25.04.2023
205

МУҲАММАД ИБН ҲАСАН ШАЙБОНИЙНИНГ ИСЛОМ ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИДА ТУТГАН ЎРНИ

Кишилик жамиятининг илк давридан бошлаб инсонлар ўзаро бир-бирлари билан ҳамкорлик қилишга интилганлар. Бу йўлда кишилар ўртасида муроса йўлини танлаш ва ҳар томон учун манфаатли бўлган ечимлар топишга ҳаракат қилинган. Кейинчалик давлатлар пайдо бўлгач, мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, элчилик муносабатлари, савдо[1]сотиқ каби масалаларга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу эса, давлатлар ўртасида халқаро муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишига турки бўлди. 

Бундай муносабатлар турли даврларда ўзига хос қоидалар билан ўзгариб, такомиллашиб борган. Уруғ-қабилалар даврида халқаро муносабатлар одат нормалари асосида оғзаки шаклда тартибга солинган бўлса, давлат ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши мазкур муносабатларнинг ёзма шаклда намоён бўлишига олиб келди. Кейинчалик шартномалар шакли, уларга қўйиладиган талаблар, уларнинг кучга кириш ва кучдан қолиш тартиби, амал қилиш муддати, шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда тарафларнинг ўзаро келишуви асосида ёки бир томонлама бекор қилиш тартиби каби масалалар халқаро ва миллий ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган бўлди.

Жаҳон ҳамжамияти халқаро ҳуқуқий муносабатларни бундай тарзда тартибга солишга бирданига эришган эмас. Ушбу жараён узоқ ўтмишдан ҳозирги кунгача тўпланган халқаро ҳуқуқий амалий тажрибанинг маҳсулидир. Мазкур тажрибага турли минтақа давлатлари ўзига хос ҳисса қўшган. Бу масалада мусулмон оламининг ҳам тажрибаси салмоқли саналади. Айниқса, давлатлараро элчилик муносабатлари, халқаро шартномалар, уруш ва тинчлик даврида инсонпарварлик масалалари каби йўналишларда мусулмон олимлари томонидан илгари сурилган ғоялар таҳсинга сазовор. 

Ислом дини жаҳон динларидан бири сифатида вужудга келиши ва турли минтақалар бўйлаб ёйилиши, Араб халифалигининг ташкил топиши ва амалга оширилган фатҳлар туфайли дунёнинг улкан ҳудудида ҳукмронлик қилган кучли салтанатнинг ташкил этилиши ўзига хос халқаро муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишига замин яратди. Қолаверса, бу масалада, Қуръон ва суннада белгиланган устувор қоидаларга таянилиши ҳамда олимлар томонидан халқаро муносабатларга оид қоидаларнинг назарий жиҳатдан асослаб берилиши ислом ҳуқуқида халқаро муносабатларнинг аниқ ечимлари шаклланишига туртки бўлди.

Бу масалада ҳанафийлик мазҳабининг етук намояндаси Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (749–805) ўрни беқиёс. Чунки бу зот ўз даврида юзага келган турли ҳуқуқий масалаларнинг ечимини топишда катта муваффақият қозонди. 

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний халқаро ҳуқуқий мунуосабатлар (сияр) соҳасида китоб ёзишга киришган вақтда, Абдураҳмон Авзоий, Имом Абу Юсуф каби забардаст олимларнинг сияр илми борасидаги асарлари маълум эди. Аммо уларда фиқҳнинг янги ва қизиқарли бўлган бу соҳаси етарли даражада ёритилмаган эди. Сиярни батафсил ўрганиш айнан Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга насиб этди. Таъбир жоиз бўлса, Имом Шофеъийнинг усул улфиқҳдаги ўрни каби Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳам сияр илмида юксак мақомга эга дейиш мумкин (Anke Iman Bouzenita, 2007).

Муҳаммад Шайбоний тинчлик ва уруш шарои[1]тида мусулмонларнинг ўзга дин вакиллари билан олиб борадиган муносабатлари ҳақида “ас-Сияр ас-сағир” ва “ас-Сияр ал-кабир” асарларини ёзди. “Ас-Сияр ас-сағир” асари “ас-Сияр ал-кабир”дан олдин ёзилган бўлиб, унда тинчлик ва уруш ҳолатларида мусулмонлар ва ўзга дин вакиллари ўртасидаги муносабатлар, ғайридинлар ҳуқуқларининг ислом юрти ва унинг ташқарисида муҳофаза қилиниши, элчилар дахлсизлиги, сулҳ ва шартномалар, асирлар ва ҳарбий жиноятчилар, ўлжалар тақсимоти ва бошқа нозик масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Асарда кўриб чиқилган ва таклиф этилган ечимлар Муҳаммад Шайбонийдан саккиз аср ўтибгина Ғарб ҳуқуқшунослари томонидан ўрганила бошланди. 

Бу асарга Сарахсий ўзининг “Мабсут” номли китобида шарҳ ва тушунтиришлар берган. Сарахсийнинг хизматлари туфайли ушбу асар бугунги кунга қадар тўлалигича етиб келди. Маълумотларга қараганда, сияр мавзусида биринчилардан бўлиб китоб ёзган буюк фақиҳ Абдураҳмон Авзоийнинг қўлига Муҳаммад Шайбонийнинг “ас-Сияр ас-сағир” асари тушиб қолади. Шунда Авзоий “Бу кимники?” деб сўрайди, “Ироқлик Муҳаммадники”, деб жавоб берганларида, “Бу мавзуда ироқликларга китоб ёзишни ким қўйибди, улар сийра фанини билмайдиларку”, деган. Кейинчалик Муҳаммад Шайбоний “ас-Сияр ал-кабир”ни ёзгач, уни ҳам ўқиб кўрган Авзоий: “Агар бу китобда ҳадислар мавжуд бўлмаганида, мен унинг ўзи илм ижод қилади деб ўйлаган бўлардим”, деб асарга жуда юқори баҳо беради.

“Ас-Сияр ал-кабир”нинг ёзилишига сабаб сифатида Сарахсий келтирган бу маълумот соҳанинг таниқли олимлари ўртасида баҳс[1]мунозараларга сабаб бўлган. Хусусан, ислом ҳуқуқи бўйича етук олим Муҳаммад Абу Заҳра мазкур маълумотни таҳлил қилиб, “Бундан Авзоий “ас-Сияр ал-кабир”ни кўрганлиги келиб чиқади ва биз бу икки маълумот борасида кичик баҳсга киришмоқчимиз”, деб раддия берган. Абу Заҳрага кўра, бу маълумот тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки Авзоий ҳижрий 157 йилда вафот этган, Имом Муҳаммад эса, 132 йилда туғилиб, 189 йилда вафот этган. Маълумки, “ас[1]Сияр ал-кабир” Муҳаммад Шайбонийнинг сўнгги асари ҳисобланади. Агар Сарахсий келтирган маълумотларни қабул қиладиган бўлсак, Имом Шайбоний ўзининг охирги асарини 25 ёшида ёзган бўлиб чиқади. Чунки Авзоий вафот этган вақтда у 25 ёшда бўлган. Аслини олганда, Шайбоний бу ёшда китоб ёзишни эндигина бошлаган эди, десак тўғри бўлади.

Доктор Муҳаммад Дасуқий ҳам ўзининг “Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва унинг Ислом фиқҳидаги ўрни” деб номланган асарида бу масалада яна бир мулоҳазани илгари суради (Муҳаммад Дасуқий, 1987). Унга кўра, Имом Муҳаммад Авзоий вафот этган пайтда охирги асарини ёзган бўлса ва ундан кейин яшаган 32 йиллик умри давомида бирорта ҳам асар ёзмагани ҳақиқатдан йироқ деган мулоҳазани илгари суради.

Шу каби фикр-мулоҳазалар асосида “ас-Сияр ал-кабир”нинг ёзилишига Авзоийнинг сабаб бўлгани инкор этилади. 

Шунга қарамай, “ас-Сияр ас-сағир” ҳақида Авзоийнинг фикр билдирганини ҳақиқат дейиш мумкин. Сабаби, айни Авзоийнинг, ироқликлар сияр ҳақида китоб ёзишолмайди, мазмунидаги гапидан сўнг, Абу Юсуф “ар-Рад ала сияр ал-Авзоий” (Авзоийнинг “ас-Сияр” китобига раддия) деб номланган китоб ёзади. Ушбу китобда уруш, сулҳ, паноҳ бериш ва ўлжаларга тегишли бўлган масалалар бўйича Имом Абу Ҳанифа билан Авзоий орасида юз берган ихтилофлар очиб берилиб, Абу Ҳанифанинг кучли ақлий далиллари ёритиб ўтилади ва ҳар бир масала ҳар томонлама таҳлил қилиниб, устозининг қарашлари нақлий ва ақлий жиҳатдан изоҳлаб берилади.

“Ас-Сияр ал-кабир” Имом Муҳаммаднинг фиқҳ бўйича ёзган охирги китоби бўлгани сабабли асар Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий томонидан эмас, балки Абу Сулаймон Жузжоний, Исмоил ибн Савабадан ривоят қилинган. Муҳаммад Шайбонийнинг аксарият китобларини ривоят қилган Абу Ҳафс бу вақтда Ироқни тарк этиб, Бухорога келган эди. 

Муаллиф “ас-Сияр ал-кабир” асарида ислом халқаро ҳуқуқига доир жуда кўп масалаларни тадқиқ этган. Жумладан, асарда тинчлик ва уруш ҳолатида халқаро ҳуқуқий муносабатларнинг асослари, ҳарбий юришлар, жиҳоднинг маъноси, аҳамияти ва мақсади очиб берилди. Шунингдек, жиҳоднинг қонуний бўлиши учун шартлар кўрсатилиб, хорижий давлатлар билан уруш ҳолатидаги муносабатларнинг асослари кўрсатиб берилган.

Шукрулло Жўраев, 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Нашрлар бўлими бошлиғи

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry