11.06.2023
176

МЎЪТАЗИЛИЙЛИК ОҚИМИ АҚИДАВИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЙАТЛАРИ (3-қисм)

Абул Муин Насафий уларнинг бу фикрига қарши фикр юритиб, мақтул (ўлдирилувчи) ўзининг ажали билан ўлганини таъкидлайди. Чунки Аллоҳ азалий илми – хабардорлигидан унинг ажалини шу тарзда белгилади. Ҳадисда келган “узайтириш” банда ибодатларидан маълум нарсани қўлга киритишини Аллоҳ олдиндан билгани туфайли содир бўлади. Шу сабабга кўра, унинг умрини 40 йил ўрнига 70 йилга зиёда қилади. Унинг ажали ҳам, табиийки, 40 ёшида эмас, 70 ёшида келади. Қатл касб ва мубошарат маъносида банданинг, ўлим эса, Аллоҳнинг феълидир. Аллоҳ уни банданинг феъли натижасида йўқдан бор қилди.

Демак, ўлимни вужудга келтирувчи Аллоҳдир: “Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:154). Ҳар бир ажалнинг ўз вақти бор. Ундан қочиб, қутулиб бўлмайди. Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда мақтул ўз ажали билан ўлган ҳисобланади (Абул Муин Насафий, 1993:2/276; Абу Бакр Боқиллоний, 1369/1950:332). Мўътазилийлар аҳли сунна эътиқодига хилоф тарзда, жаннат ва дўзах яратилмаган деб ҳисоблайдилар. Аҳли сунна, шунингдек, Абу Али Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳоб Жуббоий (850–915), Бишр ибн Муътамид ва Абу Саид ибн Абу Ҳасан Ясор Басрий (642–728) жаннат ва дўзахнинг ҳозир ҳам мавжуд эканини таъкидлаганлар. Аммо Ибод Саймарий, Зирор ибн Амр, Абу Ҳошим ва Қози Абдул Жаббор (ваф. 1025) сингари аксар мўътазилийлар илгари сурган ғояга кўра, улар махлуқ эмас, балки явмул жазо (мукофот куни, қиёмат)да яратилади (Абул Муин Насафий, 1417/1997:290). Мўътазилий Ибод Саймарий жаннат билан дўзахнинг махлуқ бўлганига ақл бовар қилмайди деган фикрга ёпишиб олади.

Худди шунингдек, Абу Ҳошим ҳам эшитиш далили билан айни шу йўлдан боради. Ибоднинг далилига кўра, “агар улар иккаласи мавжуд бўлса, ё осмонда, ё элементларда, ё бошқа бир оламда бўлар эди”. Буларнинг барчаси ботил. Абу Ҳошим ўз фикрининг исботи тариқасида икки сабаб кўрсатади: 1. Аллоҳ жаннатни васф қилган: “Жаннатнинг емиши, яъни у доим истеъмол қиладиган нарсалар”. “Ҳамма нарса”. Яъни, мавжуд. Агар жаннат махлуқ бўлса, ундаги емишлар ҳам махлуқ сифатида ўлимга маҳкум бўлади. Биринчи оят билан унинг доимий бўлмаслиги ботил бўлади. Демак, жаннат ҳозир махлуқ эмас – яратилмаган. Дўзах ҳам шу кабидир. 2. Жаннат таърифланган бошқа оят ҳам бор: “Унинг майдони еру осмонлар билан баробардир” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:67). Бу ҳолатни осмон ва ер йўқ бўлиб кетганидан кейин жисмларнинг бир-бирига киришишидан сақланган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ё “еру осмонлар” мавжуд бўлади ёки жаннат. Улар биргаликда бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши мумкин эмас, бунга ақл бовар қилмайди. Мўътазилийлар савоб ва жазо кунидан олдин уларни яратишдан фойда йўқлигини таъкидлаб, жаннат ва дўзахнинг махлуқ эмаслигини далиллайдилар (Абдулмалик Абу Маолий Жувайний, 1950). Чунки Аллоҳ бандаларини фақат қиёматда савоб ва гуноҳлар тортилиб, якуний хулоса чиқарилгачгина, жаннат ёки дўзахга киритади. Шундай экан, ўша кун келгунга қадар уларга эҳтиёж йўқ. Ибод Саймарийга қарши суннат аҳлининг далили: – жаннат ва дўзах иккиси бир жисмда ўзаро келишиши мумкин; – улар бошқа бир оламда мавжуд бўлиши мумкин; – Абу Ҳошим келтирган далил – “унинг остида анҳорлар (доимо)” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:254) оятидаги “доимо”дан алмашиб туришнинг давомийлиги назарда тутилади. Яъни, ҳар сафар ундан бир нарса йўқ бўлганда, унинг ўрнини босадиган бошқа бир нарса пайдо бўлади; – “Майдони осмонлару ерга тенг” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:67) оятидан жаннат ва дўзах йўқ деган хулоса чиқарилмайди.

Ушбу оятдан мақсад жаннатнинг майдони боқий ҳаётда ҳам, фоний ҳаётда ҳам айнан еру осмонлар ҳудудидан фарқ қилишидир. Шундай экан, бир кенглик бир вақтнинг ўзида икки жойда мавжуд бўла олмайди. Бу мумкин эмас. Шунинг учун ушбу оят жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратилмаганини исботламайди; – роҳат бахш этиш ва азоблашдан олдин жаннат ва дўзахдан, унинг яратилишидан фойда йўқлиги хусусидаги қараш ҳам ботил ва асоссиз. Чунки “Аллоҳ таолонинг ишлари, ҳақ аҳлининг усулига кўра, манфаат (мақсад) асосига қурилмайди. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини амалга оширади. Истаганича ҳукм чиқаради” (Абдулмалик Абу Маолий Жувайний, 1950). Аҳли сунна жаннат ва дўзахни махлуқ – яратилган дейишда қуйидаги оятга таянади: “Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:67). “Ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:4) оятлардаги “тайёрланган” сўзи уларнинг ҳозирда яратилган эканига далолат қилади. 

Шунингдек, Одам алайҳиссалом қиссасида аввал унинг жаннатга киритилиши, кейин эса, шайтон васвасаси билан ундан содир бўлган залолат сабабли у ердан чиқарилиши баён қилинган. Абул Муин Насафийнинг ёзишича, “Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни яратди. Ҳеч қачон уларни йўқ қилмайди. Чунки улар савоб ва азобнинг маконидир. Савоб ва иқоб макони эса, ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўзининг қуйидаги сўзлари билан уларни истисно қилади: “Сур чалиниши билан осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар)” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:466). Яъни, жаннат ва дўзахдаги азоб фаришталаридан бошқа барча ўлади” (Абул Муин Насафий, 1417/1997:291). Абул Муин Насафий осмон ва ернинг мавжудлигига қарамасдан, жаннат ва дўзахнинг борлигига шу тариқа далил келтириб, “улар еру осмон йўқотилганидан кейин яратилади”, дегувчиларга қарши фикр билдирган: “Аллоҳ таоло жаннатни осмонлар ҳудудида эмас, етти осмон устида яратди. Бинобарин, улар иккаласи осмонларнинг йўқ бўлиши билан йўқ бўлмайди. У минг-минг осмонларга баробар бўлгач, қандай қилиб осмонлар ичида бўлиши мумкин?!

Аллоҳ айтади: “Сидратул мунтаҳо” дарахтнинг олдида. “Маъво боғи” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:526). Ўша жой – Сидра осмонлар устида. Дўзах – ер остида. Кофирларнинг руҳи у ерда ҳибсда туради”. Демак, жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳозирда яратилгандир. Мўътазилийлар сирот, мезон, ҳисоб ва ҳавз мавжуд эмас деб ҳисоблайдилар (Абул Муин Насафий, 1417/1997:388). Аҳли сунна наздида эса, сирот узун кўприк бўлиб, жаҳаннам устида ўрнатилган (Абул Муин Насафий, 1417/1997:289) Бу борада ҳадис бор: “Жаҳаннам устига сирот ўрнатилади. Маконни тўсиб туради. Пайғамбарлар уларга: “Саломат қил, саломат қил!” – дейдилар. Кейин одамлар унинг устидан ўтадилар. Улардан баъзилари яшиндек тез, баъзилари йилқи уюридаги чопқир от сингари ўтадилар. Охиригача шундай бўлади” (Абу Бакр Боқиллоний, 1369/1950:45–48; Абу Ҳомид Ғаззолий, 1992:114).

Абул Муин Насафийнинг фикрича, сирот устидаги тарози ва ҳисоб шундай бўлади: Ҳар бир кишининг яхшиликлари ва ёмонликлари тарозига тортилиб, ўлчанади. Яхшиликлар томони оғир келса, у тўғри жаннатга ўтади. Кимки бировларга озор етказганлар тоифасидан бўлса, ёмғир мисоли дўзахга тушади. Ҳар бир банда сирот кўприги устида етти мақом – босқичдан ўтади, яъни етти босқичда етти нарса – имон, таҳорат ва ғусл, намоз, рўза, ҳаж, закот, ота-онага меҳрибонлик кўрсатиш ҳақида сўралади (Абул Муин Насафий, 1417/1997:291). Абул Муин Насафий бу билан сиротнинг борлигини таъкидлаб қолмасдан, унинг жаннат ва дўзахга олиб борувчи йўл эканини ҳам айтади. Ундан жаннат аҳли каби, дўзахга ҳукм этилганлар ҳам ўтади. Бинобарин, дўзах аҳли сирот устидан жаннатга томон ўз йўлини давом эттира олмайди ва жаннатга етиб келишдан олдин жаҳаннамга қулайди.

Айрим мўътазилий олимларнинг фикрича, сирот кўприги фақат жаннатга элтувчи йўл бўлиб, юқорида айтилганидек, соч толасидан ҳам ингичка ёки қиличдан ҳам ўткир эмас. Ақл ва мантиқ нуқтаи назаридан бу каби йўлдан ўтиб бўлмайди – унга оёқ қўйган ҳар қандай инсон ҳалокатга гирифтор бўлади. Аҳли сунна бундай фикрловчиларга эътироз билдириб, бундай дейди: “Улар ўз ақлларининг калталиги сабабидан тасаввурларида хатога йўл қўйганлар. Чунки қудратли Аллоҳ хоҳласа, ҳавода ҳам, сувда ҳам юра оладиган инсонни яратишга ёки инсон жисмини тиғ кесмайдиган, ўт куйдирмайдиган қилиб қўйишга ҳам қодир. У ўзининг илоҳий қудрати ва ҳикмати билан сиротнинг устида юришни насиб қилади. Шунга кўра, уларнинг сўзлари ўз-ўзидан асоссиз бўлади. Бунга яна бир далил, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, сирот устидан ўтиш қудратининг турлича яратилишидир. Яъни, баъзи одамларга яшин тезлигида ўтиш насиб этса, баъзиларнинг ўтиш ҳолати эсиб турган шамол тезлигида бўлади. Баъзилари чопқир от тезлигида ўтадилар. Улардан баъзиларининг оёқлари ҳолдан тойган, қўллари осилиб қолган бўлади. Баъзилар юзларига уриб, хириллайдилар. Ҳамма ўз амалига яраша, Аллоҳ таоло назарда тутган мавқеига кўра қувватга эга бўлади. Шу билан мўътазилийлар ва уларнинг тарафдорларига тегишли сиротни инкор қилиш, уни ўзларининг енгил-елпи қарашларига кўра таъвил қилиш бўйича кўрсатган далилларининг пуч, асоссиз экани аён бўлади”.

Зирор ибн Умар ва Бишр Марисийга ўхшаш баъзи мўътазилийлар ҳамда кейинги давр мўътазилийларининг аксарияти қабр азобини инкор қилади (Абул Муин Насафий, 1993:326). Уларнинг бу масаладаги далиллари қабр азобини ҳаётсиз тасаввур қилиш мумкин эмас, деган фикр асосига қурилган (Абул Муин Насафий, 1417/1997:299). Маййитда эса, ҳаёт йўқ. Шундай экан, унга нисбатан азоб, савол-жавоб ҳам мумкин эмас (Абул Муин Насафий, 1993:326). Бундан ташқари, бу “бир туғилиш, бир ўлиш ва бир тирилиш” ғоясига ҳам зиддир. Мўътазилий Жуббоий ва унинг ўғли Балхий Мункар ва Накирни шу тариқа инкор қилади: “Сўроқ вақтида кофирнинг ғулдираб гапиришидан содир бўладиган гаплар Мункар, Накир эса икки фариштанинг унга нисбатан ҳақорат қилишидир”. Айрим мўътазилийлар, карромийлардан бўлган Абу Ҳасан Солиҳий ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий (839–923) фикрича, ҳаёт аломати бўлмаган маййит азобланади. Бунда маййитга ҳаёт қайтарилиши шарт бўлмайди. Яъни, Аллоҳ жон, тириклик аломатлари бўлмаган маййитни ҳам азоблайверади. У бунга қодир. Абул Муин Насафий уларга раддия берар экан, жумладан, шундай ёзади: “Ҳаёт илм учун шарт. Ҳаётда илмсиз оғриқ ҳам, қувонч ҳам бўлмайди. Шундай бўлгач, қабрда азоб бор. Бу ҳолатда, албатта, ҳаётдан бир кўриниш ҳодис бўлиши шарт. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг иноятидан узоқда содир бўлмайди. Инсон аъзоларида ҳаётнинг аломатлари пайдо бўладики, ўшанга нисбатан азоб амалга оширилади”. 

Насафий фикрича, ўлган кишига оғриқни ёки роҳатни сезадиган миқдордаги ҳаётни қайтариш Аллоҳ таологагина хос. Сўнгра уни азобга солади. Бу хусусда шундай оят бор: “Раббимиз, бизни жуфт қилиб ўлдирдинг ва жуфт қилиб тирилтирдинг”. Ҳаёт руҳи маййитга қайтарилганида у тирилади. Бундан ташқари, руҳни майитга қайтармасдан туриб, ҳаётнинг бир кўринишини собит қилиши ҳам мумкин (Абул Муин Насафий, Табсиратул адилла фи усулид дин, 1993:326). Аҳли сунна наздида қабр азоби, Мункар ва Накир ҳақ (Абул Муин Насафий, 1417/1997:300). Далил эса “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса (кофир бўлса), бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар” оятидир (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:320). Абу Ҳузайл Аллоф ва Бишр ибн Муътамид айтадики, кофир ҳам икки нафас ўртасида азобга тортилади. Азобга солиш ҳақ экан, тирилтириш ҳам аниқ. Шунинг учун қабр азоби ҳақида гапирган ҳар бир киши уларнинг иккиси ҳақида ҳам гапирган бўлади. Демак, қабр азоби ҳам, тирилтириш ҳам бор. Қабр азоби ҳақида шундай ҳадис келтирилган: “Қабр жаннатнинг боғларидан бир боғ ёки дўзахнинг чуқурларидан бир чуқурдир”. Мазкур ҳадис жаннат ва дўзах масаласига ҳам дахлдор бўлиб, у иккисининг ҳам яратилганига ишора қилади. Бинобарин, қиёмат қоим бўлгунига қадар қабрдаги мўмин роҳатда ва аксинча, кофир ва осий азобда бўлади.

Шунингдек, Пайғамбаримиз доимо “Аузу биллаҳи мин азобил қабр”, яъни, “Аллоҳдан қабр азобидан (сақласин деб) паноҳ сўрайман” дуосини такрорлаб юрар эдилар. Абул Муин Насафий калом илми ҳақидаги асарларида қабр азобини, Мункар ва Накирни исбот қилиш учун Қуръон оятлари ва ҳадисларда зикр этилган барча далиллардан кенг кўламда фойдаланибгина қолмай, балки бу масала хусусида хатолари боис ғарқ бўлган ва дўзахга кирган Нуҳ қавми ҳақидаги Қуръон оятини ҳам далил қилади. Демак, қабр азоби ҳақ бўлиб, у мусулмонлар учун жоиз, кофирлар учун эса вожибдир (Абул Муин Насафий, 1417/1997:304). 

Мўътазилийликнинг аксар қарашлари “Банда – ўз амалларининг яратувчиси” ғояси асосига қурилгани, масалалар ечимида ақлни мутлақ санагани сабабли аҳли сунна билан ихтилоф қилган. Уларнинг наздида, “Ақл тарозисида тортиб кўрилмаган ҳар қандай фикр асоссиздир”.

Яъни, билдирилган фикрни ақл қабул қилиши лозим. Илми ғайб эса, кўринмас ва кўп ҳолларда инсон ақли қабул қилмас ҳисобланади. Барзах ҳаётида қабрнинг боғ ёки чуқурга айланиши, сирот кўпригининг соч толасидан ингичка ва ўткир қиличдан-да кескир, жаннат ҳудудининг еру осмонга баробар бўлиши кабилар шулар жумласидандир. Аҳли сунна олимлари эса, Қуръон ва ҳадисни бирламчи санаб, зарур ўринлардагина ақлга мурожаат қилганлар. Шу боис улар қолдирган беназир илмий мерос ҳар замону ҳар маконда адашган тоифалар учун раддия сифатида дастуриламал ҳисобланиб келмоқда.

Иргаш ДАМИНОВ
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry