22.05.2023
230

МЎЪТАЗИЛИЙЛИК ОҚИМИ АҚИДАВИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Инсоннинг имон-эътиқоди, хусусан, бажараётган амалларининг қабул бўлиши унинг ақидаси тўғрилиги ва софлигига боғлиқ бўлади. Шу сабабли ислом илмларининг турли соҳаларида фаолият кўрсатган алломалар ақида софлигига алоҳида эътибор қаратганлар. Ислом тарихида ақидавий масалаларда аҳли сунна вал жамоага хилоф йўлни тутган ақидавий оқимлар кўп кузатилган. Уларнинг тутган йўли, ақидаси хато бўлгани сабабли аксарияти қисқа муддат давомида барҳам топиб, адашган оқим сифатида тарихдан ўрин эгаллаган. Ана шундай гуруҳлар қаторига қадарийлар, жаҳмийлар, мўътазилийлар, рофизийлар каби оқим ва йўналишларни киритиш мумкин. Мўътазилийлар муайян тарихий бир даврда фаолият юритган бўлса-да, бироқ уларнинг нотўғри ақидалари бугунги кунда ҳам айрим адашган фирқалар томонидан тарғиб қилиб келинмоқда. Мўътазилийлар ақидавий масалаларда бир қатор ғояларни илгари сурганлар. Улар ақл ва нақл мувозанатини йўқотиб, Қуръон ва ҳадисда келган, ақл қамраб ололмайдиган масалаларни қабул қилмасликка интилганлар. Мўътазилийлар ислом тарихида ўз ғояларини қабул қилмаган олимларга нисбатан муросасизлиги билан ҳам ажралиб турганлар.

Мўътазилийлик – ақидавий йўналиш ҳисобланиб, улар илгари сурган ғоялар ўз даврида инсонларнинг эътиқоди доирасида эътибор қозонган. Бу ғоялар калом илмининг энг муҳим мавзуларига тааллуқли бўлиб, қуйида уларнинг таҳлили келтирилади. Мўътазилийларга кўра, ҳар қандай ҳокимият фақат халифа томонидан бошқарилиши лозим. Адолатсиз имом (раҳбар) ҳатто куч билан бўлсада, лавозимидан четлатилиши зарур. Бугунги кунда ушбу қараш айрим замонавий деструктив оқим вакиллари учун манбавий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Аҳоли ўртасида мавжуд тузумга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиб, уларга “қуролли кураш” – “жиҳод” ҳақидаги фикрларни сингдириш жараёнида бу каби ғоялардан унумли фойдаланиш ҳолати амалиётда кузатилмоқда. Аҳли сунна эътиқодига кўра, фақат бостириб келган душманга қарши курашиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу мавзуга оид манбаларда вояга етмаган ёш болалар, аёллар, ногиронлар, ақли норасолар, ҳатто улар қўлига қурол олиб, ҳамла қилганда ҳам, – ўлдирилмаслиги таъкидланган. Урушга аёллар ва болаларни жалб қилиш асло мумкин эмас (Абу Бакр Розий, 1417/1997:179– 182). Таниқли аллома Абу Бакр Қаффол Шоший “Жавомиул калим” асарида бу ҳақда фикр билдириб: “Аллоҳга итоат қилиш йўлида ўз нафси билан курашувчи мусулмон чин мужоҳиддир” ҳадисини келтирган (Абу Бакр Қаффол Шоший, 2011:66). Бу эса жиҳоддан кўзланган мақсад экстремистик даъволарга мутлақо зид эканини кўрсатади. Мотуридийлик таълимотига кўра, ҳар қандай раҳбарга, ҳатто у золим бўлса ҳам, итоат қилиш, ҳамда унга қарши чиқмаслик лозим. Чунки у кўпчилик томонидан сайланган бўлиб, озчиликнинг кўпчиликка эргашиши лозимлиги мўътабар манбаларда таъкидланган. Мўътазилийларнинг “адолатсиз раҳбар” ҳақидаги ғоясини, кейинчалик, Тақиюддин Набаҳоний (1909–1979) асос солган Ҳизбут таҳрир (Ислом озодлик партияси) норасмий диний-сиёсий партияси томонидан амалиётда қўлланилиши кузатилган.

Аҳли сунна олимлари бу қарашга раддия берганлар. Жумладан, “халифа”, “имом” ва “мўминлар амири” сўзлари бир хил маънога эга бўлиб, дин ва дунё манфаатларини ўзида жамлаган бошқарувчини англатади. Саъдуддин Тафтазонийнинг фикрича, халифалик “Кўп шахслар орасидан танланган бир шахснинг дин ва дунё ишларида умумий раҳбарлигидир”. Олим умумий раҳбарнинг зарурлигини 4 жиҳатдан далиллаган:

1. Ижмоъ, яъни саҳобаларнинг якдиллик билан фикр билдириши

2. Ҳудудчегараларни қўриқлаш.

3. Халқ манфаатларини ҳимоялаш ва зарарли нарсаларни даф қилиш.

4. Қуръон ва суннатга итоат қилиш.

Олим Мовардий “Ал-Аҳкомус султония” асарида шундай дейди: “Имомлик набийликка динни муҳофаза қилиш ва дунёвий ишларни бошқариш масаласида халифа сифатида қўйилган” (Ибн Ҳабиб Мовардий, 1410/1990:5). Ибн Халдуннинг наздида, халифалик сиёсий ҳокимиятни англатувчи “табиий подшоҳлик”дир. Мулк инсонларнинг зарурий бирлашиши бўлиб, унинг ҳукмларига ҳамма сўзсиз итоат қилиши керак (Ибн Халдун, 1951:190). Абул Муин Насафий имом деганда “раҳбар”ни тушунади. Насафийнинг наздида, имом ҳукм юритиш, давлат чегараларини ташкил қилиш ва қўриқлаш, армия тузиб, уларни қуроллантириш, фуқароларнинг дахлсизлигини таъминлаш, ташқи душманлар, ўғри-қароқчи ва йўлтўсарларнинг ёмонликларини бартараф қилиш, оммавий йиғин ва мажлисларни тартибли ўтказиш, содир бўлиши мумкин бўлган ихтилофларнинг олдини олиш, ихтилофли масалаларнинг қонли тўқнашувларга айланиб кетмаслиги чораларини кўриш, етимларни, айниқса, уларнинг валийлари бўлмаса, уйлантириш, неъматларни тақсимлаш каби вазифаларни бажаради (Абул Муин Насафий, 1993). Насафийнинг таърифи аввалги олимлар нуқтаи назарини эътиборга олган ҳолда, атамалар мазмунини аниқлаштиргани билан алоҳида ажралиб туради. Аллома белгилаган функцияларнинг ҳозирги вақтдаги давлат раҳбарлари вазифаларига мос келиши имом нафақат диний раҳбар, балки дунёвий давлат бошлиғи бўлиб ҳам ҳисобланишини кўрсатади. Унга бўйсунмаслик, қарши чиқиш қаттиқ қораланади. Бундан ташқари, давлат раҳбари бегуноҳ ёки замонасининг энг пешқадам алломаси бўлиши ҳам шарт эмас. Аммо у бошқаришда беназир, сиёсат билимдони, ҳукмларини ўтказиш, ўз мамлакати сарҳадларини ҳимоя қилишга қодир, адолатли бўлиши лозим. Энг муҳими, давлат раҳбари гуноҳ ишларни содир қилгани, бошқаларга жабр етказгани сабабли лавозимидан бўшатилмайди. Илк мўътазилийлар халифа албатта қурайшлик бўлиши шарт эмас, деб ҳисоблаган бўлсалар-да, кейинги давр мўътазилийлари қурайшлик лойиқ бўлса, бошқа киши халифа бўла олмаслигини таъкидлаб, бу билан қурайшликларга муайян “имтиёз” берганлар. Мўътазилийларнинг фикрича, инсон ўз амалларининг яратувчисидир. Мазкур қараш калом илмида муҳим ҳисобланган бандаларнинг хаттиҳаракатлари (афъолул ибод)га тааллуқли бўлиб, инсоннинг тўғри йўл танлаши ҳамда адашиши ҳам шунинг доирасида ўрганилади. Аслида, ҳидоят ва залолатдан мақсад инсонда ҳидоят ва залолат феълларининг яратилиши ёки инсоннинг ҳидоят ва залолатга юз тутиши бўлиб, афъолул ибод билан боғлиқ мустақил бир соҳадир. Аҳли сунна олимлари бу масалада Аллоҳдан бошқанинг тахлиқ – яратиш қудратига эга эмаслиги борасида “Зотан, Аллоҳ хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:435) каби ояти карималарга асосланган ҳолда фикр билдирадилар. Унга кўра, Аллоҳ ҳидоятни ҳам, залолатни ҳам йўқдан бор қилиб яратган. Уларни бандаларидан хоҳлаганига иктисоб ва мубошара маъносида беради. Шу сабабли ҳам инсон ундан ҳидоят ёки залолат топади. Мўътазилийлар банданинг феъли масаласида ўз ёндашувларига эга. Унга кўра, амалларни бандаларнинг ўзлари яратадилар. Шу тариқа, ҳидоят ва залолат феъли, гарчи Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисини ҳидоятга, хоҳлаганини эса залолатга дучор қилади, деган маънодаги оятлар мавжуд бўлишига қарамай, Аллоҳга нисбат берилмайди. Мўътазилийлар иҳтидо ва азлолни муайян “шарт” асосида Аллоҳга нисбат берадилар. Уларнинг фикрича, ҳидоят ҳам, залолат ҳам инсоннинг ўзида бор. Инсонда залолат бўлса, у гуноҳкор бўлади, ҳидоят бўлса, у савоб амаллар қилади. Чунки улар инсоннинг ўзида бор, Аллоҳ уларни яратмаган. Инсон уларнинг ҳаммасига ўзининг саъй-ҳаракати, меҳнати билан эришади. Аслида, ҳаракат ҳам, ҳаракатсизлик ҳам банданинг феълидир. Шундай экан, таклиф бўлиб, ундан бирор ҳаракат содир бўлмаса ҳам, бажарувчига нисбат берилаверади. Мутакаллим олим Абдураҳмон ибн Аҳмад Ийжий таъбири билан айтганда, бундан кўзланган мақсад эҳсон қилган одамларни жаннат йўлига ҳидоят қилиш бўлиб, “ҳидоят берди” ёки “залолатга бошлади”, “уни ҳидоятли қилиб яратди” ёки “залолатли қилиб яратди” маъносидадир. Мотуридийлик мактабининг йирик намояндаси Абул Муин Насафий мўътазилийларнинг бу каби иддаоларига қуйидаги оят билан раддия беради: “(Эй Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:392). Бу сўз билан мўътазилийларнинг фикри бекор бўлади. Бу ўринда иҳтидо – ҳидоят, баён (йўл кўрсатиш). Ҳақиқатдан ҳам, ҳидоят айни шу маънога далолат қилади. Баён эса пайғамбарлар вазифаси ёки рисолати, яъни миссияси ҳисобланади. Қуръон барчага тўғри ва нотўғри йўлни кўрсатади ҳамда уларни шарҳлайди. Демак, бунда ҳидоят ва залолат назарда тутилган. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга ўз севганини ҳидоят қилишни ман қилганида, “Сиз хоҳлаган кишингизни ҳидоятга бошлай олмайсиз. Зеро, Аллоҳ таоло хоҳлаганини ҳидоятга бошлайди” маъноси назарда тутилган эди. Хуллас, Аллоҳ ҳидоятни излаш – иҳтидо ҳамда залолатга юриш – излол феълини ҳам яратди. Уларни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таолодан бошқа бирорта зотда уларни яратиш қудрати йўқ. Бунга қуйидаги оятлар далил бўлади: “Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:144). “Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларни ҳидоятга йўллагай” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:46). “Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:416). “Агар Аллоҳ хоҳлаганида, сизларнинг барчангизни (тўғри йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди” (Абдулазиз Мансур таржимаси, 2009:268). Бу оятлар адаштиришнинг ҳам, ҳидоятнинг ҳам Аллоҳ таолодан экани, аксинча, инсон ўз амалининг холиқи – яратувчиси эмаслигини исботлайди. Бу бандалардан содир бўладиган хатти-ҳаракатларнинг барча қисмларига бирдек тааллуқлидир. Аллоҳнинг буйруғи ёки имом (халифа)нинг ўзи тайинлаб кетиши билан имом бўлинмайди, балки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, мусулмон жамоаси томонидан сайланиши лозим. Чунки имомнинг адолат қилиш сифати муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Мўътазилийлар ушбу қарашлари билан хорижийлик қарашларини қўллаб-қувватлаганлар. Унга кўра: – халифа этиб сайланиш учун тақводор бўлиш етарли ҳисобланади; – халифа ўзини сайлаган диний жамоага бўйсуниши лозим; – раҳбар ўзи мансуб жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаган тақдирда эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиши, ҳатто қатл этилиши мумкин

Иргаш ДАМИНОВ
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 

 

 

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry