан хорижийлик ҳамда мўътазилийлик намояндалари ҳам: “Имон – қалб тасдиғи, тил иқрори ва аъзолар билан амал қилишдир”, деганлар.

Эътибор берилса, Имом Шофеий, Имом Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал ва аҳли ҳадисларнинг “имон” тушунчасига берган таърифлари хорижийлар ҳамда мўътазилийларнинг унга берган таърифлари билан мутлақо ўхшаш эканлигини кўриш мумкин. Бироқ айрим фитначи тоифалар бу каби ўхшашликдан кўз юмган ҳолда ҳанафий мазҳаби вакилларини имонга берилган таърифидан келиб чиқиб адашган оқимлардан бўлган муржиийларга қиёс қилишга уринмоқдалар.

Ушбу фитна юзага келишининг тарихий илдизларига эътибор қаратадиган бўлсак, муржиийларнинг “имон” тушунчасига “имон қалб тасдиғи”, деб таъриф берганларини кўрамиз. 

Ҳанафий-мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотида имонга “Имон – тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқ қилишдир”, деб таъриф берилган. Мотуридийлик таълимотига оид манбаларда имоннинг таърифи қуйидагича берилган:

الإِيْمَانُ هُوَ الاِقْرَارُ وَالتَّصْدِيقُ 

“Имон иқрор ва тасдиқдир” (Абу Ҳанифа, Ал-Фиқҳ ал-акбар).

وَالاِيْمَانُ فِى الشَّرْعِ: هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ تَعَالَى وَالاِقْرَارُ بِهِ 

“Иймон шариатда: (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва уни эътироф этишдир” (Абу Ҳафс Насафий, Ақоид) деганлар.

والإيمان عبارة عن التصديق

“Имон – тасдиқдан иборатдир” (Абул Баракот Насафий, Умдатул ақоид).

Айрим манбаларда қайд қилинишича, Абу Ҳанифадан “Имон қалб тасдиғи”, деган қараш ҳам ривоят қилинган. Абул Муин Насафий ўзининг “Баҳрул калом” асарида қуйидагиларни зикр қилган: “Имом Мотуридий “Имон қалб тасдиқидир”, деб айтган”. Эътибор берилса, ҳанафий-мотуридийлар ва ашъарийларнинг имонга берган таърифлари муржиийларнинг унга берган таърифига юзаки жиҳатдан ўхшайди. Бироқ имоннинг таърифи моҳиятида икки томон бир-биридан тубдан фарқ қилади. Чунки, муржиийларнинг имонга берган таърифларига диққат билан эътибор берилса, икки таълимотнинг бир-биридан фарқ қилиши яққол сезилади. Муржиийларнинг имонга берган таърифларининг тўлиқ шакли шундай: “Имон фақат тасдиқдан иборат бўлиб, имон бўлса, маъсият таъсир қилмайди, худди куфр бўлса, тоат таъсир қилмагани каби” деганлар. Шунингдек, муржиийлар инсон имон келтирганидан сўнг, унга ҳеч нарса фарз бўлмаслиги, шунингдек, тақиқланган амалларга қўл урса, гуноҳкор бўлмаслигини таъкидлайдилар. 

Ҳанафий-мотуридийлик таълимотига кўра, киши кичик гуноҳга қўл урса, қилган хайрли ишлари сабабли ушбу гуноҳи кечирилади. Бироқ катта гуноҳга қўл урса, ушбу гуноҳ тавбасиз мағфират этилмайди, дейдилар.

Бу ерда шуни яхшилаб тушуниб олиш керакки, шофеий ва жумҳур муҳаддислар илгари сурган имон борасидаги таъриф ҳам зоҳирий жиҳатдан мўътазилийлар ҳамда хорижийлар томонидан имонга берилган таърифнинг айни ўзидир. Бироқ бу лафзий ўхшашлик холос. Моҳият жиҳатидан эса шофеийларнинг қараши мўътазилийлар ва хорижийларнинг қарашидан тубдан фарқ қилади. Чунки, мўътазилийлар ва хорижийларда имоннинг мазкур учта унсуридан бири топилмаса, киши имонидан ажралади. Зеро, уларнинг қарашига кўра, амалларни тарк қилувчи киши дўзахда абадий қолади. Бугунги кундаги “салафийлар”нинг имонга берган таърифлари ҳам айнан хорижий ва мўътазилийларнинг таърифи билан бир хил. “Салафийлар” томонидан имонга берилган таърифлардаги ўхшашлик асосида ҳанафий мазҳаби вакилларини муржиийларга қиёсланаётган бўлса, “салафийлар”ни ҳам ўз таърифларига кўра “хорижий” ёки “мўътазилий” деб аташ мумкин экан-да!

Яна шуни яхшилаб билиб олиш керакки, ҳанафий ва жумҳур мутакаллим (мотуридий, ашъарий)ларнинг имонга берган таърифи зоҳирий жиҳатдан муржиийлар томонидан унга берилган таърифларга ўхшайди. Бироқ, бу ерда ҳам лафзий ўхшашлик бор холос. Чунки, икки қараш вакилларининг айтган сўзлари моҳиятан ўзаро тубдан фарқланади. Зеро, ҳанафий ва жумҳур мутакаллимлар амалларни зарурий, деб билиб, амални тарк қилувчи кишини фосиқ, деб атайдилар. Муржиийлик таълимотида эса, амалнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, дейилади.

Имонга берилган таърифларнинг зоҳирий ўхшашлигидан келиб чиқиб, шофеий ва жумҳур муҳаддисларни хорижийларга, мўътазилийларга ўхшатиш хато бўлганидек, ҳанафий ва жумҳур мутакаллимларни ҳам муржиийларга ўхшатиш зулм саналади. Зеро, зулм – ҳақни ўз ўрнига қўймаслик. Бу ерда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат шундан иборатки, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик нисбатини бериш ўта кетган инсофсизлик ҳисобланади. Шундай экан, имонга берилган таърифларнинг зоҳирий ўхшашлигидан келиб чиқиб, шофеийлар, жумҳур муҳаддислар ва бугунги кундаги “салафийлар”ни хорижий ва мўътазилийларга ўхшатиб бўлмаганидек, ҳанафийларни ҳам муржиийларга ўхшатишдан тийилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry