29.05.2023
246

ЎЗБЕКИСТОН ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ЮРТИ

Маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда сингари Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги соҳасидаги Конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Қайд этиш лозим, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишланди. Унинг мантиқий давоми сифатида 2022 йил 28 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси дастури тўғриси”даги ПФ-60-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатда ҳам юртимизда истиқомат қилаётган миллатлар ўртасидаги тинчлик-тотувлик ва диний бағрикенглик масалалари маънавий тараққиётнинг муҳим омили эканлиги белгиланди.

Бугунги кунда, мамлакат миқёсида 16 та конфессияга тааллуқли 2335 та диний ташкилот расмий фаолият олиб бормоқда. Шундан 2142 таси исломий, 193 та ноисломий ташкилотлар ҳисобланади. Улардан 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та Иегова шоҳидлари жамоаси, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг замирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан халқаро ҳамжамиятга юзланиб илгари сурган ташаббусларининг аҳамияти ҳам юқори. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, ёшлар масаласи, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология, каби қатор глобал муаммолар билан бир қаторда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Ушбу ташаббус БМТга аъзо 193 та мамлакатлар томонидан  қўллаб-қувватланди ва 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида A/Res/73/128-рақамли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси якдиллик билан қабул қилинди.

Мазкур резолюция нафақат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган, балки 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган эди. Муаллифлар орасида Қирғизистон, Қирғизистон, Ливан, Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Покистон, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Судан, Тожикистон, Таиланд, Озарбайжон, Жазоир, Баҳрайн, Белоруссия, Гана, Тунис, Туркманистон, Филиппин, Япония ва бошқа давлатлар бор.

Резолюцияни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида Кувайт, БАА, Марокаш, Уммон, Озарбайжон, Панама, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлар делегациялари сўзга чиқиб, Ўзбекистонга ўта муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббус, шунингдек, унинг матнини келишиш бўйича норасмий маслаҳатлашувлар чоғида билдирилган очиқлик учун миннатдорлик изҳор қилди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг амалий натижаси сифатида юртимизда амалга оширилаётган диний соҳадаги улкан ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Жумладан, диний соҳада халқаро тажриба асосида қонунчилик тизими шакллантирилди. Бунинг ёрқин далили  2021 йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилиниши бўлди. Қонуннинг қабули қилиниши тарихий воқеа сифатида кўрсатиш мумкин. Сабаби, мазкур Қонунда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни инобатга олган ҳолда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ҳам ўз аксини топган. Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни                   3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Бундан ташқари, диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилиб, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда. 13 та олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида 2000 дан зиёд ёшлар билим олмоқда. Уларга 255 нафар педагоглар дарс берадилар.

Шу билан бирга, ҳудудларда махсус илмий мактаблар ҳам ташкил этилган бўлиб, уларда ислом дини таълимотлари ўрганилади, жумладан, Фарғонада “Фиқҳ”, Самарқандда “Калом” ва “Ҳадис”, Қашқадарёда “Ақида” ва Бухорода “Тасаввуф” мактаблари ўз тингловчиларига эгадир.

Шунингдек, юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга мўлжалланган илмий-тадқиқот марказлари ҳам фаолият олиб бормоқда. 

Фуқароларнинг Қуръони каримни ўрганиш юзасидан ҳоҳиш-истаклари ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида республикада фаолият олиб бораётган диний таълим муассасалари, илмий мактаблар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг айрим вилоят вакилликлари қошида, шунингдек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур курсларни ҳозирги кунга қадар 30 мингга яқин тингловчи тамомлади. 

Юртимиз диндорларининг муқаддас зиёратгоҳлар ва қадамжоларга боришларини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараён мутасадди ташкилотларнинг доимий тарзда ҳар томонлама ёрдами ва кўмаги остида амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида жами 300 мингдан зиёд юртдошларимиз Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратларига, шунингдек, деярли 3 мингга яқин фуқаролар Исроил, Россия, Грузия, Туркия каби давлатларда жойлашган муқаддас масканларни зиёрат қилишга муяссар бўлдилар. 2022 йилги ҳаж мавсумига эса тарихда илк бор Ўзбекистондан 12 мингга яқин зиёратчилар ўз ибодатларини амалга ошириш учун муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига бордилар. 2023 йилда юқоридаги кўрсатгичлар янада ошиши кутилмоқда.   

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибининг соддалаштирилиши юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида экспертлар томонидан эътироф этилди. Қолаверса, Ўзбекистон сўнгги 20 йилда АҚШнинг “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар рўйхати”дан чиқарилган иккинчи мамлакат бўлди.

Халқаро миқёсда диний бағрикенглик тамойилининг жорий қилинишига яна бир ёрқин мисол сифатида жорий йилнинг 16 - 20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумини кўрсатиш мумкин. Ушбу форум Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва АҚШдан таниқли диний уламолар, илоҳиётчилар, ҳуқуқшунослар, давлат ва жамоат арбобларини бир жойга тўплади. Ўзбекистон томонидан турли конфессиялар вакиллари, илоҳиётчилар, диний уламолар, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этди.

Форум жаҳон ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий, тарихий, илмий ва маънавий мероси, шунингдек, Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, динлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, жамиятда дўстлик ва ўзаро тушуниш муҳитини қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси билан танишиш имкониятини берувчи муҳим платформага айланди.

Халқаро форум якунида “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аввал қабул қилинган Марокаш (2016), Жакарта (2017), Потомаке (2018), Пунто-дель-Эсте (2018) ва Макка (2019) декларацияларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентимизнинг ташаббуслари ила қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” БМТ резолюцияси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф қилиниши билан бирга диний бағрикенгликни таъминлаш дунё миқёсида долзарблиги ва аҳамиятининг ниҳоятда юқорилигини кўрсатмоқда. Буюк мутафаккир олим Имом Мотуридий ҳазратлари “Таъвилот ал-Қуръон” китобида инсон ўз ҳис-туйғуларини бошқара олган ҳолда аҳлоқий билим даражасини юксалтириши мумкин, деган эди. Бу эса замонамизда турли ёт ғояларни тарғиб қилиш орқали динлараро адоват қўзғатишга ҳаракат қилаётган кучларга нисбатан ишониб кетишдан сақланиш, фикр юритиб баҳо бериш, ваҳима ва жазава сингари ҳис-туйғуларни жунбушга келтираётган иллатлардан сақланишга гўзал даватдир. Зеро, биз яшаётган юрт илмлар диёри ва ифтихор макони. 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Жўраев Улуғбек

 

 

 

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry