06.02.2023
118

ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИНГ АҲАМИЯТИ

“Муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш 

билан бир қаторда қўядиганларни қатъий 

қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила 

олмаймиз. Ислом фақат нурли ҳаётга, 

илм-маърифатга, яхшиликка ундайди”.

Шавкат Мирзиёев[1]

 

Тинчлик олий неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Чунки осуда ҳаёт, яратувчанлик фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун молию жони билан курашиб келган. Аммо бугунги воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар – тинчликка раҳна солувчи омилларни турлича келтирадилар – давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табий офатлар... Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани диний экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда. Диний экстремизм ёки терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканини кўрсатади[2].

Жамият барқарорлигига таҳдид солувчи ҳар хил ёт ғоялар ва мафкуравий хавфлардан бирини айни пайтда турли экстремистик ташкилотларнинг хуружларида кўриш мумкин. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, экстремизмни муайян бир дин, таълимот билан боғлаш нотўғри. Жумладан, ислом дини ҳам экстремистик тузилмаларнинг террорчилилик хуружлари, деструктив ҳаракатлар учун сабаб ҳисобланмайди.[3]

Шу нуқтаи  назардан, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман деб турган аҳолининг  ичида парокандалик, оиласида зиддиятларни  келтириб чиқаришга уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир. Ислом динида зўравонлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳеч бир кўринишига, зулм қилиш, қўрқув солиш, тинч аҳолини ваҳимага тушириш, уларнинг моли ва жонига тажовуз қилишга асло йўл қўйилмайди. Инсон ҳуқуқлари, ҳаёти, дини, оиласи ва молини ҳимоя қилиш ҳам ислом таълимотининг асосини ташкил этади[4]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Бирингиз, зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин), чунки у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкин (яъни, унинг қалбига васваса солиш орқали мусулмонга қарата ўқ оттириши мумкин). Оқибатда эса, у одам дўзах чоҳига қулайди”[5].

Бир инсоннинг қони, моли ва обрўсига тажовуз қилиш ислом динида ҳаром қилинган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Видо ҳажида “Эй одамлар!” деб бошланадиган ва бутун башариятга қаратилган қуйидаги гаплари далил бўла олади. “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”[6]. Ушбу сўзлар билан бутун инсоният ўзаро тинч-тотув яшашга, бошқаларга нисбатан адолат ва шавқатли бўлишга чақирилади. Зеро, инсон ҳаёти Яратган томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, у тинчлик мавжуд ерда қарор топади.

Ислом дини Аллоҳ таоло туширган бошқа самовий динлар ичида энг ёш ва мукаммали бўлиб, Ер юзида кенг ёйилган ва жамият тараққиётига улкан таъсир кўрсатган диндир. Даврлар ўтиши билан инсоният тарихида ижтимоий-иқтисодий тараққиётда турли масалаларни ҳал қилишда улуғ аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссалари беқиёс саналади. Мовароуннаҳр алломаларининг илмий-маънавий мероси бугунги кунда дунёда юз бераётган мафкуравий жараёнлар, инсон онги ва қалбини эгаллаш учун муросасиз курашларда ечим ва муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Ижтимоий масала ва умуминсоний урф-одатларимизнинг асосини диний қадриятлар ташкил этади. Диний қадриятларнинг асосий қисми бўлган исломнинг назарий масалалари тарихимизнинг турли даврларида ижтимоий онгнинг шаклланиши ва ривожланишига  сезиларли таъсир ўтказиб турган. Ислом динининг энг муҳим ва нозик жиҳатларидан бири бўлган ақидавий масалаларни ўрганадиган калом илмининг юзага келишида ва унинг тараққиёт босқичларида Мовароуннаҳрда яшаб, ижод этган мутакаллимларнинг ўрни беқиёсдир[7]. Уларнинг ҳаёти ва асарларини ўрганишда, мустақилликка эришгунимизгача юртимизда етарли даражада тадқиқотлар амалга оширилмаган бўлса ҳам, кейинги йилларда бу соҳада анчагина илмий изланишлар олиб борилмоқда. Чунки айнан шу мутакаллимларнинг асарлари ва ғоялари бугунги кунда урчиётган террорчи оқимларнинг ғояларига тўла раддия бера олади. 

Жумладан, ислом оламида “Имомул ҳуда”(ҳидоят имоми) номи билан машҳур улуғ бобомиз Абу Мансур Мотуридий (ваф. 944) таълимотини ўрганишга бағишланган тадқиқотларни билиш ва улардан, айниқса, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида  фаоллашган турли бузғунчи гуруҳларга қарши курашда фойдаланиш мумкинлиги ушбу ақидавий таълимотнинг бугунги кундаги амалий аҳамиятини оширади.

Мотуридия таълимоти ҳижрий IX асрда мусулмон дунёсида содир бўлган сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар натижасида юзага чиққан ҳар-хил диний-фалсафий фирқаларнинг иддаоларига раддия ўлароқ вужудга келди. Бу таълимотнинг бугунги кунгача етиб келишида, IХ асрдан бошлаб мотуридия мактаби уламоларининг, Мовароуннаҳрнинг ўз давридаги йирик шаҳарларидан етишиб чиққан олимларнинг хизматлари беқиёс экани эътироф этилади[8]. Абу Муин Насафий (ваф. 1114), Алоуддин Усмандий (1095–1157), Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142) каби мотуридия калом илми мактаби уламолариннг илмий изланишлари туфайли бу буюк таълимот бизгача соф ҳолатда етиб келган[9]. Аллома аждодларимиз меросини ўрганиш ва ҳаётимизга татбиқ этиш жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро, айниқса ёшларимиз учун жуда муҳимдир. 

Калом илмида мотуридия таълимоти – Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида ақлий ва нақлий далилларни асос қилган Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги ўта юқори савияли эътиқод мактабидир. Бу таълимот асосчиларининг соф эътиқод, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, тинчлик, дўстлик каби ҳислатларни сингдириш йўлидаги хизматлари асрлар мобайнида ўз мавқеини йўқотмай келмоқда. Улар ҳаттоки бугунги кундаги глобаллашув шартларига ва муоммоларига ҳам тўла жавоб бера олади.

Имом Мотуридий меросини ўрганиш нафақат бизга тарихимизда бўлган ғоявий парокан­даликлар ва уларга қарши уламоларимизнинг курашларини, балки бугунги кундаги бузғунчи, ёт ғояларнинг илдизлари қаерга бориб тақалиши, уларнинг урчиш сабаблари ва оқибатларини ҳам очиб беради.

Мотуридия таълимоти ёшларимизни ҳозирги кунда дунё миқёсида авж олаётган, ислом ни­қоби остидаги ҳар хил фундаменталистик, экстремистик, радикал оқимларнинг пуч иддаоларидан, алдовларидан ҳимоя қилишга ва уларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга жаҳон жамоатчилигига ислом дини ва калом илми тарихи ва унинг асл моҳиятини етказиб беришида катта ёрдам беради. 

Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг адашган оқимларга кириб кетиши, уларнинг гуёки соф исломни тарқатиш ғояларига алданиб қолишлари диний соҳада ғулувга кетиш ёки аксинча, енгил қараш фикрлаш оқибатида юз бермоқда. Нафақат ёшларимиз, ҳатто ақлини таниган ўрта ёшдаги қатлам вакиллари ҳам ҳар-хил салбий ғояларнинг таъсирига тушиб, кейин афсус қилиб юрган­лари ҳам ачинарли ҳол. Бундай ҳолатларни олдини олиш учун аввало жамиятнинг тарбиячи қатламидан юксак маънавият талаб қилинади. Бир сўз билан айтганда, тарбиячининг ўзи тарбияланган   бўлмоғи керак. 

Жамиятнинг ижтимоий қатламида вужудга келаётган фитна-фасодларнинг олдини олиш учун аввало уларни чинакам диний ва дунёвий билимларга эга қилмоқ зарур. Бу йўналишда давлатимиз сиёсати жуда тўғри йўналишни танлаган. Биринчи Шарқ ренессанси даврида шаклланган мактаб­лар бутун дунё тамаддуни ривожида  пешқадамлик қилган. Шундай экан, аждодларимиз меросини ўрганиб, замонавий билимлар билан уйғунлаштириб, ёшлар онгига сингдирилса, ҳеч қачон улардан адашиш, нотўғри йўналишларга кириб қолиш кузатилмайди.

Аксинча, улар моддий ва маънавий жиҳатдан янада юксакларга парвоз қилади ва оиласига, жамиятга керакли инсонлар бўлиб етишади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби, мотуридия эътиқодий йўлида собитқадам, бўлиб ижтимоий-сиёсий ҳаётини изга солаётган мусулмон давлатлари келажак­да дунёда бўладиган ҳар-хил хунрезликлар тушунмовчиликларнинг олдини олган бўлади. Бошқа томондан эса, ўсиб келаётган ёш авлодга ислом динининг асл моҳиятини кўрсатиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўл (суннат)ларини ўргатишимиз зарур. Бундай соф эътиқод ҳозирда жамиятда учраб турган ижтимоиий бузғунчилик, маънавий қолоқлик каби иллатларнинг олдини олишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Абу Мансур Мотуридий томонидан яратилган ва тарихга “мотуридия” номи билан кирган таълимот ҳақидаги тадқиқотларни билиш, илмий-назарий аҳамиятдан ташқари, катта амалий қим­матга эга экани мазкур йўналишдаги тадқиқотларни давом эттириш зарурлигидан дарак беради. Имом Мотуридий фаолиятида ислом дини ҳаётбахш ғояларнинг софлиги, эътиқодий масалаларни бир томонлама ва хато талқин этган ва залолатга ботган ҳар хил тоифа ва оқимларга қарши кураш, яъни асосли раддиялар бериш салмоқли ўрин эгаллайди. Шу боисдан алломанинг ўлмас таълимоти бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда яқиндан ёрдам бериши шубҳасиздир. 

Хулоса ўрнида яна бир ҳолатни алоҳида қайд этиш лозим. Баъзи неъматларнинг шукри чин дилдан ихлос билан “Худога шукр”, дейиш билан эдо этилса, айрим неъматларнинг шукрини амалий ҳаракатлар билан адо этиш талаб этилади. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардан бири. Бинобарин, жамият барқарор бўлса, тараққиёт сари дадил одимлайди. Тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган жамият доимо обод ва фаровон бўлади. 
                                                                                                                                         Баёзхон МаҲмудов,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот 

маркази илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Аbu Abdulloh Мuhammad ibn Ismoil al-Buxoriy. “al-Jomi’ as-sahih” J.4. Qomuslar bosh tahririyati, 1992.

2. А.Соғуний. “Тарихи Муҳаммадий”. –Тошкент. 2017.

3. Ш.М. Мирзиёев. Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” . 2017 йил 15 июн. БМТ Ассамблеяси 72-сессияси.

4. Ш. Зиёдов. И.Даминов, Т.Ибодуллаев, О.Муҳаммадиев. “Мовароуннаҳрда мотуридия калом илми мактаби”. –Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти, 2020.

5. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари –Тошкент ислом университети, 2005.

6. К.Шермуҳаммедов, Ислом ниқоби остидаги экстремистик террорчи уюшмалар : маълумотлар тўплами / К.Шермуҳаммедов, Ж.Каримов. –Тошкент: Тошкент ислом университети, 2017.

7. З.Исломов, Ш.Икромов, Экстремизм ва терроризм – тараққиёт душмани –Тошкент: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2015.

 

 


 

[1] Ш.М.Мирзиёев. Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” . 2017 йил 15 июн. БМТ Ассамблеяси 72-сессияси.

 

[2] З.Исломов, Ш. Икромов, Экстремизм ва терроризм – тараққиёт душмани –Тошкент: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2015. –Б. 3.

 

[3] Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари –Тошкент: Тошкент ислом университети, 2005.–Б. 65.

 

[4] З.Исломов, Ш.Икромов, Экстремизм ва терроризм – тараққиёт душмани. –Тошкент: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2015. –Б. 28. 

 

[5] Аbu Abdulloh Мuhammad ibn Ismoil al-Buxoriy, “al-Jomi’ as-sahih”, 4-jild Qomuslar bosh tahririyati. 1992. №7072 hadis.

 

[6] А.Соғуний “Тарихи Муҳаммадия” –Тошкент. 2017. –Б. 601. 

 

[7] Бу илм билан шуғулланган олимлар мутакаллимлар деб аталади.

 

[8] А.Муминов. Мовароуннаҳр ҳанафий фиқҳи // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2000. № 3 –Б. 88–91.

 

[9] Ш.Зиёдов, И.Даминов, Т.Ибодуллаев, О.Муҳаммадиев. “Мовароуннаҳрда мотуридия калом илми мактаби” “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти. –Самарқанд. 2020. –Б. 69.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry