09.04.2023
455

ФАРЗАНДГА ГЎЗАЛ ТАРБИЯ БЕРИШ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади: “Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”.

Шарҳ:

Фарзанд Яратганнинг буюк неъматидир. Шунинг учун муқаддас манбаларда бола жаннат инъоми сифатида тавсифланади. Жумладан, Муҳаммад (алайҳис-салом): “Болалар жаннат гулларидир”, яна бир ўринда “Болалар биз ҳидлайдиган жаннат райҳонларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири фарзандлардир. Турмуш қуришдан асосий мақсад ҳам насл давомийлигини таъминлаш, зурриёт қолдириш ва унинг камолини кўришдан иборат. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши биринчи навбатда ота-онага боғлиқ. Улар эса ишни, аввало, болага чиройли тарбия беришдан бошламоқлари даркор. Зеро, тарбия барча ҳикматларнинг аввалидир. 

Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.

Инсоннинг маънавий ва ақлий хислатларини, хусусан, унинг тарбиясини яшаган муҳити белгилайди. Яхши тарбия инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлса, нотўғри тарбия унинг учун  бахтсизликка, ҳатто ҳалокатга айланиши уқтирилади. Шунинг учун мактаб тарбиясидан ҳам олдин оила тарбиясига катта аҳамият берилади. Оилада тўғри йўлга қўйилган тарбия мактаб таълими учун катта мададдир ва аксинча, оилада тегишли тарбия ишлари олиб борилмаса, бу ҳолда мактабдаги таълим-тарбия ишининг самараси паст бўлиб қолаверади.

Абдулла Авлоний “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобида бундай келтиради: «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар”. 

Худонинг раҳмату файзи ҳама инсонга яксардур,

Ва лекин тарбият бирла етушмак шарти акбардур.

Туғиб ташлов-ла бўлмас бола, бўлғай бало сизға,

Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга.

Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим,

Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим.

Ёмонларга қўшилди Нуҳнинг ўғли, бўлди беимон,

Юруди Каҳф ити хўблар-ла бўлди оти инсон.

Ҳикоятда айтилишича, Миср подшоҳи Рум султони билан адоват биносини бузиб, дўстлик риштасини боғлади ва ўз ўғлига унинг қизини никоҳлаб берди. Бу икки давлат соҳиби бир-бири билан дўстлашганидан иккала мамлакат ҳам обод ва фаровон бўлди. 

Бир куни Миср подшоҳи Рум шаҳаншоҳига нома юбориб, унда: “Фарзандларимиз ҳаётимизнинг асоси ва тириклигимизнинг нишонасидирлар, бизлар вафот этганимиздан кейин ному нишонимиз ҳаётда улар орқали яшаб қолади. Мен ўғлим учун ажойиб, нафис матолар ва ҳисобсиз яхши от, туя ва бошқа ҳайвонлар, қуллар, кўшк ва иморатлар заҳира қилиб қўйдим. Сиз фарзандингизнинг келажаги учун қандай тадбир кўрдингиз?”, деб сўради.

Рум подшоҳи мактубни ўқиб, табассум қилди ва дедики: “Мол бевафо, ёру дилдор бебақодир, унинг ҳисобини қилмоқ не керак. Бу беш кунлик ўтар дунёда ўткинчи матоларга алданиш керак эмас. Мен фарзандимни адаб ва тарбия сарпоси билан ораста қилдим, яхши сифат ва одобларни унинг учун захира қилдим. Молга завол етади, аммо яхши хулқ, тарбия ўзгармайди ва йўқ бўлмайди”.

Миср подшоҳи бу сўзлар ростлигини тасдиқлабди. 

Ҳикоятдан ҳам кўринадики, фарзандларимизга мол тўплаш орзуси билан эмас, гўзал хулқ, таълим-тарбия бериш иштиёқи билан яшамоғимиз керак. Шундагина улар ҳам истаганимиздек одобли, саодатли, ватанпарвар, фидойи, ҳалол инсонлар бўлиб улғаядилар.

 

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry