13.04.2023
193

СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ҲАДИСЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШДАГИ УСЛУБ ВА ЁНДАШУВЛАРИ

Сохта салафийларнинг ҳадислардан фойдаланиш услубларида суннийлик йўналиши олимлари томонидан ўрнатилган қонун-қоидаларга зид бўлган бир қатор жиҳатлар мавжуд. Жумладан, бундай хусусиятлардан бирини уларнинг муташобиҳ ҳадисларга бўлган ёндашувида кузатиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бу каби ёндашувлар нафақат бугунги кунда, балки ислом тарихида ҳам мужассима, мушаббиҳа каби адашган оқимларнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Суннийлик йўналиши олимларининг муташобиҳ ҳадисларда келган Аллоҳ таолонинг сифатларига оид фикрларига тўхталадиган бўлсак, Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” номли асаридан қуйидаги мулоҳазани келтириб ўтиш ўринли. Унга кўра, “Аллоҳнинг барча сифатлари махлуқларникига зиддир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамайдиган илм билан билади. У Зот бизнинг куч-қудратимизга ўхшамайдиган қудрат билан қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамаган кўриш билан кўради. У Зот бизнинг эшитишимизга ўхшамайдиган эшитиш билан эшитади. У зот бизнинг гапиришимизга ўхшамайдиган гапириш билан гапиради”[1]

Сохта салафийлик ҳаракати намояндаларининг ҳадислардан фойдаланиш услубларида асосан матннинг экзотерик маъносини қабул қилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Жумладан, улар Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида келтирилган: 

“Ҳаво булутли кунда бўлган бир ғазотда Бурайда билан бирга эдик. У мен (Абу Малиҳ)га: “Асрни эртароқ ўқинглар, чунки Набий (солаллоҳу алайҳи вассаллам): “Ким аср намозини қолдирса, унинг амали бекор бўлибди”, – деганлар”, – мазмундаги” ҳадисдан ҳукм чиқаришда хатога йўл қўйиб, аср намозини тарк этганлар диндан чиқишлари ҳақидаги хулосага келганлар. Бу эса уларнинг ҳадисларнинг зоҳирий маъносини олишларини, уларга кўркўрона амал қилишларини кўрсатади. 

Ислом оламининг кўзга кўринган муҳаддис олимларидан бири Ибн Ҳажар Асқалоний келтиришича, гуноҳ қилган мусулмонларни куфрда айблайдиган хорижия каби тоифалар юқоридаги ҳадисни ўз ғояларига далил сифатида ишлатганлар ва унинг зоҳирий маъноси билан чекланиб, намозни тарк қилувчиларни кофирликда айблаганлар[2].

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳаракат вакиллари, хусусан, Албоний ҳадисларни қабул қилишда уларнинг матнига эътибор қаратган ҳолда, уларда ўз таълимотларига зид мазмундаги ғоялар мавжуд бўладиган бўлса, ундай ривоятларни тўқима ҳадис деб даво қилади. 

Сохта салафийлик ҳаракати ақидавий қарашларининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири тавассул масаласида кузатилади. Аслида, тавассул (توسل (Аллоҳ таолонинг сифатлари, яхши амаллар, тирик ҳамда марҳум улуғ инсонларни восита қилган ҳолда Аллоҳдан бирор ҳожатни раво қилишини сўрашдир. Мусулмон олимлари барча даврларда инсон ўзи сўраган нарсасини берувчи ёлғиз Аллоҳ эканига эътиқод қилган ҳолда, тавассул қилиши жоиз эканини таъкидлаб ўтганлар. Бироқ бу масала борасидаги ихтилофни мусулмонлар орасига асосан сохта салафийлик тарафдорлари олиб кирган. Улар тавассулни ширк даражасига чиқариб, кўплаб саҳобийларнинг қабрлари ҳамда бошқа қадамжоларни вайрон қилиш ҳақида фатволар чиқарган. Ҳатто Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи вассаллам)нинг қабрларига тажовуз қилишни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Уларнинг бу борадаги қарашларини таҳлил қиладиган бўлсак, Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам) тириклигида у зот воситасида тавассул қилиш жоиз ҳисобланган бўлса, у зотнинг вафотларидан сўнг адашган тоифалар ушбу ишни қилишни ширк амаллар сирасига киритганини кўришимиз мумкин[3]

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу масалада салафийлик ҳаракати етакчилари ўртасида ҳам ўзаро ихтилоф мавжуд. Салафийлик оқими етакчилари тавассулнинг жоиз эмаслиги ҳақидаги қарашларига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирадилар.

“Аллоҳ ўзларининг пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳудийларни қатл қилсин!”. Салафийлик оқимининг ғоявий асосчиларидан бири Ибн Таймия Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам)дан қабрларни масжид қилиб олишдан қайтарилган кўплаб ҳадислар ривоят қилинганини таъкидлаб, бундай қилувчиларни лаънатлайди. Шунга биноан улар қабрларни зиёрат қилишни ҳаромга чиқариб, ушбу қарашларини асослашда мансух ҳадислардан ҳам фойдаланганлар. Бироқ Аҳлис-сунна вал-жамоа олимлари уларнинг тавассул борасидаги қарашларини инкор қилган ҳолда, Пайғамбар тавассул қилиш жоиз, деб хулоса қиладилар. 

Аҳлис-сунна вал-жамоа олимлари тавассулнинг жоиз эканига оятлар ва ҳадислардан қатор далиллар келтирганлар. Жумладан, салафийларнинг бу хусусдаги ботил қарашларига раддия сифатида қуйидаги ҳадисдан фойдаланганлар.

Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам)нинг олдиларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин!” деди. Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам): “Хоҳласанг, дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил, бу сен учун яхшироқдир”, дедилар. У киши: “Дуо қилинг”, деди. Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам) уни яхшилаб таҳорат қилиш ва ушбу дуони ўқишга буюрдилар: “Аллоҳим! Мен Пайғамбаринг Муҳаммад – раҳмат пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Мен ушбу ҳожатим раво бўлиши учун сизни васила қилиб, Раббимга юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил!”. 

Ушбу ҳадис Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам)ни васила қилиш жоиз эканига яққол далил бўлади. Айнан ушбу ривоятда келтирилган васила услуби кейинчалик саҳобийлар томонидан аксар ҳолатларда қўлланилган. Бу эса салафийлик тарафдорларининг Пайғамбар (солаллоҳу алайҳи вассаллам) вафотидан сўнг бундай қилиш жоиз эмас деган қарашлари нотўғри эканини кўрсатади. Зеро, манбаларда Умар ибн Хаттоб каби улуғ саҳобийлар ҳам тавассул қилган ҳолда Аллоҳга дуо қилганликлари зикр этилган. 

Юқорида берилган маълумотлар асосида шундай хулосага келиш мумкинки, сунний олимлар исломнинг дастлабки уч асрида яшаган шахслардан бошқаларга нисбатан “салаф” атамасини қўллаш мумкин эмаслигини таъкидлайдилар. Бугунги кунда ўзларини “салаф” деб атайдиган ҳаракат вакиллари аслида мутаассиблик ғояларга асосланган бўлиб, тор қарашлари билан ажралиб турадилар. Жумладан, улар ҳар қандай соҳадаги ижобий янгиликни ҳам бидъат деб ҳисоблайди. 

Сохта салафийлар ҳам бошқа замондош мутаассиб оқимлар каби ҳадислар маъносини ўз мақсадларига тўғрилаган ҳолда талқин қиладилар. Айнан битта ҳадисни баъзан саҳиҳ, баъзан заиф деб эътироф этиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса уларнинг ҳадислардан фақат ўз мақсадларига мослаштириб талқин этишларини кўрсатади. Шунингдек, улар қабр зиёратини ҳаром эканлигига оид қарашларида мансух ҳадислардан фойдаланганлар. Ушбу оқим фаолияти таҳлил қилинганда, уларнинг мужассима ва мушаббиҳа каби айрим адашган тарихий оқимларнинг йўлини тутган ҳолда муташобиҳ ҳадисларга нотўғри таъвил берганликлари намоён бўлади. Умуман, сохта салафийликда ҳадислардан фойдаланишда уларнинг фақат зоҳирига, кўр-кўрона, ҳеч қандай таъвилсиз эргашиш ҳолатлари кўп учрайди.

 

Азиз Тажиев, 
Имом Мотуридий халқаро 
илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари, (PhD)

 


 

[1] Имом Али Қори Ҳанафий. Шарҳ китоби-л-фиқҳи-л-акбар. – Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмия, 2007. – Б.57–58.

[2] Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳу-л-борий бишарҳи саҳиҳи-л-Бухорий. – ар-Риёд: Дор таййиба, 2005. – Ж.13. – Б.321-322.

[3] Ас-Салафия: ан-нашъа, ал-муртазакат, ал-ҳавия / Тадқиқотчилар гуруҳи. – Байрут: Маъҳаду-л-маъорифи-л-ҳикмия, 2004. – Б.31.

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry