05.06.2023
151

АҲЛИ СУННА МАЗҲАБЛАРИ ВА АҚИДАВИЙ ТАЪЛИМОТЛАР САҲОБАЛАР ЙЎЛИДИР!

Бугунги кунда айрим шахслар томонидан Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобийларнинг ақидалари аҳли сунна мазҳабларининг ақидаларидан фарқли экани ёки мотуридийлик, ашъарийлик, нақшбандийлик жамоатлари суннатга хилоф экани ҳақидаги фикрлар тарқатилмоқда. Улар бу каби гап-сўзлар орқали минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган мазҳаблар ва ақидавий таълимотларга тош отмоқда. Уларнинг даъвоси бўйича, аҳли суннанинг тўрт фиқҳий мазҳаби, икки ақидавий таълимот ва тасаввуф тариқатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан кейин ўйлаб топилган ва адашган фирқалардир. Гўё, аҳли суннанинг мазҳаб ва ақидавий таълимотлари исломдан айри яратилган жамоалар ва фирқалардир. Улар бу каби даъволари билан ўзларининг қанчалик даражада илм савияси паст эканини ёки илми бўлсада, ўзлари билган ҳолда динни бузаётганини кўрсатмоқда. Бу тоифадаги инсонлар бир неча асрдан бери мусулмонлар амал қилиб келаётган ақидаларни хатога чиқаришга уринадилар. Мақсадлари мусулмонлар орасига тафриқа солиш ва фитнани қўзғатишдир. 

Аҳли суннанинг тўрт мазҳаби: ҳанафийлик, шофеийлик, ҳанбалийлик ва моликийлик ҳамда икки ақидавий таълимотлар: мотуридийлик ва ашъарийлик айни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимлари ва саҳобаларнинг сўзлари асосида шаклланган. Аслида, ушбу даъво жоҳиллик, динни тўғри тушунмаслик, “мазҳаб”, “мужтаҳид”, “муқаллид”, “ижтиҳод” каби тушунчаларни идрок қилмасликдан келиб чиққани тайин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга фиқҳ илми ва истинбот ҳукм олиш йўлларини ўзлари ўргатар эдилар. У зотнинг ҳаётлик чоғларида олтита саҳоба розияллоҳу анҳумга мустақил фатво беришга рухсат берилган эди[1]. Ушбу ҳадис саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида ҳам Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилиб ҳукм олганликларига яққол далил сифатида уламолар қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга ҳоким қилиб жўнатаётган вақтда дедилар: “Эй Муоз, агар бирор ҳукм чиқаришинга тўғри келиб қолса нима билан ҳукм қиласан?” “Аллоҳнинг китоби билан” – деди Муоз. “Агар Аллоҳнинг китобида тополмасангчи?” – деб сўрадилар Расулуллоҳ. “Расулининг суннати билан ҳукм қиламан” – деди  Муоз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар на Расулининг суннатида на Аллоҳнинг китобида топмасангчи?” – дедилар. Шунда Муоз розияллоҳу анҳу: “Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, сира сусткашлик қилмайман”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига қўллари билан уриб: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин” – дедилар (Термизий, Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг одамлар бир-бирларидан янги пайдо бўлган масалалар юзасидан Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос каби мужтаҳид саҳобалардан фатво сўрар эдилар. Улар аввало Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилар, агар мазкур манбалардан аниқ ечим топилмаса, қиёсга юзланиб, ижтиҳод қилар эдилар[2].

Ислом дини кенг тарқалиб, бошқа халқлар ҳам мусулмончиликни қабул қилгач, у ерларга муаллим сифатида саҳобалар юборилган. Жумладан, Куфа шаҳрига Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни юбордилар. Маълумки, Абдуллоҳ ибн Масъуд саҳобалар орасида илм жиҳатдан пешқадамлиги билан ажралиб турар эди. У киши ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим учун Умму Абднинг ўғли рози бўлган нарсага мен ҳам рози бўлдим”, деганлари машҳурдир[3].

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ҳазрати Усмон даврлари охиригача Куфа аҳлига фиқҳ илмини ўргатадилар, ҳатто, Куфа фақиҳ инсонларга тўлиб кетди. Али розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида Куфага келиб, у ердаги фақиҳ инсонларни кўриб хурсанд бўлганидан: “Аллоҳ Умму Абднинг ўғлини (Ибн Масъуд) ўз раҳматига олсин! Ушбу диёрни фақиҳларга тўлдириб юборибди”, деганлар. Ундан сўнг Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида пойтахт ушбу шаҳарга кўчирилгандан сўнг Куфа бошқа мусулмон шаҳарларидан муҳаддислар ва фақиҳларнинг кўплиги билан ажралиб турарди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ва кўплаб бошқа саҳобийлардан қолган катта илмий меросни тўплаганлар орасида Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ҳамда Иброҳим ибн Язид ан-Нахаийлар ҳам бор эди. Мазкур олимлардан илм олган Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса уларни чуқур ўрганиб, саралаб, шогирдларига етказган.

Мазкур ҳолатдан ҳанафий мазҳаби олимлари ҳукм чиқаришда қиёс ва раъйга таянишни осмондан олмаганликлари, балки бу ишда ўзларидан олдин ўтган мусулмон умматининг энг сара олимлари, хусусан, саҳобаларга эргашганларини кўриш мумкин.

Мадина шаҳри ваҳий нозил бўлган жой бўлгани учун баъзи тобеинлар саҳобаларнинг фиқҳ ва ҳадисга оид хабарларини йиғиш билан машғул бўлдилар. Натижада у ерда етти фақиҳ алоҳида ўз ўринларини топдилар. Барча саҳобалар улардан келиб фатво сўрар эдилар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз оталари чиқарган қозилик ҳукмларини Саид ибн Мусаябдан сўрар эди. Шу тартибда Мадинада фатволар ва ижтиҳодий масалалар тарқалди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ушбу масалаларни уламолардан жамлаб тўплади ва уларни инсонларга етказишда давом этди. Бунга катта-катта уламолар ҳам эргашдилар. Уларнинг орасида ушбу имомга қаршилик қиладиган забардаст уламолар етарли даражада эди, лекин бунга эътироз қилмадилар. Мадинада бир олимнинг мазҳаби – тутган йўлида юришлик афзал деб билдилар. Шу тарзда Мадинада моликий мазҳаби шаклланди. Қолган икки мазҳаб ҳам шундай тартибда юзага келди.

Мазҳаблар ва уларнинг шаклланиш тарихини чуқур, инсоф билан ўрганган киши мужтаҳид мазҳаббошилар Қуръон ва ҳадисдан алоҳида шариат яратмагани, балки одамларга осон бўлиши учун ушбу икки муқаддас манбадаги ҳукмларни бир йўлга тизиб, жойлаб берганликларини тушуниб етади.

Бемазҳаб, сохта салафийларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларини ташлаб бутун мусулмон жамоасига қарши чиқаётганликлари, забардаст ислом уламолари ҳам мазҳаб тутганликларини унутиб, уларнинг йўлини тарк этганлари уларнинг ўзлари залолатда эканлигига далилдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг умматим залолатга жамланмайди”, - деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа, Табароний ва бошқалар ривояти).

Фақиҳларнинг кучли ишонч асосида таъкидлашича, мужтаҳиднинг хатосига ҳам ажр берилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларидан бирида ушбу маънони қувватлаб, бундай марҳамат қилганлар: “Агар бир ҳукм чиқарувчи ҳукм чиқаришда ижтиҳод қилса ва тўғри топса, унга икки ажр берилур (бири ижтиҳоди ва иккинчиси тўғри топгани учун) бордию, тўғри тополмай, хато топган тақдирда ҳам гуноҳкор бўлмай, бир ажрга эга бўлур (ижтиҳоди учун)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридий ўзларидан бир фикр ўйлаб топмаган ёки алоҳида бир мазҳаб яратишмаган. Улар фақат салафи-солиҳларнинг мазҳабини шакллантирган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг эътиқодини ҳимоя қилган. Уларнинг бири имом Абул Ҳасан Ашъарий Имом Шофеий мазҳабининг далилларини қўллаб қувватлаган бўлса, иккинчиси Имом Абу Мансур Мотуридий эса Абу Ҳанифа раҳимаҳумуллоҳ мазҳабининг далилларини қувватлантирган. Ушбу икки имом салафи солиҳлар йўлини белгилаб бериб, ўша йўлни маҳкам тутдилар ва ўзлари тутган йўлга мувофиқ ҳужжат ва далилларни етарлича келтирдилар. Шу боисдан “мотуридийлик” ва “ашъарийлик” ақидавий таълимоти ушбу икки имомга нисбат берилади. Бундан келиб чиққан ҳолда икки имомдан бирининг масала ва далилларига эргашувчи киши ашъарий ёки мотуридий деб, номлана бошлади. Бу таълимотлар айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимлари ва саҳобаларнинг эътиқоди асосида шаклланган.

Кимдир ҳанафий-мотуридийман деса, демак, у тўғридан тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобалар йўлига эргашганини англаш мумкин. Ҳозирги кунда мазҳабларга, ақидавий таълимотларга тош отаётганларнинг ўзлари адашган экани, уларнинг саҳобийларга боғлаб турувчи устозлар силсиласи йўқ экани маълум бўлади. Бундан ҳар бир мўмин инсон огоҳ ва ҳушёр бўлиши, турли адашган тоифалар фитналарига алданиб қолмаслиги лозим бўлади. Аллоҳ адаштирмасин!

 


 

[1] Зоҳид Кавсарий. Бемазҳаблик – динсизлик кўприги. –Қоҳира. Ал-мактаба ал-азҳария, 2006. З б. 

[2] Қаранг: Муҳаммад Али ас-Сайис. Тарих ал-фиқҳ ал-исламий. -Байрут. Дор  ал-кутуб ал-илмия. 84-б.

[3] Зоҳид Кавсарий. Бемазҳаблик – динсизлик кўприги. –Қоҳира. Ал-мактаба ал-азҳария, 2006. З б.

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry