30.01.2023
116

САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ “ҲОШИЯ АЛА-Л-КАШШОФ” АСАРИДА ИМОН МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Ўрта асрлар қомусий олимларидан ҳисобланган Саййид Шариф Журжоний (740–816/1340–1413) ўз давридаги ислом дунёси илм аҳлларининг кўзга кўринган вакили эди. У араб тилшуноси ва файласуф сифатида танилиши билан бирга, ўша даврда мадрасаларда ўқитилган илмлардан калом, ислом фалсафаси, мантиқ, араб тили ва адабиёти, фиқҳ ва усул, тафсир, ҳадис ва мунозара илми каби илм соҳаларида устоз эди. Манбаларда унинг ўта закий, мудаққиқ, муҳаққиқ, чуқур мулоҳазали, ўткир фикрли, фасоҳат ва балоғат соҳиби, баҳс ва далил келтириш усулларини яхши билувчи, мантиқ ва ақл тақозосига кўра суҳбатлашувчи бўлгани ҳақидаги маълумотлар жуда кўп[1].

Саййид Шариф Журжонийнинг “Ҳошия ала-л-Кашшоф” асари аллома Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т-танзил” номли машҳур тафсир асарининг дастлабки қисми, яъни Фотиҳа сураси ҳамда Бақара сурасининг илк йигирма беш ояти тафсирига бағиш­ланган ҳошия саналади.

Журжонийнинг ушбу асари қачон ва қаерда ёзилгани ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган бўлса-да, асар савияси ва унда келтирилган маълумотларга кўра, олим уни етарли илм таҳсил қилганидан сўнг ҳамда 791/1389 йилда Тафтазоний билан олиб борган мунозаралари вақтида ёхуд бундан бир муддат кейин Самарқандда таълиф этган, дея оламиз. Чунки Журжоний бу асарида “Баъзилар шундай иддао қилади”[2] каби ифодалар орқали Тафтазоний ва ўзи ўртасида кечган мунозараларга ишора этади[3].

Саййид Шариф Замахшарийнинг тафсирига ёзган бу ҳошиясида Қуръон, тафсир билан боғлиқ изоҳларида лозим ўринларда тил қоидалари, ақоид ва ислом тушунчаси йўналишларига катта аҳамият беради. Луғат ва эъроб йўналишидаги изоҳталаб сўзларни сарф ва наҳв қоидаларига кўра изоҳлайди. Бунинг учун ҳатто араб шеъриятидан далиллар келтиради. Ушбулардан келиб чиқиб, Журжонийнинг мазкур ҳошиясини луғат, эъроб, адабиёт ва калом илми йўналишидаги қарашларга бой бўлган ҳошия сифатида баҳоласа бўлади.

Ҳошияда ақоидга оид масалаларда ҳам баҳс юритилган. Хусусан, имоннинг луғавий маънолари, мўътазилийларнинг имон масаласидаги қарашлари ҳамда аҳли сунна вал жамоанинг имон борасидаги эътиқоди баён этилган.

Замахшарий Бақара сурасидаги “Улар ғайбга иймон келтирурлар...” ояти тафсирида имоннинг луғавий таърифини қуйидагича зикр этади: “Имон أمن [амн] – “омонлик, хавфсизлик, хотиржамлик” сўзининг إفعال [ифъал] вазнидаги шаклидир... Агар бирор нарсани тасдиқласа, унга имон келтирган ҳисобланади. Унинг ҳақиқати эса “уни ёлғонга чиқариш ва қарама-қаршиликдан омонда қилдим” деган маънодадир. Ушбу сўзнинг ب [ба] ҳарфи билан таъдия (ўтимли) қилиши “иқрор қиламан”, “эътироф этаман” деган маънони англатгани учундир. Саййид Шариф ушбу матнни шарҳлаб, шундай дейди: “Замахшарийнинг “Имон أمن [амн] – “омонлик, хавфсизлик, хотиржамлик” сўзининг إفعال [ифъал] вазнидаги шаклидир” деган сўзига келсак, у битта мафъулга таъсир қилади. Масалан, “Ундан омонда бўлдим” дейсиз. Агар унга ҳамза қўшилса, яъни آمن [аамана] бўлса, иккита мафъулга таъсир қилади. Масалан, “Ўзимдан бошқани ундан омонда қилдим”. “Имон” сўзи тасдиқ маъносида луғавий мажоз бўлиб қўлланади. Бунга Замахшарийнинг “Унинг ҳақиқати”, яъни آمن [аамана] сўзининг ҳақиқати صدق [соддақо] – “тасдиқлади” деган сўзи ишора қилади. Яъни “имон” бир шахсни омонда қиладиган ҳақиқатдир. Агар мутлақ қўлланса, “тасдиқ” маъносида бўлади. Чунки сиз бирор нарсани тасдиқласангиз, уни ёлғонга чиқаришдан омонда қилган бўласиз[4].

Шу билан бирга, мазкур оят тафсирида Замахшарий имонга шундай таъриф беради: “Агар сиз: “Саҳиҳ имон нима? десангиз, мен: “Кишининг ҳаққа эътиқод қилиши, уни тили билан таъбир этиши ва амали билан тасдиқлаши”, дейман. Ким эътиқодни инкор этса, гувоҳлик келтириб, амал қилса ҳам, у мунофиқдир. Ким гувоҳлик келтиришни тарк этса, у кофирдир. Ким амални тарк этса, у фосиқдир”.

 Журжоний ушбу жумлаларни шарҳлаб, бундай дейди: “Замахшарийнинг “Саҳиҳ имон нима?” деган сўзи шаръий имон ҳақидаги саволдир. Зеро, у имоннинг луғавий маъносини баён этганидан сўнг уни “саҳиҳ” сўзи билан қайдлади. Яъни, бу билан шаръан эътиборга олинадиган имонни назарда тутди. Қолаверса, бу сўзи билан фосиқнинг имони (ҳам у баён этадиган таъриф остига кириб қолиши)дан сақланди. Замахшарийнинг “Ҳаққа эътиқод қилиш” деган сўзи ҳақни жазм қилиш ва қалб билан унга итоат этиш, маъносидадир. Бу Ашъарий ва унинг издошлари имон борасида кифояланган тасдиқнинг маъносидир. Ашъарийлар (тил билан) иқрор қилишни ҳукмларни ижро этиш ўрни деб белгилаганлар. Ҳанафийлар эса, тасдиқ ва иқрорни имоннинг икки жузи деб белгилаганлар. (Уларга кўра,) иқрор мажбурлик ҳолатида соқит бўлиши мумкин, аммо тасдиқда бундай эмас (яъни, тасдиқ ҳеч қачон соқит бўлмайди). Мўътазилийлар амални ҳам зиёда қилганлар”. Замахшарийнинг айтишича ким гувоҳлик беришни бузса, яъни гувоҳлик беришни ёхуд унинг ўрнига ўтадиган соқовнинг ишора қилиши кабиларни қодир бўлатуриб, қасддан тарк этса, эътиқод қилиши ёки қилмаслигидан қатъи назар, у кофирдир: “Яъни, мунофиқнинг хилофи ўлароқ, куфрини ошкор қилувчидир. Зеро, мунофиқ имон суратини куфр ҳақиқатига қориштирган кишидир. У куфрини яширган кофирдир. Фосиқ, яъни тавба қилмаган гуноҳи кабира қилувчи эса, мўътазилийлар наздида имон ва куфр ўртасидаги бир мартабада бўлади. Салафи солиҳлар бундай кишининг мўмин эканлигига иттифоқ қилганлар. Зеро, саҳиҳ ҳадислар шунга далолат қилади. Салафлардан нақл қилинган имон қалбнинг маърифати, тилнинг иқрори ва (ислом) рукнларига амал қилишдир деган сўз комил имон ҳақида айтилгандир[5].

Хулоса қилиб айтганда, асарда келтирилган шарҳ ва изоҳлар орқали Журжоний нафақат араб тили қоидалари, балки ақоид илмида ҳам моҳир эканининг гувоҳи бўламиз. Олим тил қоидаларига оид ўринларда Замахшарийнинг сўзларини яна ҳам очиқлаб ўтган бўлса, ақоид масалаларида “Кашшоф” соҳиби баён этган эътиқодни зикр этиш ортидан аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳам ёритиб ўтади. Бу эса “Ҳошия ала-л-Кашшоф” асарининг сунний тафсирлар туркумига мансуб эканига далолат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар

Рашид Умар Аърозий. Ҳошия аъла ал-Кашшоф. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-исламийя, 2012

Садреддин Гумуш. Сеййид Шериф Журжани. –Истанбул: Фатиҳ яйиневи матбааси, 1985

Муҳаммад ибн Али Шавконий. Ал-Бадр ат-толеъ. –Қоҳира: Дор ал-китаб ал-исламий, 2011

Достон МустафОев,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 


 

[1] Муҳаммад ибн Али Шавконий. Ал-Бадр ат-толеъ. –Қоҳира: Дор ал-китаб ал-исламий, 2011.

 

[2] Рашид Умар Аърозий. Ҳошия аъла ал-Кашшоф. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-исламийя, 2012.

 

[3] Садреддин Гумуш. Сеййид Шериф Журжани. –Истанбул: Фатиҳ яйиневи матбааси, 1985.

 

[4] Рашид Умар Аърозий. Ҳошия аъла ал-Кашшоф. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-исламийя. 2012

 

[5] Ўша манба.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry