16.04.2022
284

ИСЛОМ ТИНЧЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ДИНИ (1-қисм)

 

Ислом ўз моҳиятига кўра тинчлик динидир. У инсонларни тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафрлашга, турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг асосини ташкил этади. Аммо бугунги кунда динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб боришга интилаётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг чиркин фаолияти муқаддас ислом дини ва тинчликсевар мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Хўш, бузғунчи оқимларнинг жиҳод борасидаги қарашлари қай даражада асосли, жиҳоднинг моҳияти нимада?

Жиҳод сўзи арабча «жаҳада» феълидан олингани, «ғайрат қилмоқ», «ҳаракат қилмоқ», «интилмоқ», «зўр бермоқ», «бор кучини сарфламоқ», «курашмоқ», «меҳнат қилмоқ» каби маъноларни англатиши бугунги кунда кўпчиликка маълум. Диний истилоҳга кўра, жиҳоднинг нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мўътабар манбаларда етарлича тушунтиришлар берилган.

Дастлаб «жиҳод» мазмунида исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун қилинган саъй-ҳаракат, ғайрат қилиш маъноси тушунилган. Шу боис Макка даврида Пайғамбар (алайҳис-салом) ва саҳобийлар Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!», (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар. 

Кейинчалик, яъни Муҳаммад (алайҳис-салом) Маккадан Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг ислом дини ва мусулмонлар жамиятини ташқи душманлардан мудофаа қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, «Ҳаж» сурасининг 39-оятида: «(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир», дейилади. Бундан кўринадики, жангу жадал маъносидаги жиҳодга мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш мақсадида рухсат берилмоқда.

Таассуфки, ҳозирда жиҳод дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод, деб эълон қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Айниқса, экстремистик ва террорчи оқимларнинг мутаассиблик билан йўғирилган ғаразли мақсадлари йўлидаги босқинчилик урушини «жиҳод» деб эълон қилиши ва бу йўлда ўзини портлатган ва бошқа бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган кимсаларни «шаҳид» деб атаётганлари динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, ислом динида жон неъматига Аллоҳнинг энг буюк ва қадрли неъматларидан бири, деб қаралади. Бу неъматнинг қадрига етмаганларга улкан азоблар борлиги ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб кўрсатмалар келган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: Аллоҳ таоло марҳамат қилурки: "Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим»[1].

Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда ҳам шунга оид масала баён этилган. Унда айтилишича, «Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир»[2].

Юқоридаги ҳадислар фақат ўзини ўлдирган кимса ҳақида бўлса, ўзи билан бирга бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган шахсларнинг гуноҳи унданда оғирроқ бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай», (Нисо, 93).

Жиҳод ҳаракатини террор йўли орқали амалга ошираётган кимсалар ўз қилмишларини муқаддас ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки ислом халифалигини қуришга қаратилган амаллар, дея ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ Пайғамбар (алайҳис-салом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини ҳимоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.

Шу билан бирга Муҳаммад (алайҳис-салом) Маккадан Мадинага келганларидан сўнг қилган дастлабки ишларидан бири мусулмонлар жамоаси ва ҳудуддаги турли дин вакиллари ўртасида ўзаро тинч-тотув яшашни таъминлашга қаратилган шартнома тузиш бўлган. 622 йилда тузилган бу шартнома «Мадина саҳифаси» номи билан машҳур бўлиб, унда яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар ўзаро ҳурмат асосида яшаш, уларнинг ўз диний эътиқодини амалга оширишларига тўсқинлик қилмаслик, каби муҳим масалалар ўрин олган эди. Ислом дини ҳамма давр ва ҳар қандай вазиятда тинч-тотувликнинг барқарор бўлишидан манфаатдор бўлганини унинг тарихи ҳам намоён этади.

Давоми бор...

Шукрулло ЖУРАЕВ,

Имом Мотуридий халқаро 
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

 


 

[1]Саҳиҳи Бухорий, 3304-ҳадис.

[2] Саҳиҳи Муслим, 187-ҳадис.

Қўшимча малумот

Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолиятига чизгилар
Муаллиф: Аҳмад Саъд ДаманҳурийТаржимонлар: С.Абдуллаев, О.Икромбеков🗓 Сана: 2023📝 Ҳажми: 264 бет📖 Ушбу китоб мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийнинг Имом...
ЗАМОНАВИЙ ТАРИҚАТЧИЛИКНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАРАРЛАРИ
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп...
УЛАМОЛАР СОХТА CУФИЙЛИК ҲАҚИДА
Тарихан, инсон қалбини поклаш, уни руҳий-маънавий жиҳатдан юксалтиришни мақсад қилган тасаввуф таълимоти юртимизда кенг тараққий этиб келган. Тасаввуф йўлида риёзат...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry