12.12.2022
139

МАМЛАКАТ ҲАМЖИҲАТЛИГИ

Маълумки, Конституция бу мамлакатнинг асосий қонуни бўлиб, унда давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ва шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда суд тизими белгилаб берилган. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мамлакатимиз Конституцияси замирида ҳам юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш борасида кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассам эканини чуқур ҳис этиш мумкин.

Бош қомусимизда барча нормалар бир мақсадга, яъни инсоннинг асосий эркинликларини таъминлаш, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чикаришга қаратилган. Бунда қонун олдида барчанинг тенглиги тамойили устун ҳисобланади. Конституциямизнинг 18-моддасидаЎзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб белгиланганлиги барчанинг Ўзбекистон қонунлари олдида тенглигига кафолатдир. 

Инсоннинг асосий эркинликларидан бўлган ҳаёт ва мулк дахлсизлиги, тиббий ёрдам ва таълим олиш сингари ҳақ-ҳуқуқлари билан бир қаторда виждон эркинлигини таъминлаш ҳуқуқи ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Бу борада Конституциянинг 29-моддасидаҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга”, деб кўрсатилган норматив тартиблар етакчи аҳамиятга эга. Бош қомуснинг 31-моддасида эса тўғридан-тўғри ушбу ҳуқуқлар ҳақида тартиб белгиланган. Хусусан, унда: “ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. 

Таъкидлаш лозимки, юқорида келтирилган нормаларнинг Ўзбекистонда виждон ва диний эркинлик соҳасидаги Конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинганлигига асос бўлади. Ўзбекистондаги диний ташкилотлар билан давлат муносабатлари кўрсатгичларига тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда 16 та конфессияга тааллуқли 2335 та диний ташкилот расмий рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Шундан 2142 таси исломий, 193 та ноисломий ташкилотлар ҳисобланади. Улардан 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та Иегова шоҳидлари жамоаси, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир.

Диний ташкилотларнинг барчасига давлат томонидан тенг шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган. Давлат уларнинг фаолиятига аралашмайди. Бунга Конституциянинг 61-моддасидаги “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, деган тамойили асосида амал қилинади. 

Виждон эркинлигини таъминлашга доир Конституциявий нормалар ижросининг ёрқин намунаси сифатида 2021 йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунини кўрсатиш мумкин. Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний конфессияларнинг диний таълим олишига шарт-шароитлар ҳозирланган. Республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда.

Юртимиз диндорларининг муқаддас зиёратгоҳлар ва қадамжоларга боришларини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараён мутасадди ташкилотларнинг доимий тарзда ҳар томонлама ёрдами ва кўмаги остида амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида жами 300 мингдан зиёд юртдошларимиз Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратларига, шунингдек, деярли 3 мингга яқин фуқаролар Исроил, Россия, Грузия, Туркия каби давлатларда жойлашган муқаддас масканларни зиёрат қилишга муяссар бўлдилар. 2022 йилги ҳаж мавсумига эса тарихда илк бор Ўзбекистондан 12 мингга яқин зиёратчилар ўз ибодатларини амалга ошириш учун муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига бордилар. 2023 йилда юқоридаги кўрсатгичлар янада ошиши кутилмоқда.   

Таъкид билан айтиш лозимки, Бош қомусимизга нисбатан ҳалқаро миқёсда нуфузли шахслар томонидан эътирофлар ҳам янграган. Жумладан, Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг фаҳрий президенти бўлган Дедье Мос Ўзбекистон Конституциясига шундай баҳо берган эди: “Ўзбекистоннинг асосий қонунлар мажмуи илғор халқаро конституциявий тажриба ва ўзбек халқининг урф-одати ва минталитени эътиборга олиб ишлаб чилганини тан олиш лозим. Ўзбекистон Конституцияси мамлакатда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш ва мустаҳкамлашда кўп давлатларга ибрат бўлиши мумкин”. Бундай юксак эътироф мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асоснинг нечоғлиқ аҳамиятга эгалиги ҳамда бағрикенглик қарашларининг халқаро даражада муҳимлигига далил ҳисобланади.

Диний бағрикенглик қон-қонимизга сингган қадрият сифатида бўлиши лозимлиги юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир олимларнинг илмий асарларида ҳам кўп учраган. Жумладан, Имом Мотуридий ҳазратлари инсон доим теран фирклаши ва ҳар жабҳада бағрикенг бўлиши лозимлиги, агар шундай бўлмаса ҳаётига қийинчиликлар келиши ҳақида айтган эдилар. Олим “Таъвилот ал-Қуръон” асарида: “бировлар ҳақида доим ёмон фиркга берилиш, уларга туҳмат қилиш қалбни мажруҳ қилади, иймонни заифлаштиради. Бундай одам шайтоннинг васвасаларига осонлик билан берилади ва шу билан унинг руҳий дарди чуқурлашади”, деган эди. Шундай экан, барчамиздан гўзал фикр ва пок ниятда юришимиз ҳамда миллатидан, динидан қатъий назар бошқаларга ёмон кўз билан қарамаслигимиз талаб этилади. Булар ўзимизнинг фойдамизга хизмат қилишига уламо томонидан ишора қилинган эди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституциямиз эндигина 30 йиллик тарихга эга бўлишига қарамасдан ўз ичида ҳар соҳада инсон қадр-қимматини асраш, тенглигини таъминлаш, унинг асосий эркинлигини кафолатлашга қаратилган илғор ҳуқуқий механизмлар асосида ташкил қилинганини намаён қилмоқда. Конституциявий тартибларга омматан амал қилишимиз эса жамият барқарорлиги ҳамда динлараро ҳамжиҳатликка улкан хизмат қилади.   

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Жўраев Улуғбек   

 

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry