06.01.2023
238

МАРКАЗИЙ ОСИЁ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ДИНИЙ-ФАЛСАФИЙ ТАФАККУР СОҲАСИДАГИ МЕРОСИ

Маълумки, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Абу Мансур Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд Хожа Аҳрор Валий, ва бошқа бир қатор буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий ва диний мерос ислом динининг кейинги тараққиётида муҳим рол ўйнади. Шу билан бирга, Марказий Осиё диний-фалсафий тафаккур соҳасининг ривожланишига ҳам катта таъсир кўрсатди. Ҳозирги кунда ислом динини ўрганиш ва унинг нотўғри талқин қилинишининг олдини олишда юқорида номлари келтирилган аждодларимиз томонидан қолдирилган бой меросни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мақолада Марказий Осиё алломаларининг диний-фалсафий тафаккур соҳасидаги мероси ва унинг моҳияти таҳлил қилинган.

Турон замини қадимдан илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган. Илм-маърифат, одоб-ахлоқ дини, олиму фузалоларнинг ҳомийси бўлиб заминимизга кириб келган ислом дини, кишилар орасида жуда тез тарқалди. Бунинг асосий сабаби эса, исломнинг яккахудоликка асосланганлиги ва бунда инсонларнинг қадр-қимматини муносиб ҳимоя қилганлигида эди. Бу динни ўрганиш, унинг инсонлар орасида нотўғри талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида, аждодларимиз қолдирган миллий-маънавий меросни тарғиб этишга барчамиз бирдек масъулмиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Абу Мансур Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, ва бошқа бир қатор буюк алломаларимизнинг илмий ва диний меросида кишиларда диний тафаккурни шакллан­тиришга қаратилган жиҳатларни кўриб чиқамиз.

Мовароуннаҳрга ислом динининг кириб келиши натижасида, ўлкада турли соҳалар илмлари қатори ислом илмлари ҳам ривожлана бошлади. Ислом дини шарқдан Ҳиндистонгача, ғарбдан Марокаш ва Андалусгача, шимолдан эса Туркистонгача ёйилди ва бу минтақалардан турли халқлар, яъни форсийлар, юнонлар, ҳиндулар, туркий халқлар билан арабларнинг қоришиб кетиши натижасида ислом динининг турли соҳаларида янги-янги мактаблар пайдо бўла бошлади.

Илм-фансиз ҳеч бир юрт ёки жамият тараққиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузум, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Талаби илмни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан то қабргача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенглаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди[1].

Милодий ХI–ХII асрларга келиб Мовароуннаҳрда тафсир илми кенг ривожланди. Самарқандлик аллома Алоуддин Самарқандий Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” номли тафсирига ёзган “Шарҳ Таъвилотул Қуръон” китоби, Абу Хафс Умар Насафийнинг “Тафсир Насафий” (Тайсир фит тафсир) номли асарлари бунга мисол бўла олади[2].

Ёзма манбаларда келтирилишича, ҳадисшунослик илми саккизинчи асрнинг иккинчи ярми­дан ўн биринчи аср ўрталаригача асосий ва зарурий машғулотлардан бири даражасига айланган. Бу даврда Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган тўрт юздан ортиқ муаллифлар (муҳаддислар) ана шу илм (ҳадисшунослик) билан шуғулланган[3]. Ўзбекистон ҳудуди ҳадисшуносликнинг бешиги сифатида тан олинади. Хусусан, Имом Бухорий ва Абу Исо Термизий каби етук муҳаддисларни кўришимиз мумкин. Ҳадисларнинг киши диний тафаккурини ривожлантиришдаги аҳамияти беқиёсдир. Зеро, ҳадислар Пайғамбаримиздан қолган ўгитлардир. У кишининг қилган ишлари ва амаллари ҳадисдир. Ҳадисни ўрганиш Аллоҳ таолонинг буюрган ишларини ўрганиш ҳисобланади. Бу ҳақида “Ҳадис ва ҳаёт” китобида шундай дейилади: Ҳамду сано Аллоҳ таолога бўлсинким, У зот ўз Китобида “Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни нимадан қайтарса, қайтинг”, деган.

“Ҳадис” араб тилида “гап, сўз” маъноларини англатади. Демак, ҳадис деганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари, феъл-атворлари тушунилади. Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим муҳаддис дейилади. Муҳаддислар, асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келга­нини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умумин­соний (гуманитар) илмларга асос бўлган.

“Суннат” сўзи эса, араб тилида “тариқат – маънавий йўл” маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деганда тариқатлари, йўлларини тушунамиз.

Суннат муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, таҳрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “суннат” дейилади”[4].

Муҳаддислар султони, “Саҳиҳул Бухорий” номли ишончли ҳадислар тўплами муаллифи бўлган Имом Бухорийнинг асл исмлари Муҳаммад, кунялари Абу Абдуллоҳ, лақаблари “Имом ал-муҳаддисин” (Муҳаддислар имоми, пешвоси) ёки “Амир ул-муъминин фил-ҳадис” (Ҳадис илми бўйича мўминлар амири) ва насаблари Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ. болалик чоғидан илоҳий қудрат, кучли хотира ва ақл-заковатга эга бўлган Имом Бухорий умри Пайғамбаримиздан қолган ҳадисларнинг саҳиҳ (ишончли)ларини йиғиш ишларида ўтди. Дин инсонларни фақат яхшиликка етаклаши, у инсонларда инсоний фазилатларни шакллан­тиришда муҳим ўрин тутади.

Имом Бухорий ҳадислари мусулмон кишининг қандай ҳаёт кечириши учун тўғри йўл кўрса­тувчи дастурил амал бўлиб хизмат қилади. Кишиларнинг динга бўлган қарашларини ўзгартириш, уларнинг бу борадаги билимларини ошириш орқали диний тафаккурини шакллантиришни мақ­сад қилган.

Имом Бухорий ҳадисларни тўплашда тобеинлардан Абу Исо Термизий – унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо Сулламий Зарийрал-Буғий Термизий бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўртаҳол оилада таваллуд топган. Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саад Абдулкарим Самъоний (1113–1167) Имом Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталганини, олимнинг кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олганини ҳам қайд қилади. Лекин эл орасида Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшлигидан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғ­лиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термиз шаҳрига яқин бўлиб, маъмурий-идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.

Тарихчилар унинг “Бобом асли Марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган” деган фикрини келтириш билан чегараланадилар.

Ҳофиз Заҳабий “Мизон-ул-иътидол” китобида Термизийнинг ҳижрий 279 йилда вафот этган­ларини зикр қилиб, “вафот этган вақтларида етмиш ёшда эдилар”, дейди. Аллома Мулла Али ал-Қорий ҳазратлари ҳам “аш-Шамоил” асари шарҳида худди шу гапни айтади[5]. Термизий­нинг “Суннани Термизий” деб номланган ҳадислар тўплами жаҳон муҳаддислари томонидан юксак баҳоланади.

Ислом оламида ўзининг калом илми таълимоти билан ном қозонган аждодимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий мероси диний-маърифий соҳани ривожлантириш учун муҳим манбалар­дан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Калом илмининг юзага келиши учун нима сабаб бўлди? Ислом тари­хидаги илмларнинг ривожланишига назар ташланса, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари даврида илм талаб қилиш, Қуръон ва суннатни ҳар томонлама ёдлаш ва тушуниш билан шуғулланишдан иборат бўлган. Замонлар ўтиши билан масалалар кўпайди, шаҳарлар кенгайди, араб тили ажамликлар тили билан аралашиб кетди ҳамда олимлар ягона мавзудаги илмий масалаларнинг барчасига таяниб, бирини бошқасидан алоҳида ном билан ажра­тиб чиқдилар. Шу тариқа илм соҳалари ажратиб чиқилди. Шу тариқа олимлар кўпинча, қамраб олган масалаларига таянган ҳолда мавзу қилиб олганлар ва шу таъриф билан номлаганлар ёки ўша соҳани ўрганиш натижасида юзага чиқадиган мақсад ва самарага таяниб, атамалар қўйганлар.

Ақида илми инсоннинг ақидавий қарашлари, диний-фалсафий фикрларини ифодаловчи, умуман олганда, унинг илоҳий туйғу ва кечинмаларини тартибга солувчи бўлиб хизмат қилади[6].

Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадисга асослангани ва ақлга-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Ўз китобларида ҳеч бир эътиқодга кўр-кўрона эргашиш керак эмаслигини, ҳар бир ишни тафаккур тарозишга солишни афзал билиш керак­лигини кўрсатиб ўтган. Мана шундай ўз таълимотига доир асосий фикрларни “Китобут тавҳид” асарида баён қилган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай фикрларни айтади: “Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса, илм манбаларидан биридир”.

Марказий Осиёалломаларининг қолдирган диний-маърифий мерос кишилар онгида диний тафаккурни шакллантириш, уларда юзага келадиган саволларга жавоб топиш ва тўғри йўлни танлаш имконини беради. Ҳадислардан Пайғамбаримиз суннатларидан хабардор бўлиб, ҳақ йўли­да тўғри яшаш тамойилларини ўргансак, ақоид, яъни калом илмидан биз ўрганган билимларни ақлий тафаккур ёрдамида қабул қилиш, мантиқан фикр юритиш ва тўғри хулоса чиқариш йўлллари ва воситаларини билишимиз мумкин. Минтақамизда кишиларнинг фиқҳий масалаларда оқсаб қоладиган билим даражасини ошириш йўлида тинимсиз изланишлар олиб борган ва бу борада турли хил асарлари билан ҳозирги кундаги умматнинг эътиқодини, имонини мустаҳкам қилаётган аждодларимиз илмий меросини ўрганиш фарздир. Улар қолдирган мерос биз учун тўғри йўлга даъват этиш воситаси ва ҳужжат вазифасини бажармоқда десак, адашмаймиз.

 

Жонибек ЖУМАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот 

маркази илмий ходими

 


 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мовароуннаҳрлик уламоларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси.

 

[2] У.Уватов, С.Оқилов, Э.Даминов. Мотуридия таълимоти ва Абу Муин Насафий илмий мероси. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. –Б. 31.

 

[3] А.Б.Халидов. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. –Москва. 1985. –С. 143.

 

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Ж.1. –Тошкент: Шарқ. 2004,  –Б. 7.

 

[5] Abu Iso at-Termiziy, Sunani Termiziy, –Tошкент: Adolat. 1999. –B. 5.

 

[6] У.Уватов, С.Оқилов, Э.Даминов. Мотуридия таълимоти ва Абу Муин Насафий илмий мероси. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. –Б. 31.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry