04.03.2023
154

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ЮКСАК ФАЗИЛАТ

Бағрикенглик энг гўзал инсоний фазилатлардан бўлиб, бирор бир миллат ёки динга мансублигидан қатъи назар барчага бирдек яхши муносабатда бўлиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, эзгу мақсад йўлида бирлашиш каби юксак ахлоқларнинг юзага чиқишида намоён бўлади.

Диний бағрикенглик ҳақида сўз кетганида эса мусулмон оламида содир бўлган узоқ ва яқин ўтмиш воқеликлари мазкур омилнинг нақадар аҳамиятли эканини кўрсатиб беради.

Пайғамбар алайҳиссалом даврида ғайридинларга берилган тинчлик ва омонлик аҳдларининг бирор ҳарфи ўзгармасдан бугунги кунга қадар етиб келган. Қолаверса, у зот муборак ҳадисларида мусулмон юртларда омонлик берилган ғайридин кишига азият етказиш гўё у зотга азият етказиш билан тенглаштирилгани бағрикенгликнинг энг юксак намунаси ҳисобланади. У зотдан кейин иқтидорга келган давлат раҳбарлари ҳам бу тамойилга оғишмай амал қилдилар.

Ўрта асрлар тараққиётининг энг юксак даражасига эришган Андалус давлати (711–1492 йиллар) дунё тарихида мисли кўрилмаган диний бағрикенглик намуналарини жаҳонга тақдим этган. Бу давлатда мусулмон, насроний ва яҳудий динларига мансуб кишилар ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб, Андалус тамаддунига асос солишди. Андалусда жаҳон тарихидаги ягона конвивенция, яъни уч дин вакилларининг биргаликда фаровон ҳаёт кечириши тажрибаси кузатилди.

Андалусда яшаган аҳоли турли динларга мансуб бўлиши баробарида уларнинг миллати ҳам турлича эди. Хусусан, бу ерда араблар, барбарлар, яҳудийлар, вестготлар, франклар, басклар, сақлабийлар каби турли халқлар яшаб, ўзаро ҳамжиҳатликда фаровон турмуш кечиришган. Андалусда том маънодаги диний эркинлик таъминланган. Насронийлар черковга, яҳудийлар синагогага эмин-эркин қатнайдиган бўлган. Мусулмонлар барчага тенг муносабатда бўлиб, жамиятда инсонлар ўртасида биродарликнинг ажойиб намунасига асос солинди. Жамиятда бой ва камбағал тоифалар бўлишига қарамай, уларнинг ўртасида ижтимоий тафовут йўқ эди. Барча мусулмонлар араб, барбар, испан бўлиб эмас, аксинча, Андалус мусулмонлари сифатида ҳаёт кечиришди. Бу ҳолат ўрта асрлар учун диний бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида тарихга муҳрланди.

Диний бағрикенглик Мовароуннаҳр диёрида ҳам юксак қадрланган. Ҳатто, аждодларимиз дунёнинг катта қисмини бошқараётган даврларда ҳам бағрикенгликка катта эътибор қаратганлар. Хусусан, Амир Темур салтанатида ҳам ўз дин вакилларининг эмин-эркин ҳаёт кечиришлари ҳамда ўз динларига эътиқод қилишлари учун шароитлар таъмин этилган. Соҳибқирон Амир Темур бағрикенгликни исломнинг гўзал фазилати деб билган. Айнан шу тушунча сабаб Амир Темур ўз еридаги бошқа дин вакилларига имтиёзлар берган. Бу орқали Амир Темур Европада ҳам шуҳрат қозонган. 

Манбаларда Франция қироли Карл VI нинг Амир Темурга ёзган мактубидаги ушбу жумла алоҳида эътироф этилади: «Сизнинг ғамхўрлигингиз, феъл-атворингиз ва кўплаб насронийларга кўрсатган ёрдамингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман». Қирол Карл VI ўз мактубида Темурдаги бағрикенглик фазилатининг аҳамиятини ажратиб кўрсатиб, унга миннаддорлик билдирган.

Буюк саркарда Амир Темурнинг қўшини таркибида ғайридин аскарларнинг ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани салтанатда диний бағрикенгликка берилган эътиборнинг бир кўриниши эди.

Аслида, ҳар бир оқил, диний ва дунёвий илмларни мўътадил асосларда ўрганган инсон бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлмаслиги мумкин эмас. Бунга диний матнлар ҳам, тарихий воқелик ҳам гувоҳлик беради. Аммо диний бағрикенгликдек юксак фазилатга жаҳолат ва таассуб ойнасидан қараган айрим тоифалар Қуръон ва ҳадислардаги зулм ва душманлик қилувчиларга қаратилган матнларни тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётган ўзга дин вакилларига нисбатан қўллаш йўлини тутмоқдалар. Натижада юртлар вайрон бўлиб, тараққиёт юзлаб йиллар ортга кетмоқда. Мазкур тоифалар Аллоҳ таолонинг ғайридинларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаганлиги ҳақидаги оятлар ёҳуд асоссиз равишда уларга озор бермаслик зарурлиги ҳақидаги ҳадислардан кўз юмиб оладилар. Масалага бир томонлама ва хато мантиқ билан ёндашадилар. Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сураси 8-оятида бундай марҳамат қилади: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас...».

Юртимизда ҳам диний бағрикенглик масаласига ғоят хассос масала сифатида қаралиб, мазкур тамойилга ҳамоҳанг келувчи қонун-қоидалар амалга жорий этилган. Қолаверса, аҳолига диний бағрикенгликнинг инсонпарварлик моҳиятини англатиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турли диний конфессиялар ўртасида мулоқотни ошириш, бағрикенгликни тарғиб қилувчи видеороликлар, унинг тарихий илдизлари ва жамият ривожидаги аҳамиятини ёритиб берувчи китоб ва рисолаларнинг салмоғи фикримизнинг далилидир.

Хулоса қилиб айтганда, ислом динининг тинчликпаравар моҳиятини ўзида намоён қилувчи бағрикенглик дунёдаги жамики гўзал хислатларни жам қилувчи, барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омили, бошқа эътиқод ва дунёқарашдаги инсонлар билан бахтли яшаш санъатидир. 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry