07.06.2023
177

МЎЪТАЗИЛИЙЛИК ОҚИМИ АҚИДАВИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ (2-қисм)

Аҳли сунна эътиқоди ҳимоячиси Абул Муин Насафий ушбу қарашга раддия бериб, ҳар қандай раҳбарга – ҳатто у золим бўлса ҳам – қарши чиқиш мумкин эмаслиги, акс ҳолда, бу боғийлик ҳисобланиши, боғий эса, қаттиқ жазоланиши муқаррарлигини таъкидлаган. Мўътазилийлар шафоат ҳақида ҳам турли фикрларни билдирганлар. Бир гуруҳ мўътазилийлар шафоатни мутлақо инкор қилган бўлсалар, айримлари эса, уни пайғамбарлар ҳамда фаришталарга хос деб билганлар. Улар шафоат жоиз бўлган одамларни уч тоифага ажратганлар:

1. Гуноҳи кабираси бўлмаган, кичик гуноҳларни содир қилганлар.

2. Гуноҳи кабирани содир қилган, лекин ундан тавба қилганлар.

3. Ҳеч қандай гуноҳ содир қилмаган мўминлар (Абул Муин Насафий, 1417/1997:283). Аҳли сунна вал жамоа ҳамда мўътазилийлар, аслида, шафоат борасида эмас, балки кимлар шафоатга лойиқ экани хусусида ихтилоф қилганлар.Айни ушбу масалада Абу Ҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий (873–935) мўътазилийлардан ажралиб чиқиб, ўз мазҳабига асос солган. Аҳли сунна наздида гуноҳи кабирани содир қиладиган одам, мўминлигича қолади. Мўътазилийлар фикрича, гуноҳи кабирани содир қилган инсон, агар ундан батамом қайтган бўлса ҳам, шафоат қилинмайди. Шаҳват устун келган ҳолатда содир қилинган гуноҳ учун Аллоҳ таолодан мағфират сўралиб, унинг азобидан қўрқилади. Шундай ҳолатдагина у мўминлигича қолади ва ўзининг имонида давом этади. У имонда қолади ва имони ноқис бўлмайди (Абул Муин Насафий, 1993:237).

Мўътазилийларнинг фикрича, гуноҳи кабира содир қилган инсон манзилатун байнал манзилатайн – имон ва куфр ўртасида бўлиб, имондан чиқади, аммо кофир бўлмайди. У ўзи содир қилган гуноҳи кабирасидан тавба қилсагина, жаннатга кириши мумкин (Абул Муин Насафий, 1993:327). Шу асосга кўра, аҳли сунна вал жамоа вакиллари бундай инсон шафоатга эришади деб ҳисобласалар, мўътазилийлар эса, унинг шафоатга ҳақли эмаслигини таъкидлайдилар. Мўътазилийлар ўз сўзларининг тўғрилигига “Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:324), “Золим (кофир) кимсалар учун (у кунда) бирор дўст ҳам, маъқулланадиган шафоатчи ҳам бўлмас” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:469) оятларини далил қилиб келтирадилар ҳамда бу каби оятларга “улар жаннатни унга сазовор, муносиб бўлганлар учун сўрайди” деб шарҳ берадилар. 

Қуръони каримда қиёмат кунида мусулмонларни энг оғир гуноҳлардан ҳимоя қилиш хусусида фаришталарнинг шафоати ҳақида бир неча бор зикр қилинган. Лекин уларда савобнинг зиёда бўлиши ҳақида айтилмаган. Шу билан бирга, “Уларни ёмон нарсалардан сақла” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:468), – деб хабар берилган. Бу билан шафоатнинг ҳақлиги исбот бўлган. У гуноҳлар ва ёмонликлар хусусидадир. Бу билан Аллоҳдан мағфират сўралади (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:469). Шу сабабли Абул Муин Насафий ушбу оятларга маҳкам ёпишиб олган мўътазилийларга раддия берган. Улар Анбиё сурасида келтирилган қуйидаги оятни далил сифатида қабул қилганлар: “Фақат унинг розилигини сўраганларга шафоат кўрсатади” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:324). 

Бундан ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг розилигига эришган деган хулоса келиб чиқади. Итоатгўй, Аллоҳ таолонинг розилигига сазовор яхшиликлар қилган кишилар, бу масалада гуноҳи кабира содир қилган мўмин мўминлигича қоладими ёки кофирга айланадими, деган ихтилоф қолган бўлса-да, Аллоҳ таолонинг наздида, унинг ризолигига эришганлардан бўладилар. “Золимларга дўстона муносабат йўқ ва итоат қилинадиган шафоат ҳам йўқ” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:469) оятидан кўриниб турганидек, золим кофирга мойил шахсдир (Абул Муин Насафий, 1417/1997:286). Бу оятда “золим”дан мутлақ золим мақсад қилинган. У эса кофирдир. Бу борада Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари бор: “Менинг шафоатим умматимдан гуноҳи азим аҳлларига тегишлидир” (Абул Муин Насафий, 1417/1997:282; Абу Исо Термизий, 4/625). 

Шунга мувофиқ, қиёматда ширкдан бошқа ҳар қандай катта гуноҳ содир қилган имонли шахс Пайғамбар шафоатига сазовор бўлиши мумкин. Мўътазилийлар ризқ масаласида ҳам аҳли сунна вал жамоадан ўзгача фикрни илгари сурганлар. Уларнинг фикрича, фақат ҳалол нарсалар ризқ ҳисобланиб, ҳаром нарсалар ризқ ҳисобланмайди. “Бола она кўкрагидан эмизиладиган сутдан ризқ олади. Ҳайвон болалари ҳам онаси сутидан, шунингдек, далалардаги ҳар хил ўт ва ўсимликларда ўтлатиш орқали ризқланади. Гўдаклар ва ҳайвон болалари ва учун у нарсалар ризқ бўлса ҳам, улар уни ўзларича эгаллай олмайди. Мўътазилийлар ҳайвоннинг сути унинг боласиники эмас, балки ўзиники, деб ҳисоблайдилар (яъни сут – қўзининг эмас, қўйнинг мулки). Ризқ тўлиқ эгалланадиган (тамаллук) бўлса, уларнинг наздида, мулк қудрат маъносида бўлади. 

Бундай ҳолда яратувчи ҳаром нарсага ўша ҳаромни тановул қилишга қудрати бўлгани нуқтаи назаридан мумаллик – эгалик қилган бўлар эди. Чунки Аллоҳ таоло унга ризқ берувчидир (Абу Бакр Боқиллоний, 1366/1947). Мўътазилийлар ва ашъарийларга кўра, ҳаром нарса ризқ бўла олмайди. Чунки Аллоҳ ҳаромни ризқ қилиб бергани ҳолда, уни қабул қилган бандани жазолаши тўғри бўлмайди. Аммо мотуридийлар ҳалол ҳам, ҳаром ҳам – ризқ деган фикрни илгари сурганлар (Абул Муин Насафий, 1417/1997:161). Чунки инсон Аллоҳ таоло яратган ноз-нематларни ихтиёрий танлаши, улардан тановул қилиши мумкин бўлиб, бандада бунинг учун ихтиёр мавжуд. Яъни, инсон танловига кўра мукофотланади. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин:

1. Ашъарийликнинг билан ақлга устувор таяниш борасида муътазилийлик умумий жиҳатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар айрим масалаларда ҳамфикр бўлганлар.

2. Мотуридийлик қарашлари ашъарийликка нисбатан нақлга яқин.

Шу билан бирга, таълимотининг мўътадиллиги билан улардан ажралиб туради. Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисига ўзи истаган аниқ тақсимланган ризқни беради ҳамда унинг юриш-туришини муҳофаза қилади. У нарсаларнинг ҳаром ёки ҳалоллигини бирор киши ўзича идрок эта олмайди. Бирор киши ўзидан бошқанинг ризқини ея олмайди. Ўзининг ризқи бўлмаган нарсани ҳам ея олмайди. Ундан бошқа одам ҳам унинг ризқини ея олмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари далил бўлади:

1. “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:222). Аллоҳнинг зиммасида бўлган ризқ ўзгармасдир.

2. “Сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зот Аллоҳдир” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:408).

Абул Муин Насафий нафақат мўътазилийлик, қадарийлик, нажжорийлик каби адашган тоифалар, балки аҳли суннадан ҳисобланган ашъарийлик вакилларига ҳам мотуридийлик ақидасига мувофиқ раддиялар берган.

Бундан, бир томондан, Насафийнинг Имом Мотуридий қарашларининг кўр-кўрона тарғиботчиси эмас, аксинча, ўз мустақил қарашларига эга аллома бўлгани кўринади. У келтирган далиллар орқали мотуридийликнинг ашъарийликка нисбатан мўътадилроқ ва илмийроқ экани намоён бўлади. Мўътазилийларнинг инсон ўлими борасидаги ёндашуви ҳам ихтилофли. Уларнинг фикрича, ажал табиий ва нотабиий бўлади. Бунда қарилик гаштини суриб, ташқи таъсирларсиз ўлган инсоннинг ажали табиий ва аксинча, ўлдирилган инсон ўз ажалидан аввал вафот этган ҳисобланади. Мўътазилийлар таваллуд ёки мутавалладот ҳақида фикр юритиб, бандаларнинг феълларини ихтиёрий ва изтирорий (мажбурий), мубошир (очиқ-ойдин) ва ғайримубошир (махфий)- га тақсимлайдилар. Ихтиёрий феъллар банда (намоз, рўза сингари) ўз хоҳиши билан бажаришга интиладиган амаллардир.

Изтирорий феъллар ўз-ўзича юз бериб, унинг содир бўлишида инсонда ҳеч қандай хоҳиш ва иштирок йўқ. Улар ёнғин учун оловнинг иштироки момоқалдироқ пайтида чақмоқ чақиши каби инсон хоҳишидан ташқарида юз беради, дейди. Афъолул мубошира бирламчи, ғайримубошира эса, иккинчи даражали амаллар бўлиб, афъолул мутаваллида деб аталади. Олим Искофий (ваф. 854) ҳар бир феъл ҳеч бир мақсад ва хоҳиширодасиз хатога тушиши мумкин деб ҳисоблайди. Ана шу натижа мутаваллиддир. Феъллар фақат муайян мақсад билан амалга оширилади (Абу Ҳасан Ашъарий, 1369/1950:2/409). Зарба вақтида ҳосил бўладиган оғриқ, инсоннинг дайди ўқ зарбидан вафот этиши кабилар бунга мисол бўла олади. Мўътазилийлар бу хатти-ҳаракатларнинг масъулият чегарасидан ташқарида содир бўлганини таъкидлайдилар ҳамда банда ўз амалининг яратувчиси деб ўйлагани учун, мутавалладот – инсоннинг ижоди, деган йўлдан юрадилар (Қози Абдул Жаббор, 1965:4–5).

Банданинг феъли иродаси ва мақсадига мувофиқ ҳолда вужудга келади. Бинобарин, у бирор жисмни секин ҳаракатга келтиришни хоҳласа, енгилроқ куч билан суради ёки аксинча. Айни шу ҳолат оғриқ, камонни тортиб отишга ҳам тааллуқли (Абул Муин Насафий, 1993:2/271).

Насафий наздида мутавалладот Аллоҳнинг махлуқидир (Абул Муин Насафий, 1993:2/271). Яратиш фақат Аллоҳга хос. Қудратни намойиш қилиш имконияти иктисоб вақтида кўринади. У яратганнинг ягоналигига далолатдир. Айни шу қудрат бошқа зотга икки сабаб боис боғлиқ бўлмайди:

1. Ҳар бир муҳдис қудрат фақат бир мақдур билан боғланади.

2. Оғриқ келтирган зарбага қаратилган қудрат ва камоннинг учиб юриши, мўлжалга тегиши, жароҳат етказиши ва ўлдириши учун отиш қуввати зарур. Жисм ҳаракат ва ҳаракатсизликни мустақил равишда вужудга келтиришга қодир бўлса, Бухородаги киши Бағдоддаги жисмни ҳаракатга келтириши мумкин бўлади. Бу эса мумкин эмас (Абул Муин Насафий, 1993:2/272–273).

Демак, Аллоҳ мутавалладотни фоил (бу ўринда яратувчи – И.Д.) сифатида йўқдан бор қилган. Ажал ҳам шу тарзда бўлиб, ундан ўлим муқаррар қилинган вақт тушунилади (Тафтазоний Саъдиддин Маъсуд ибн Умар, 2000:126). Ушбу сўзнинг “қарз муддатининг тугаши” ва “кўрсатилган вақтнинг етиб келиши” маънолари ҳам бор. Ҳар бир нарсанинг вақти-соати бўлиб, унинг етиб келиши ажалдир (Абу Бакр Боқиллоний, 1366/1947). Ажалга инсоннинг дахли йўқлиги сабаб, у банданинг феъли масаласидан узоқдек туюлади. Аммо қатл ва ажал ўртасидаги алоқа хусусида ихтилоф мавжуд. Унинг асосини “ўлдирилган маййит қандай ажалдан ўлди?” масаласи ташкил этади ва у айни шу жиҳати билан афъолул ибодга дахлдор бўлади. 

Мўътазилийларда қатл қилинган шахс ўз ажали билан эмас, балки бошқа банданинг амалидан вужудга келган ажалдан ўлган ҳисобланади. Қатлдан келиб чиққан ўлим қотилга тааллуқли. Фақат табиий ажал Аллоҳнинг феъли ҳисобланади. Мўътазилийларнинг фикрича, инсон, башарти, ўз ажали билан ўлган бўлса, қотил жазо, хун ва қасосга тортилмаслиги лозим. Чунки инсоннинг ўз вақтида содир бўлган ажали учун бошқа бир одамни айбдор санаб, жазолаш ақлдан эмас.

 

Иргаш И. ДАМИНОВ

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry