Қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан франциялик исломшунос олим Карим Ифрак иштирокида онлайн илмий-семинар ташкил этилди.
Мазкур онлайн илмий-семинарда исломшунос олим Карим Ифракнинг “Қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш” мавзуидаги маърузаси тингланди.
Семинарда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари билан бир қаторда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Семинар давомида Карим Ифрак Абу Мансур Мотуридий илмий меросини ўрганиш бўйича узоқ йиллар давомида олиб борган тадқиқотлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, мотуридийлик таълимоти мўътадил таълимот эканлигини, уни кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
-“Имом Мотуридий ўз асарларини ёзиш жараёнида ақл ва нақл масалаларига алоҳида эътибор қаратган, унинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари тафсир илми ривожида беқиёс аҳамиятга эга, “Тавҳид” асари эса ақидавий муаммоларни ҳал этишда муҳим қўлланма вазифасини бажаради”, - деди Карим Ифрак.
Олимнинг таъкидлашича, бугунги даврда аллома қаламига мансуб асарлар ёки аҳли сунна вал жамоа ақидасига тегишли бошқа манбалардан халқаро жамоатчиликни, хусусан, ёшларни бохабар қилиш лозим. Бу борадаги тадқиқот ва тарғибот ишларини янада кучайтириш орқали ақидада адашган тоифаларга етарлича манбаларга асосланган раддияларни бериш мумкин.
Онлайн семинар олимларнинг ўзаро илмий мунозараларига бой бўлди. Олимлар келгусида бундай форматдаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Izohlar