18.02.2023
275

ЎЗБЕКИСТОНДА ДАВЛАТНИНГ ДИН ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН МУНОСАБАТИ

Дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги нисбат масаласи инсоният тарихининг барча даврларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бошқача айтганда, инсон ҳаёти мазмунини ташкил қилувчи ушбу икки таркибий қисм ўртасида муросага эришиш ҳар қандай жамиятнинг мавжуд ҳолати ва истиқболини белгиловчи бош мезон бўлиб келган.

Динни давлатдан ажратиш ҳақидаги ғоя азалдан ҳурфикрлилик ва дунёвий тафаккур ривожига асосланганини таъкидлаш жоиз. Ушбу ҳаётий масала Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган давлатларда ҳам доимо муҳим ўринни эгаллаб келган. Бунда дунёвийликка мойил сиёсий кучларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги мавқеи мунтазам равишда ўсиб борганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, давлат дин билан боғлиқ муносабатларни тарихнинг барча даврларида муайян тамойиллар асосида тартибга солишга интилган.

Совет ҳукмронлиги даврида эса динга муносабат бутунлай бошқача тус олган. Совет ҳукумати диннинг жамиятдаги таъсир доирасини бутунлай йўқ қилишга ҳаракат қилган. Бу ҳолатни ўша даврдаги давлат органларининг атеистик қарашлар орқали диндорлар ва диний ташкилотларга бўлган ҳужумкор муносабатида кўриш мумкин.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки кунлардан бошлаб унинг раҳбарияти олдида динга бўлган муносабатни аниқ ва принципиал равишда белгилаб олиш зарурати туғилди. Ўша даврда давлатнинг динга бўлган янгича ёндашуви Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ишончли тарзда белгилаб берилди ва қонунчиликда ўз ифодасини топди. Жумладан, Ўзбекистонда давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар Конституциямизнинг бир неча моддаларида мустаҳкамланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистоннинг суверен демократик республика экани таъкидланади. Бу эса, Ўзбекистоннинг бошқарув жиҳатидан республика шаклига эга экани, сиёсий жиҳатдан эса, демократик давлат эканини англатади (Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади). 

Шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигида диннинг давлатдан ажратилгани таъкидланди. Бу ҳақда Конституциямизнинг 61-моддасида шундай дейилади: «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенг­дирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди». Демак, давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифаларини бажаришни юкламайди, уларнинг қонунчиликка зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Ўз навбатида, диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди.

Шу билан бирга, диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб боради. Қолаверса, диний бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш уларнинг ички иши ҳисобланади ва давлат назоратидан холидир. Демак, давлат ва дин муносабатлари демократик жамиятда, аввало, Конституция, сўнг эса муайян қонунлар орқали белгиланади ва тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18, 31, 57, 61-моддаларида инсонлар учун бошқа ҳуқуқ ва эркинликлар қаторида виждон эркинлиги, динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик эрки ҳам кафолатланди.

Шу билан бирга, диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилгани диннинг жамиятдан ажратилганини англатмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Бу фуқаролик жамиятида дин ўз мавқеига эга бўлишини англатади. Бу ҳам Конституциямизнинг амалдаги ижросидан келиб чиқадиган мантиқий хулосалардан биридир. Айтиш жоизки, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, бунёдкор миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва халқимизнинг ҳақиқий маънавий сурати ва сийратини белгиловчи фазилатларни ўзида мужассамлаштирган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, кексаларга ҳурмат, шарқона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё каби энг олий инсоний туйғуларнинг туб моҳиятини англаш ва кўз қорачиғидек эъзозлашда айнан диний ташкилотлар ва дин арбобларининг  роли ва ўрни беқиёслигини бугун ҳеч ким инкор этмайди. Аксинча, бундай бунёдкор фаолият қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг сабаби эса, Конституциямизда ана шундай фаолият учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратиб берилганидадир.

Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи бошқа бир тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Шундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади. 

Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларининг яна бир асосий хусусияти бу диннинг сиёсатга аралашмаслигидир. Зеро, ҳар қандай диннинг биринчи галдаги вазифаси инсонларнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳамда ибодат ва маросимлар билан боғлиқ масалаларни тартибга солишдир.

Ҳеч қайси дин ўзида халқнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча жиҳатларини қамраб олишга даъвогарлик қилмайди. 

Эътироф этиш лозимки, ҳар қандай диний эътиқод каби ислом ҳам барча даврларда, шу жумладан, даҳрийлик кенг тарғиб этилган шўро тузуми замонида ҳам, ижтимоий муносабатлар ва маънавий-руҳий ҳаётга ўз таъсирини ўтказиб турган муҳим омиллардан бири бўлиб қолаверган. Ижтимоий муносабатлар ва маънавий-руҳий ҳаётнинг уйғунлиги эса, ҳар қандай жамиятнинг ички сиёсий барқарорлигини белгиловчи асосий омиллардан экани сир эмас. Шу нуқтаи назардан қараганда, дин ва сиёсат ўртасидаги муайян боғлиқликни инкор этиб бўлмайди. Бунинг сабаби эса ислом халқимизнинг онгу шуури ва менталитетига чуқур сингиб кетганидадир.

Бундан келиб чиқадиган мантиқий хулоса шуки, ислом дини ва мусулмончилик деган тушунча бизнинг минтақамиз учун фақат ўтмиш ва бугун тажрибасигина бўлиб қолмасдан, халқимиз маънавиятининг асосий таркибий қисмларидан саналади. Исломнинг жамият ҳаётидаги роли том маънодаги ҳурфикрлилик қарор топаётган мустақиллик даврида ўзини янада яққолроқ намоён этаётгани ҳам шундай хулоса чиқаришга асос бўлади.

Бироқ масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор: диний омилнинг сиёсийлашуви жамият хавфсизлиги ва барқарорлиги учун таҳдидга айланиб кетиши мумкин. Ушбу ҳолат ҳар қандай диннинг соф эътиқодий масалалар чегарасидан чиқиб, давлат ва жамият қурилиши масалаларига аралашишга уринишидан бошланади. Шундай экан, диннинг сиёсийлашуви, диний ташкилотларнинг ўз вазифасидан четга чиқиб, сиёсатга аралашуви давлат ва жамият бошқарувида беқарорликка замин ҳозирлайди. 

Миллий ўзликни англаш билан боғлиқ турфа жараёнларни диний қадриятлардан айри ҳолда тасаввур этиш амримаҳол. Бизнинг жамиятимиз учун ҳам табиий бўлган ушбу хусусият, ўзининг ўта нозиклиги баробарида хатарлилиги билан ҳам ажралиб туради. Мазкур икки тушунчани бир деб қабул қилиш, уларнинг ўзаро нисбатини баҳолашда хато қилиш – диннинг сиёсийлашувига йўл очиб беради. Шуни унутмаслик лозимки, айрим ҳолларда, жамиятдаги муайян кучлар ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун онгли тарзда айнан шундай қиладилар. 

Мустақилликнинг илк босқичида мисли кўрилмаган даражада фаоллашган диний гуруҳларнинг сиёсий ва ҳатто, ҳарбийлашган ташкилотларни тузишга қаратилган амалий ҳаракатларини эслаш лозим. Ўшанда бундай гуруҳлар Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилишни талаб қилиш даражасигача бориб етган эдилар. Мафкуравий маркази Фарғона водийси бўлган ушбу ҳаракат ўз даврида мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида ҳам муайян акс-садо бериб, умуммиллий хавфсизликка жиддий таҳдид туғдирганини инкор этиб бўлмайди. Дунёвий-маърифий давлат қурилаётган ҳар қандай мамлакатда диний жараёнлар эволюциясини ўзибўларчиликка ташлаб қўйиб бўлмайди. 

Дунёвий давлат ва жамият энг аввало, қонун устуворлигини тақозо этади. “Қонун – барча учун баробар” деган демократик тамойил, шубҳасиз, диний жараёнларга ҳам тааллуқлидир. Конституциянинг 15-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, дея таъкидланади.

Давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда таълим билан боғлиқ жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон давлат таълим тизимини ҳар қандай диний конфессияларнинг таъсиридан холи бўлишини белгилаган. Унга кўра, республикада давлат таълим тизими (мактаб)нинг ҳар қандай конфессия ёки диний эътиқод таъсиридан холи, шу билан бирга, диний эътиқодга ҳам қарши эмас. Бу эса, давлат таълим тизимида диний фанларнинг таълим дастурларига киритилмаслигини англатади. Чунки, Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларнинг эътиқодий қарашларидан келиб чиқиб муайян тоифаларга ажаратилмаган. Шундай экан, бир синфда ислом ёки бошқа турли динларга эътиқод қилувчи ўқувчилар билан бирга атеистик қарашдаги даҳрий фуқаролар ҳам ўқиши мумкин. Бундай вазиятда диний фанларни ўқитиш билан боғлиқ ўзига хос муаммоларнинг келиб чиқиши табиий. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларидаги яна бир қоида диний ташкилотлар фаолиятининг давлат томонидан молиявий таъминланмаслигидир. Бу масала “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида “Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини молиялаштирмайди ва динга эътиқод қилувчиларнинг дин билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлайдиган фаолиятга йўл қўймайди” деган қоида асосида қонунийлаштирилган.

Шунингдек, диний ташкилотларнинг профессионал ходимлари сайлаб қўйиладиган ваколатли давлат органларида иш фаолиятини олиб боришлари ҳам тақиқланади. Хусусан, диний соҳа вакиллари қонун чиқарувчи ҳокимиятда депутат сифатида иш юритиши, республика президентлигига сайловларда ўз номзодини қўйишлари қонунчиликка кўра тақиқланади. Бу қоида ҳам давлатнинг дунёвийлигини таъминлаш йўлида жорий этилган қоида саналади.

Ўзбекистонда дин ва диний ташкилотлар билан боғлиқ муносабатларни ташкил этишда қуйидаги қоидаларни зарурий принцип сифатида белгилаган:

- миллати, жинси ва фуқаролигидан  қатъи назар барча учун виждон эркинлигининг кафолатланиши;

- барчанинг диний эътиқодидан қатъи назар қонун олдида тенглиги;

- расмий ҳужжатларда динга муносабатининг акс этмаслиги;

- бир дин ёки диний эътиқодга устунлик ёки чекловларнинг белгиланмаслиги;

- диний ташкилотлар ва давлат органлари фаолияти ўзаро бир-бирига аралашмаслиги;

- давлат диний конфессиялар зиммасига давлат функцияларини юкламаслиги ва қонунга зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди;

- давлат диний ташкилотларни молиялаштирмаслиги;

- диний руҳдаги сиёсий партия ва жамоат бирлашмаларнинг тузилишига йўл қўйилмаслиги;

- давлат диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳурмат ўрнатишга кўмаклашиши, адоватни олдиришга йўл қўймаслиги;

- давлат таълим тизимига диний фанларнинг киритилмаслиги;

- барча учун дунёвий таълим олиш ҳуқуқининг таъминланиши;

- муқаддас диний эътиқод объектларини таҳқирлаш жавобгарликка сабаб бўлиши.

Ўзбекистонда давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг белгиланишида асосий эътибор қаратилган масалалар давлатнинг дунёвий тамойилларини таъминлаш, фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, диний ташкилотларнинг қонун доирасидаги фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ҳамда жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборатдир. Бу эса, тинчликпарвар Ўзбекистонда фуқароларнинг конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан эмин-эркин фойдаланишларига замин бўлиб хизмат қилади.

Шукрулло Жўраев, 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
 маркази илмий ходими

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry