11.04.2021
381

ДУНЁВИЙЛИК ВА ДИНИЙЛИК МАСАЛАСИГА ТАРИХИЙ  ЁНДАШУВ: Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи мисолида

 

Аннотация: Ўрта асрлар Ғарбида черковнинг илм-фан тараққиётига жиддий қаршилик кўрсатгани ва олимларнинг инквизиция қилингани ҳамда маърифатпарварлик ҳаракатининг ҳосиласи ўлароқ Ғарбий Европада ҳар қандай диндан безиш, динийликни бутунлай инкор этиш ғояси асосида атеизм, индифферентизм ва секуляризм ғоялари шаклланди. 

Диний қадриятларга нисбатан агрессив атеистик мафкура тузуми даврида дунёвийлик ва динийлик бир-бирига қарама-қарши қўйилди. Ҳозирда эса ривожланган демократик давлатларда бундай қараш тамомила ўзгарган. Секуляризм динийликка зид қўйилмайди, ҳеч бир эътиқод инкор этилмайди, балки ҳар қандай диний эътиқодга табиий-ижтимоий феномен сифатида қаралади, миллати ва фуқаролигидан қатъи назар барча учун виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган. 

Мусулмон Шарқида, хусусан, Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар дунёвий ва диний илм-фан соҳаларида, уларни бир-бирига зидлаб қўймай ижод қилиб асарлар ёздилар. Бу ижод маҳсули олимнинг яхлит бир онги, тафаккури, қалбининг ҳосиласи эди. Улар дунё илм-фанида устоз бўлишди, уларнинг ўлмас, завол билмас асарлари бугунги жаҳон илм-фани тараққиётига асосий замин бўлди.

Мақолада олимлар ижоди ва уларнинг асарларини илмий тадқиқ қилиш жараёнида аутентик ёндошув таклиф этилиб, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи мисолида таҳлил қилинади.

 

 

Дунёвийлик – бу даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний  кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламизАфсуски, бу ҳақиқатларни бугун ҳамма ҳам бирдек англамоқда, дея олмаймиз. Кимдир “дунёвийлик” шиори остида динни “қотиб қолган ақидалар ва эскилик сарқити”, деб талқин қилиб, ўз диний қадриятларига амал қилаётганларни мутаассибликда айбласа, яна кимдир “динийлик” шиори остида дунёвийликни “даҳрийлик”, деб талқин қилиб, дунёвий тамойилларга амал қилаётганларни динсизликда айблайди. 

Хўш, бу масала миллий тарихимизда, аждодларимизнинг бой, бебаҳо илмий меросларида қандай ўз аксини топган? Яъни, уларда дунёвийлик ва динийлик ўртасида “хитой девори” мавжуд эдими?

Ўрта аср мусулмон шарқи олимларининг муваффақияти сабабларидан бири улардаги диний ва дунёвий тафаккур уйғунлигидир. Буни нимада кўриш мумкин? Аввало, ўрта асрларда Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар ҳам диний, ҳам дунёвий илм-фан соҳаларида, уларни бир-бирига зидлаб қўймай ижод қилиб асарлар ёздилар. Чунки, бу ижод маҳсули олимнинг яхлит бир онги, тафаккури, қалбининг ҳосиласидир. Шу сабабли улар дунё илм-фанида устоз бўлишди, уларнинг ўлмас, завол билмас асарлари бугунги жаҳон илм-фани тараққиётига асосий замин бўлди.

Аслида илмни диний ва дунёвий деб тасниф қилиш шартли бўлиб, улар икки қарама-қарши томон эмас, балки бир бирини тўлдирувчидир. Маълумки, Қуръон тафсири, ҳадис, ақида (калом), фиқҳ, тасаввуф кабиларни диний илм деб;  кимё, физика, математика кабиларни эса дунёвий фан деб ажратиш кейинги даврда урф бўлди. Бироқ ҳар иккаласида ҳам асосий бош мақсад инсон манфаати бўлиб, жамият тараққиёти масалаларини ўз ичига олган.

Дин социопсихологияси мутахассислари томонидан жамиятдаги динийлик ва дунёвийлик муҳити илмий таҳлил ва тадқиқ этилса, муайян илмий асосланган хулосалар ва тавсиялар берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аввало, турли динларнинг таълимотларидаги динийлик ва дунёвийликка бўлган муносабатни ҳамда илмлар таснифини кўриб чиқсак.

Жануби Шарқий Осиё диний таълимотларига кўра дунё инсон руҳига нисбатан гўё қафас мисоли тасвирланиб, у барча мусибатларнинг сабабчиси, деб талқин этилади. Инсон нирванага – абадий сокинлик роҳатига етишиш учун ўзини кўпроқ қийнаши, танасини уқубатга қўйиши, дунёдан, ундаги барча лаззатлардан воз кечиши талаб этилади.

Ўрта асрлар ғарбида черковнинг ҳокимиятни эгаллаб, илм-фан тараққиётига жиддий қаршилик кўрсатиши, олимларнинг инквизиция қилиниши, кейинчалик, маърифатпарварлик ҳаракати ҳосиласи ўлароқ ғарбий европада ҳар қандай диндан безиш, динийликни бутунлай инкор этиш ғояси асосида атеизм, индифферентизм, секуляризм ғоялари шаклланди. 

Собиқ совет иттифоқи давридаги динга агрессив атеистик ҳужум натижасида дунёвийлик динийликка қарама-қарши қўйилди.

Ҳозирда ривожланган демократик давлатларда эса, бундай қараш тамомила ўзгарган. Секуляризм – дунёвийлик динийликка зид қўйилмайди, ҳеч бир эътиқод инкор этилмайди, балки ҳар қандай диний эътиқодга табиий-ижтимоий феномен сифатида қаралади, миллати ва фуқаролигидан қатъи назар барча учун виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган. 

Ислом дини манбаларида “диний ва дунёвий” илм ёки динийлик ва дунёвийлик тарзида эмас, балки “дунё ва охират” тушунчалари кўпинча ёнма-ён учрайди ҳамда дунё ва охират ҳаёти ёки неъматининг тури жиҳатидан таснифланиб, “дунёвий ва ухровий” тарзида турланади.

Бунда диний ва дунёвий турга эмас, балки бу дунёдаги ҳаёт ва ундан кейинги охиратдаги ҳаёт тўғрисида бўлиб, замон ва макон жиҳатидан таснифланади, ўзаро зидланмайди. 

Масалан, Бақара сурасининг 200-201-оятларида: Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин», – дейдир.” Зуҳо сурасининг 4-оятида: Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир.”  Аъло сурасининг 16-17-оятларида: “Балки  дунё ҳаётини афзал кўрарсизлар? Аммо охират яхши ва боқийдир.”

Ҳадисларда таъкидланишича, «Ким дунёни хоҳласа тижорат қилсин, кимки охиратни хоҳласа зоҳид бўлсин ва кимки иккисини ҳам хоҳласа илм билан шуғуллансин». “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ (илмли) қилиб қўяди”. “Дунё ишларингизда ўзингиз илмлироқсиз”. Исломда тарки дунё қилиш йўқ”.

Ҳадисларда баён этилган дуоларда “динда, дунёда ва охиратдаги афв-офиятни” сўраш, истихора дуосида “диним ва дунёимда яхшилик бўлса” каби иборалар қўлланган. Шунингдек, “фойдали ёки ладуний илм” сўралиб, “бефойда илм”дан эса, паноҳ сўралган.

Мазкур ҳадис ва оятларда ё дунё, ё охиратдан бирини танлаш, иккинчисини тарк этиш таклиф этилмай, балки категориялаштирилиб афзаллиги баён қилинмоқда.

Шунингдек, ихтиёрий ёки  мажбурийлиги жиҳатидан ҳам фарзи айн илм (барчага мажбурий) ва  фарзи кифоя илм (барчага ихтиёрий, айримларга мажбурий) шаклида ҳам таснифланади. Масалан, тиббиёт илми – фарзи кифоя илм, яъни барчага ихтиёрий, аммо табиб учун эса фарзи айн, яъни мажбурийдир. Шу каби, ибодат ва шахсий-ижтимоий муносабатларга оид бошланғич билимларни билиш барча учун минимал зарурий (фарзи айн) бўлиб, чуқур билимга эга бўлиш эса ихтиёрий (фарзи кифоя). Аммо, шу соҳа мутахассисларининг пухта билимга эга бўлишлари максимал зарурий (фарзи айн). Демак, табиб учун тиббиёт илми иккинчи даражали шунчаки “дунёвий” эмас, балки диний талаб ҳамдир.

Шарқ алломаларининг илмларни турлаш, таснифлаш борасидаги асарларига ҳам бир назар солсак. Жумладан, ФоробийнингҲудус ал-улум” (Илмларнинг келиб чиқиши), Хоразмийнинг  “Мафотиҳ  ал-улум” (Илмлар калитлари) ва Ибн Синонинг “Ақсом ал-улум ал-ақлийя” (Ақлий илмларнинг қисмлари). Абу Наср Форобий (870-951) мазкур асарида таъкидлашича, барча илмларнинг келиб чиқиши қуйидагича жавҳар ва аразга, яъни субстанция ва акциденцияга нисбатан бўлган муносабатга боғлиқ.

  1. Сонлар илми – арифметика             (субстанциянинг бўлиниши)
  2. Ўлчов илми – геометрия                    (субстанция шаклини ўлчаш)
  3. Юлдузлар илми – астрономия         (субстанция ҳаракатини қиёслаш)
  4. Товушлар илми – мусиқа                   (субстанциянинг овози)
  5. Табиат илми – физика, кимё            (субстанциянинг ўзгариши)
  6. Илоҳиёт илми

Буларни англаш учун

  1. Луғат илми 
  2. Грамматика 
  3. Мантиқ илми
  4. Шеърият илми (ABU NASR FOROBIY., 2016:269)

“Илмларнинг энг кескин бўлиниши қуйидагича: 

1) осмон ҳақидаги илм;

2) осмон остидаги нарсалар ҳақидаги илм;

3) осмондан ташқарида бўлган нарсалар ҳақидаги илм (ABU NASR FOROBIY., 2016:278).” 

Абу Абдуллоҳ Ал-Хоразмий (Вафоти 997) мазкур асарида илмларни қуйидагича таснифлайди: I. Араб илмлари: фиқҳ, калом, грамматика, иш юритиш, шеърият, тарих.

II. Араб бўлмаган илмлар: назарий ва амалий фалсафа

2.1. Назарий фалсафа:

2.1.1.  Қуйи илм – тиббиёт ва табиат (медицина, метеорология, минералогия, кимё, физика);

2.1.2.  Ўрта илм – риёзиёт (арифметика, геометрия, астрономия, мусиқа);

2.1.3. Олий илм – илоҳиёт;

2.1.4. Мантиқ.

2.2. Амалий фалсафа:

2.2.1. Ахлоқ  (одамни бошқариш);

2.2.2. Рўзғор            (оилани бошқариш);

2.2.3. Сиёсат           (мамлакатни бошқариш). (BAHODIROV R., 1995:144)

Шунингдек, Ибн Сино (980-1037) ҳам ўзининг мазкур асарида ҳам ўз даври анъанасига кўра ҳудди Хоразмийдек тасниф қилади ва уларни “ақлий илмлар” деб номлайди (BAHODIROV R., 2012, 1:14). Чунки,  илмларни “нақлий ва ақлий” деб таснифлаш ҳам мавжуд эди. VIII-IX асрларда исломий илмлар (нақлий илмлар) билан бир қаторда, аниқ фанлар (ақлий илмлар) ўқитилар эди.

Шунингдек, Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий (в.1111) томонидан илмлар шаръий-маҳмуд (мақталган) ҳамда ношаръий: маҳмуд (мақталган) ва мазмум (қораланган) деб тасниф қилган. (ХIDIRALIYEV H., 2019:18)

Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Шамсиддин Муҳаммад Ҳавофий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Алоуддин Али Қушчилар аниқ фанлар (илми ақлия) дан дарс берганлар. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, адабиёт ва тилшуносликдан Фазлуллоҳ Абулайсий, Абулқосим Самарқандий, Абдураҳмон Жомийлар дарс берганлар (DOLIMOV U, 19.12.2016).

Демак, мусулмон шарқида диний ва дунёвий илм ёки динийлик ва дунёвийлик асосидаги ҳаёт тарзи ўзаро ажратилмаган, ўртасига тўсиқ қўйилмаган, бир-бирига зидланмаган. Балки уйғун шаклда, бир бутун яхлитлик шаклида талқин этилган даврларда илм-фанда ҳам, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда ҳам доимо юксалиш бардавом бўлгани тарихий ҳақиқатдир.

Бугун олимлар ижоди ва уларнинг асарларини илмий тадқиқ қилиш жараёнида аутентик ёндошувни асос қилиб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Хўш, бу қандай ёндошув? 

  Маълумки, бирор тарихий давр ёки шахс ҳақида тадқиқот қилинганда ўша давр кўзи билан қараш, ўша шахс қарашларини ўз даври муҳити нуқтаи назаридан ўрганиш объектив хулосалар чиқаришга имкон беради. Мана шундай ёндошув ҳозирда ғарб тадқиқотларида кўп учрайдиган инглизча “authentic” (асл, оригинал, ишончли) деб юритилмоқда. 

  Марказий Осиё ҳудудларига ислом дини кириб келиши билан нафақат эътиқод, балки бутун ислом маданияти, маърифати, илм-фани, бир сўз билан, янги цивилизация ривож топди.

  Мусулмон шарқида VIII-X асрлар илм-фан тараққиётининг энг гуллаган босқичи бўлган бўлса, кейинчалик ўрта асрларда, айниқса, темурийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда илм-фан тараққиёти янги ривожланиш палласига кўтарилди (PALVANOV O’., 2019:2). 

  Афсуски, собиқ иттифоқ тузуми даврида алломаларимиз ҳаёти ва ижоди, тарихий фактлар бузиб, ҳақиқатдан йироқ тарзда талқин қилинди.

  Масалан, темурийлардан Мирзо Улуғбек номи диндан юз ўгириб, илм-фан билан шуғуллангани учун реакцион уламолар томонидан тазйиқ ва таъқибга учраган, охири ҳажга юбориш баҳонасида машҳур тасаввуф шайхи Хожа Аҳрор Валий “иғвоси” натижасида ўлдиртириб юборилган ҳукмдор сифатида талқин қилиб келинди.

  Академик Аҳмадали Асқаров шундай ёзади: “Улуғбек шахсий ҳаётида ҳам, сиёсий фаолиятида ҳам ислом дини ақидаларига ёпишиб олган ўз отаси Шоҳрухдан тамомила бошқача йўл тутди. Шоҳрух Ҳиротда дин пешволари билан ўралашиб қолган, ҳар ҳафтанинг жума куни мунтазам равишда масжидга бориб номоз ўқиган, ман этилган базмларни қаттиқ таъқиб қилган бир шароитда Улуғбек Самарқандда олимлар ва шоирлар доирасида бўлиб, кўпинча дин ақидаларига зид иш қилар эди” (ASQAROV A., 1971. 1:219).

  Темур ва Улуғбекнинг Қуръони каримни тўлиқ ёд олгани, фиқҳий ҳукм чиқара олиш даражасида яхши билгани маълум. Художўй ҳукмдор Шоҳрухнинг фарзанди Улуғбек даҳрий бўлиши мумкин эмас (AHMAD MUHAMMAD, 2018).

  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай ёзган эди: “Кечагина “Улуғбек Исломга бутун вужуди билан қарши бўлган, у “дин тумандек тарқалиб кетади”, деб айтгани учун золим Хожа Аҳрор бошлиқ жоҳил руҳонийлар унинг ўлимига сабаб бўлганлар” деб, “илмий ҳақиқат” ни турли восита, ҳатто бадиий асарларда тарғиб қилаётганлар бугун “Улуғбек чин мусулмон бўлган, Қуръонни яхши ёд билган, фиқҳни  аъло даражада ўзлаштирган”, дейишмоқда” (SHAYX MUHAMMAD SODIQ, 2000:51-52). 

  Мовароуннаҳрнинг атоқли тарихчиларидан Мирхонднинг “Равзатус-сафо” (Покиза боғ) асарида Улуғбекнинг комил мусулмон бўлгани, шаръий аҳкомларни оғишмай бажаргани, диний уламоларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатгани батафсил очиб берилган.

1964 йилда Мақсуд Шайхзода сценарийси асосида тасвирга олинган “Улуғбек юлдузи” фильмида Мирзо Улуғбек (1394 - 1449) ва Али Қушчининг (1403-1474) илмий фаолиятини ёритишда уларнинг буюк олим, астроном ва математик бўлгани, шунингдек, атеистик мафкурага “бўйсунтирилиб”, даҳриёна фикрлаган, динга қарши бўлган, атрофдаги диндорлар эса дунёвий илм-фанга қарши ўта консерватив ва тараққиётга бутунлай қарши бўлган қилиб бўрттириб кўрсатилган. 

            Нафақат кино саноатида ва ёзма асарларда, ҳатто илмий тадқиқотларда ҳам ўрта асрлардаги илм – диний ва дунёвий, яъни, бири агрессив, “салбий” – тарққиётга қарши, иккинчиси эса аксинча прогрессив, “ижобий” – таррақиётга чорлайдиган илм шаклида таснифланган. Дунёвийликка муқобил равишда диндор ва дин пешволари мутаассиб тарзда талқин этилган. Бинобарин, бундай бирёқламаликнинг ўзини ҳам мутаассибона ёндошув, деб баҳолаш мумкин. Мақсадимиз тарихга “тош отиш” эмас, балки бу каби нохолис, субъектив ёндошувларга чек қўйиб, аутентик ёндошув асосида асл манбаларга эътиборни қаратишдан иборат.

            Тарихий фактлар мазкур фильмнинг сценаристи ва режиссёрига маълум бўлган, аммо давлат мафкураси анча кучли экан, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва унинг атрофидаги олимлар атеистик мафкура шаклида тўқилган афсоналарга ўраб кўрсатилди. 

            Бу ўтмишда табиий ҳол эди. Ундан сабоқ олишимиз учун уни нафақат танқид, балки англаб етишимиз мақсадга мувофиқдир. Айнан шундай ёндошув ва талқинларнинг бизгача етиб келган бугунги асоратларига эътибор қаратсак. Бу эса, тарихий даврдаги вазият замонавий илмларни таснифлашда ва тавсиф этишга таъсир этаётганини кўрсатмоқда.     Шу жойда ҳақли саволлар туғилади:

  1. Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи илмларни биз каби “дунёвий” ва “диний” деб тасниф этганми ёки буларни умуман фарқламаганми ёки ажратган бўлса ҳам, орасига бугунги каби улкан “девор” ясаганми? 
  2. Бугунги тадқиқотларда гап айнан ўрта аср ҳақида кетаёганини унутиб қўймаяпмизми? 
  3. Таснифларни айнан ўша даврдаги тушунчалар асосида, яъни илмий истилоҳ билан айтганда, аутентик тарзда тушунаяпмизми? 
  4. Ахир, аллома ижоди – унинг яхлит бир тафаккурининг маҳсули эмасми? Наҳотки, “дунёвий” ва “диний” мавзудаги асарлар мотивацияси бутунлай айро бўлса?

            Энди мана шу каби саволларга Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи мисолларида жавоб изласак.

            Мирзо Улуғбек ва унинг шогирди, “фарзанди аржуманди” (шундай атаган) Али Қушчи каби у билан расадхонада фаолият юритган олимлар тараққийпарвар инсонлар эди. Зеро, улар нафақат астрономия, математика ва бошқа табиий фанлар, балки ислом илмлари билан ҳам шуғулланган. (MAKHSUDOV, 2019:31)

            Тарихий фактларга мурожаат қилсак, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда Улуғбек 3 та мадраса барпо этган. Уларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилган. Самарқандда 1417-1420 йилларда қурдирган (таркибида масжид ҳам бўлган) ушбу мадраса Марказий Осиёда бугунга қадар сақланиб қолган энг қадимги ўқув юртларидан бири. Унда Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва бошқа йирик олимлар дарс берган. Ушбу мадраса рўбарўсида тасаввуф аҳллари учун бир хонақоҳ ҳам қурдирган. Ҳозирда унинг ўрнида Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир 1619-1636 йилларда қурдирган Шердор мадрасаси жойлашган. 

            Абдураззоқ Самарқандий маълумотига кўра, унинг очилиш маросимида Мирзо Улуғбек ўзи шахсан иштирок этиб, ўқиган биринчи маърузаси айнан калом илми масалаларига бағишланган эди. Бу – фильмнинг 4 дақиқалик лавҳасида ҳам ўз аксини топган ва атеистик талқин қилинган.

            Мусулмонлар оммасига мурожаат қилар экан, Улуғбек ислом таълимотидаги ақидавий масалалардан бўлмиш қазо ва қадар, адолат, банданинг амалига оид қуйидаги саволларни ўртага ташлайди ва уларни ўзи изоҳлайди, Қуръони каримдан асословчи далил келтиради. Жумладан,

  1. Инсон асл ҳақиқат қонунияти билан яшаши керак эмасми?
  2. Инсон бурчи – бу меҳнат қилиб, самарасини кўришдан иборат  эмасми ?
  3. Мусулмон ўткир назар ва сезгир эшитиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Акс ҳолда дунёни англаб, неъматларидан баҳраманд бўла олмайди.
  4. Барча тирик нарса доимий ривожланиш ва ҳаракатдадир. Демак, инсон ақли ҳам бир жойда туриб қолмай, ўзгариб боради. Шунинг учун  Қуръонни ақл ила идрок қилмоқ даркор, бирёқлама талқин қилиш мумкин эмас. Халқлар, қудратли давлатлар, уларнинг ҳукмдорлари, инсоният қонуниятлари, ҳатто осмондаги юлдузлар ҳам, барча нарса ҳаётда ўзгариб боради. Ҳақиқатга ҳеч бир ёлғон хавф сола олмайди. (Қаранг: “Улуғбек юлдузи” фильмидан, 63-дақиқа.)

            Мазкур тарихий факт Улуғбекнинг ислом илмларидан ҳам хабардор бўлганини кўрсатади. Қуйидаги маълумот эса, нафақат хабардор, балки чуқур англаганинидан далолат беради.

            Улуғбекнинг устозларидан бири Ғиёсиддин Жамшид Коший (в.1429) Самарқанддан Кошондаги ўз отасига 1417 йилда ёзган мактубида Улуғбекни шундай таърифлайди:

            «Аллоҳга ва неъматларига кўп шукрлар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори ислом подшоҳи донишманд кишидурлар. Мен­ бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у кишим Қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан би­ладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақли­­­да сақлайдилар ва ёддан би­ладилар... Араб тилининг наҳв ва сарфини яхши била­ди­лар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у ки­шим фиқҳдан анча хабар­дор­лар: мантиқ, маъно­лар­нинг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар”.

            Нима учун Улуғбек айнан астрономияни чуқур ўрганишга бунча ғайрат қилди? Аввало, унинг болалигида бобоси Амир Темур осмонга қараб, Зуҳро юлдузини кўрсатиб, “бу сени юлдузинг”, деб айтганидан сўнг унда қизиқиш уйғонган. Юнон файласуфларининг астрономияга оид асарларидан, кейинчалик, Румий ва Кошийлардан таъсирланган. Энг асосийси, Қуръони каримнинг Раъд, Ёсин, Раҳмон, Назиъат, Ториқ ва Буруж каби сураларидаги кўплаб оятларда осмон ҳамда юлдуз, қуёш, ой каби осмон жисмлари ва ер, уларнинг тузилиши, ҳаракати ҳақидаги маълумотлар Улуғбекка таниш бўлган. Демак, ушбу оятлар тафсирини англаш орқали осмон жисмларини илмий тадқиқ этишга муваффақ бўлган.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида Улуғбекнинг Самарқандда муҳташам мадраса ва жомеъ масжиди қурдиргани ҳақида ёзган.

            “Бобурнома”да келтирилишича, Улуғбек мадрасасининг жанубида “Муқаттаъ” номли бир масжид ҳам солган, унга ўз даврининг улуғ олими Қозизода Румийни бош мударрисликка тайинлаган, ушбу мадрасада дарс бериш учун Кошоний, Али Қушчи каби забардаст олимлар таклиф этилган. 

             Хожа Аҳрор “тараққиёт душмани”, “Улуғбекка қарши чиққан шахс”, “реакцион дин арбоби” сифатида ва Улуғбекнинг ўлдирилишида айбланган. Буни дастлаб академик Бартольд бошлиқ шарқшунослар бошлаб берган бўлса, кейинчалик ўзимиздан чиққан Қори-Ниёзий давом эттирган. 

            Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан Каттахонхожа Даҳбедий (1868 – 1969) қарши чиққан ва Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбариятига хат ёзган ҳамда академик Қори-Ниёзий жуда катта тарихий хатога йўл қўяётганини изҳор этган.

            Хожа Аҳрор ва Мирзо Улуғбек бир-бирлари билан учрашишмаган. Хожа Аҳрор халққа танилганидан кейин Самарқандга биринчи марта 1450 йилда келган. Бу пайтда Улуғбек ва Абдуллатиф вафот этган эди. Шу далилнинг ўзи ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Улуғбек фожиасига умуман алоқалари бўлмаганини исботлаб турибди.

Яна бир катта инсофсизлик шуки, айримлар Улуғбекнинг қатлини унинг обсерватория қурдиргани, астрономия билан шуғулланганига боғлашади. Бу даъвода ҳам ҳеч бир асос йўқ! Ислом илм-фанга, тараққиётга зид эмас. Мусулмон оламида Улуғбекдан олдин ҳам, кейин ҳам фалакиёт билан шуғулланилган, расадхоналар қурилган. Энг қизиғи, Хожа Аҳрор қурдирган ва Сўзангарон кўчасида жойлашган мадрасанинг деворига туташ ҳовли Улуғбекнинг энг яқин шогирди Али Қушчига тегишли бўлган. 

Хуллас, узоқ йиллар мобайнида Мирзо Улуғбекка ноҳақ тақилган даҳрийлик тамғасини олиб ташлаш учун исбот-далил ахтариб юришнинг ҳожати ҳам йўқ. Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Абдурраззоқ Самарқандий, Абу Тоҳирхожа, Муҳаммад Ҳайдар, Хондамир каби инсофли тарихчиларимизнинг асарларига холис мурожаат қилинса, кифоя!

Мирзо Улуғбекнинг издоши Али Қушчи (1403-1474) ҳам Шарқ-у Ғарбда нафақат математик ва астроном сифатида танилган олим, балки илм-фан соҳасининг турли йўналишларида салмоқли ижод қилган, тадқиқот ва таълим соҳасида назарий ва амалий жиҳатдан самарали фаолият юритган том маънодаги қомусий алломадир. У араб ва форс тилларини мукаммал билган, уларда ўз замонасининг деярли ҳамма фанлари бўйича қалам тебратган зукко олим бўлган (OKILOV., 2019:2). 

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаларидан бири – “жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини чуқур очиб бериш” дан иборатдир.

            Али Қушчи 1474 йилда оламдан ўтган ва Истамбулдаги машҳур ва мўътабар саналган Абу Айюб Ансорий қабристонига дафн этилган. Кириш қисмида мармар тошга «Али Қушчи – илм инсони» сўзлари ўйиб ёзилган.

Али Қушчининг ҳаётини ёритишда у яшаган даврдаги илмий ва сиёсий муҳит борасида сўз юритиш муҳимдир. Бунда қуйидаги жиҳатлар ойдинлашади:

• Али Қушчи ҳамда ўз замонасидаги амир ва султонлар ўртасидаги алоқалар;

• Амир ва султонларнинг олимларга, хусусан, Али Қушчига бўлган муносабати;

• Сиёсатнинг илм ва олимларга бўлган таъсири.

 Ушбулар хусусида сўз юритиш асносида ҳукмдорларнинг ижобий сиёсати билан олимлар фикрий-ғоявий акс-садосининг кўлами маълум бўлади.

Қайси олим инсон қандай ҳукмдор билан яшаб, ижод қилиб, асар ёза олади? Қуйида икки мисол:

1) Илм-фанга ва тадқиқотчи олимларга  шижоат ва рағбат, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатган Мирзо Улуғбекдек ва Султон Муҳаммад Фотиҳ иккинчи каби ҳукмдорлар мисоли.

2) Илм ва олимларга эътибор ҳам бермай, балки уларга қаршилик кўрсатиш позициясида (мавқифида) бўлган Абдулатиф (Улуғбек ўғли) каби ҳукмдорлар мисоли.

Мазкур икки мисол Али Қушчи ҳаёти билан боғлиқ эди. Унга катта таъсир кўрсатган, ҳаётида чуқур из қолдирган ушбу давр хусусида сўз борар экан, Али Қушчининг илмий салоҳиятига темурийлар ва усмонийлар даври маданияти қандай таъсир кўрсатганлиги намоён бўлади. 

1.  Али Қушчи яшаган давр ва икки давлат

2.  Али Қушчининг илмий салоҳиятига давр маданиятининг кўрсатган таъсири.

Али Қушчи яшаган даври 3 босқич:

1) Темурий ҳукмдорлар соясида Самарқанддаги ўсмирлик ва ёшлик даври.

2) Мовароуннаҳрда темурийзодалар ўртасидаги сиёсий беқарорлик даври.

3) Усмонийлар давлати соясида Султон Муҳаммад Фотиҳ иккинчи даври.

Али Қушчи аниқ, табиий ва ижтимоий фанларга оид асарлар билан бир қаторда тафсир, фиқҳ ва ақоид (калом) каби ислом илм-фанларига оид асарлар ҳам ёзганлиги ҳақида манбаларда, оз бўлса-да, баъзи маълумотлар келтирилган. Унинг ҳозирга қадар маълум бўлган жами 30 га яқин асарларини мазмунан уч соҳавий гуруҳга таснифлаш мумкин: аниқ фанларга, мантиқ ва тилшуносликка ҳамда ислом илмларига оид асарлари.

            Али Қушчи ҳам ашъарий, муътазила ва шиалик ақидасига, ҳам ҳанафий фиқҳига оид турли мазҳабга доир, машҳур катта олимлар асарларига шарҳ ва раддиялар ёзган. Ақида, тафсир ва фиқҳ каби ислом илмлари ҳамда мантиқ, аниқ ва табиий фанларга оид фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар қилгани, унинг нақадар ҳар томонлама забардаст аллома эканидан далолат беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, забардаст алломалар ижодини кузатар эканмиз, унда илм турларини таснифлашдан кўзланган мақсад улар ўртасини ажратиш ва зидлаш бўлмаганининг гувоҳи бўламиз. Бугун диний ва дунёвий, дея аталиб, баъзан ўзаро зид қўйилаётган билимлар уйғун ҳолда ўрганилса, таълим бериш такомиллаштирилса, жамият учун манфаатли ҳар қандай илмни Яратганнинг инсониятга инъоми ва яхлит ирфон ҳосиласи деб билган Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи каби алломаи замонлар яна яқин истиқболда наслимиздан чиқса, не ажаб...! Зеро, дунёвийлик – даҳрийлик эмас, динийлик – мутаассиблик эмас.

Қўшимча малумот

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИНИНГ ЖАМИЯТ МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ
Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки...
ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ АНГЛАШ УЧУН ҲАДИСГА ТАЯНИШДАН ЎЗГА ЙЎЛ ЙЎҚ
Қуръони каримда дин ишларидан айримлари очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, айримлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари орқали ёритиб берилган. Аллоҳ таоло: “Сизга эса...
ҲАҚИҚИЙ МЎМИН ЎЗИ ЯХШИ КЎРГАН НАРСАНИ БОШҚАЛАРГА ҲАМ РАВО КЎРАДИ
Бир ҳадис шарҳиИмом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидаги ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Ўзи яхши кўрган нарсани...

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар

Мы в соц сетях

Алоқа

Телефон:
Е-маил:
Манзил:
©2024 All Rights Reserved. This template is made with by Cherry